Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Каратэ илмида янги қўлланма
14:30 / 2023-04-03

Эътироф

Халқимиз орасида шарқ якка кураш спорт турларига қизиқиш юқори. Қолаверса, ушбу спорт турларининг бир қатор йўналишлари Олимпия ўйинлари ҳамда ёзги Осиё ўйинлари дастуридан ўрин олганлиги сабабли унинг ривожи, оммалаштириш тизими, маҳоратли спортчи ва мутахассисларни тайёрлаш жараёнига давлат даражасида эътибор қаратилиб келинмоқда.  

Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда спорт турларини, спорт таълимини ривожлантириш бўйича бир қатор қарор, давлат дастурлари қабул қилинди. Юртимиздаги мавжуд олий ўқув юртларида жисмоний маданият факультетлари ташкил этилдики, бу даргоҳларда таҳсил олаётган ёшларни зарур ўқув қўлланмалар билан таъминлаш бугунги куннинг муҳим вазифаси саналади.  

Янги Ўзбекистон ғоясини амалга ошириш механизми энг аввало таълим, унинг қуйи бўғинларидаги саъий-ҳаракатларнинг шиддати билан бевосита боғлиқ. Айни шиддатни таъминлаш ҳар бир йўналишга янгича тамойил асосида ёндошишни талаб этадики, бунда ўқув-қўлланмалар, янгича фикрлайдиган мутахассислар, замонавий технологиялар муҳим омил саналади.  

Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт таълими борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Халқаро тажрибалар жорий этилди, ривожланган давлатларнинг таълим муассасалари, спорт жамоалари билан манфаатли ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Янги адабиётлар яратилди.  

Шундай ўқув қўлланмаларидан бири Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Халқаро кураш турлари назарияси ва услубияти кафедраси мудири Шуҳрат Арслонов муаллифлигидаги “Спорт педагогик маҳоратини ошириш. Каратэ” саналади.  

Хўш, каратэ спорт тури сифатида Ўзбекистонга қачон кириб келган? Биринчи мамлакат чемпионати қачон ўтказилган? Юртимиздан етишиб чиққан энг номдор каратэчилар кимлар бўлган?  

Дарҳақиқат, каратэ (бўш қўл) атамаси дастлаб 18 асрда Япониянинг Аката шаҳридан бўлган Сакугава томонидан жорий этилган бўлиб, кейинчалик у Хитойга қайтиб Шаулин жанг санъати ўрганган ва Каратэ-до Сакугава хусусий мактабига асос солган.  

Хитой-Япон муносабатларининг ўша даврдаги ёмон муносабатлари ҳам япон якка куркаши шаклидан оммавий ўйин шаклига айлангунча, ундан спорт тури мақомига кўтарилгунча тўлиғинча Шоулин жанг саънатига сингиб кетмади. Балки алоҳида йўналиш сифатида ривожланди.  

Каратэ XIX аср охирида Европага, ундан бошқа мамлакатларга кенг ёйила бошлади. Унинг жаҳон бўйлаб кенг тарқалиши алоҳида спорт тури ва турли йўналишлар шаклида кечган. 1957 йил Япония каратэ ассоциацияси тузилиши ҳамда каратэ бўйича биринчи Япония чемпионати ўтказилиши каратэнинг спорт тури сифатидаги ривожини белгилаб берди.  

Каратэ спорт тури сифатида Ўзбекистонда 1970 йилларнинг ўрталарида танила бошлаган. 1979 йилгача унга қизиққанлар яширин тарзда шуғулланиб келган. Айнан шу йилдан каратэ расман спорт тури сифатида эътироф этилган. 1979 йилда бўлиб ўтган биринчи Ўзбекистон чемпионатида ушбу спортнинг республикада ривожланишига беқиёс ҳисса қўшган биринчи каратэчи Арслон Элов ва унинг шогирдлари Тоҳир Орифжонов ҳамда биринчи ўзбек чемпиони Абдураззоқ Бўрибоев чемпионликни қўлга киритишди.  

II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби Арслон Элов Ўзбекистонда каратэ спорт турининг асосчиларидан ва етук мутахассисларидан бири ҳисобланади. Кўплаб шогирдларни тарбиялаган устоз ҳозирда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети профессори. Жаҳон ва мамлакат чемпионларининг янги авлодини вояга етказган республика ҳамда Собиқ иттифоқда хизмат кўрсатган мураббий ҳамдир.  

Арслон Элов ўзининг мураббийлик даври мобайнида самбо ва дзюдо бўйича тўртта халқаро тоифадаги спорт устаси, 80 га яқин спорт усталарини тайёрлаб, вояга етказди. Улар орасида самбо, дзюдо, каратэ бўйича спорт усталигига номзодлар, республика терма жамоаларининг аъзолари бор. Арслон Элов нафақат яхши мураббий, у ўзбек курашининг нозик томонларини, дзюдо ва самбонинг сир-асрорларини яхши биладиган универсал мураббий.  

Қўлланмада мамлакатимизда ушбу спорт турининг ривожланиш ва истиқболлари, каратэ техникаси, спорт туридаги мавжуд атамалар хусусида кенг ўқувчилар оммасига зарур тушунчалар бериб ўтилган.

Қўлланма ирги замон талабларига мувофиқ илғор хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда каратэ бўйича спорт педагогик маҳоратини оширишга, унинг мазмуни, атамалари, қоидалари, тушунчалари, техник усулларни бажариш, техник-тактик томондан тўғри қўллай олишга ҳамда мусобақаларни ташкил этишнинг амалий-назарий асосларини очиб беришга қаратилган.  

“Спорт педагогик маҳоратини ошириш. Каратэ” ўқув-қўлланмаси бўлғуси каратэ мутахассислари, ушбу спорт турига қизиқувчилар учун зарур манба бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.  

Нодир ҒАФФОРОВ,    

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт  

университети кафедра мудири, филология фанлари доктори  

ЎзА