Шу кунларда пойтахтимиздаги "Олимпия шаҳарчаси"да Ўзбекистон каратэ WKF ассоциацияси ҳакамлари ҳамда мураббийлари учун халқаро семинар машғулотлари ўтказилмоқда.
Осиё каратэ федерацияси бош ҳаками Мансур Ал-Султан, ҳакамлар комиссияси аъзоси Жабер Муҳаммад Алзааби ва халқаро тоифадаги ҳакам Молдагали Аскар иштирокида ўтказилаётган семинар машғулотларида юртимизнинг турли спорт мактаблари ва секцияларида ёшларга каратэ машғулотларини ўтаб келаётган мураббийлар, мусобақаларни бошқаришда қатнашиб келаётган ҳакамлар ва каратэ мутахассислари қатнашмоқда.

Амалий ва назарий машғулотлар давомида халқаро спорт майдонида, хусусан каратэ йўналишидаги ўзгаришлар, мусобақалар ва спортчиларнинг ҳаракатларини баҳолашда коммуникация тизимларидан фойдаланиш тамойиллари, ўтказилаётган машғулотларнинг техник-тактик усуллари каби бир қатор мавзулар ҳақида сўз юритилмоқда.
Семинарда жорий йил Япония мезбонлигида ўтадиган қитъа ўйинлари дастуридан ўрин олган каратэ беллашувларини бошқаришга жалб этиладиган мутахассислар қандай талабларга жавоб бериши кераклиги масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Т.Рўзиев, ЎзА