Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кардиохирургиянинг ноёб ютуқлари ҳудудлардаги даволаш муассасалари фаолиятида ҳам ўз ифодасини топмоқда
18:25 / 2019-08-29

Бугунги кунда мамлакатимиз кардиологияси жаҳон илм-фани билан ҳамқадам одимламоқда. Қувонарлиси, жаҳон илм-фани янгиликлари бўлган ноёб операциялар нафақат пойтахтимизда, балки вилоятлардаги кардиология муассасаларида ҳам амалга оширилаётгани эътиборга молик.

Бугунги кунда мамлакатимиз кардиологияси жаҳон илм-фани билан ҳамқадам одимламоқда. Қувонарлиси, жаҳон илм-фани янгиликлари бўлган ноёб операциялар нафақат пойтахтимизда, балки вилоятлардаги кардиология муассасаларида ҳам амалга оширилаётгани эътиборга молик.

Жумладан, ўтган йилнинг декабрь ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қарши филиали ўз фаолиятини бошлаган эди. 120 ўринга мўлжалланган мазкур марказда реабилитация ва юрак ишемик касалликлари, сурункали юрак етишмовчилиги ва аритмология, артериал-гипертензия, рентген-эндоваскуляр жарроҳлик, кардиожарроҳлик, қабул-диагностика каби бўлимлар, кунлик 100 қатновга мўлжалланган замонавий поликлиника фаолият юритмоқда.

Филиалнинг кадрлар салоҳияти ҳам жаҳондаги нуфузли клиникалардан қолишмайди. Бу ерда маҳаллий шифокорлар билан бир қаторда, Россия, Германиядаги етакчи тиббиёт муассасаларида фаолият юритган етук олимлар ва тажрибали мутахассислар иш олиб бораяпти. Хусусан, узоқ йиллар А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир хирургия марказида фаолият юритган тиббиёт фанлари номзодлари Хуршид Фозилов, Олег Пўлатов, Берлин университетининг Шарите клиникаси малакали шифокори Адҳам Жалилов каби ватандошларимиз юртимизга қайтиб, ушбу марказда халқимизга замонавий тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Уларнинг меҳнатлари давлатимиз томонидан ҳам юксак қадрланмоқда. Жумладан, куни кеча малакали кардиолог Хуршид Фозилов Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан Президентимиз Фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан мукофотланди.

– Ушбу мукофот мен ва мен каби ҳамкасбларим фаолиятига бўлган юксак баҳо, деб ҳисоблайман, – дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қарши филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Хуршид Фозилов. – А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир хирургия марказида етти йил ишлаганман. Ўзбекистонга келиб бу ерда тиббиёт соҳасида яратилган замонавий шароитларни кўриб, тўғриси, жуда ҳайратландим. Айниқса, филиалимиздаги имкониятлар дунёнинг тараққий этган тиббиёт марказларидан асло қолишмайди. Шу туфайли бу ерда жаҳон тиббиётидаги энг мураккаб амалиётлар муваффақиятли бажарилмоқда. Келгусида тиббиётимизнинг бундай ютуқларини янада ривожлантиришга муносиб улуш қўшишни асосий мақсад қилганмиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, айни пайтда марказда ойига стационар шароитда 400 нафар беморга тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Шунингдек, амбулатор шароитда мурожаат қиладиган кунлик қатновлар сони 100 нафардан зиёдни ташкил этади. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 800 нафарга яқин беморларга юқори технологияга асосланган тиббий ёрдам кўрсатилган. Жумладан, 500 нафарга яқин беморда коронароангиография, 120 нафар беморда коронар қон томир ва уйқу артерияларни стенлаш, 100 нафардан ортиқ беморда аортокоронар шунтлаш, 50 нафардан зиёд беморда доимий электрокардиостимулятор ўрнатиш ва орттирилган юрак нуқсонларида клапанларни протезлаш каби энг мураккаб кардиохирургик амалиётлар муваффақиятли амалга оширилди.

Ушбу ютуқлар халқимизга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш баробарида, тиббиёт туризмини ривожланишга ҳам ҳисса қўшади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими