Карантиннинг амал қилиш муддати қачон ва қандай тугатилади?..
Фавқулодда вазият эса юзага келиши мумкин бўлган эпидемиологик вазиятни олдини олиш ёки оз миқдорда юзага келган бўлса ушбу хавфни бартараф этишга қаратилган бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатлари қайд этилган бўлиб, мазкур модданинг 19-бандида Президент фавқулодда вазиятлар (реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар) юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этиши белгиланган.
Фавқулодда ҳолат вақтинчалик чора бўлиб, унда вазиятни нормаллаштириш, қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботни тиклаш, фуқароларнинг хавфсизлигига таҳдидларни бартараф этиш ва уларга зарур ёрдам кўрсатиш мақсадлари кўзланади. Демак, фавқулодда ҳолат жорий этилганда эпидемия ҳолати Республика ҳудудида тарқаган ёки унинг кўлами назоратдан чиқиб кетган бўлади.
Фавқулодда вазият эса юзага келиши мумкин бўлган эпидемиологик вазиятни олдини олиш ёки оз миқдорда юзага келган бўлса ушбу хавфни бартараф этишга қаратилган бўлади.
Мамлакатимизда “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген ҳусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Қонун аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген ҳусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солади ҳамда фавқулодда вазиятлар рўй бериши ва ривожланишининг олдини олиш, фавқулодда вазиятлар келтирадиган талафотларни камайтириш ва фавқулодда вазиятларни бартараф этишни мақсад қилиб қўяди.
“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонунида эса чекловчи тадбирлар (карантин) тушунчасига таъриф берилган. Хусусан, карантин — юқумли ва паразитлар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари эканлиги қайд этилган.
Конституциямиз ва ушбу қонунларда фавқулодда вазият ва карантин тадбирлари жорий этиш ва ушбу жараёнларда ҳаракатланиш механизмлари қайд этилган. Карантин жорий этиш ва карантин давридаги муносабатларни мувофиқлаштиришга Президент, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар масъуллиги белгиланган.

Мамлакатимизда ҳам коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ эпидимиологик вазиятнинг юзага келиши ва ушбу касаллик авж олишига йўл қўймаслик мақсадида Давлат раҳбарининг 2020 йил 29 январдаги Ф-5537-сон фармойиши билан Бош вазир бошчилигидаги махсус комиссия ташкил этилди ва комиссияга бир қатор вазифа ва ҳуқуқлар берилди.
Комиссия ўз ваколатлари доираси 15 мартдаги, 23 мартдаги, 8 апрелдаги, 19 апрелдаги қарорлари билан Республикамиз ҳудудларида фуқароларимизнинг соғлиғини сақлаш мақсадида коронавирус инфекциясига қарши курашишга қаратилган чекловлар ўрнатилди ва бу чекловларнинг айримлари эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб давом эттирилмоқда.
Бироқ, қонунчилигимизда карантиннинг амал қилиши билан боғлиқ муддатлар аниқ белгиланмаган.
Аммо, Президент фармойишига асосан ташкил этилган Комиссияга умумжаҳон, минтақавий ва мамлакат ичидаги эпидемиологик вазиятни доимий таҳлил ва мониторинг қилиш, мамлакатда коронавируснинг тарқалиши ва эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиши тенденцияларини прогноз қилиш, коронавирус бўйича эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиши эҳтимоли белгиларини ўз вақтида аниқлаш ва касалланиш хавфини камайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда коронавирус бўйича эпидемиологик вазият мураккаблашган ҳолатда Ўзбекистон Республикасига коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриш бўйича таклифларни тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президентига киритиш каби вазифалар юкланган.
Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, карантин муддатини тугатиш масалалари ҳам Давлат раҳбари ёки комиссия томонидан юртимизда давом этаётган санитария-эпидемиологик вазият барқарорлашиши(касаллик аломатлари фуқароларимиздан аниқланмаган охирги кундан келиб чиқиб, охирги беморлар соғайиши) билан бекор қилиниши мумкин.
Хулоса, қилиб айтишимиз мумкинки, давлат раҳбари бошчилигида қилинаётган ислоҳот ва сайъ-ҳаракатлар натижаси ўлароқ махсус комиссиянинг қарори билан эпидемиологик вазият барқарорлашиб, пандемия билан боғлиқ вазият юмшаётганлиги сабабли тез кунларда, карантин чекловларининг барчаси олиб ташланади.
Салохиддин Саттаров,
Сурхондарё вилояти
адлия бошқармаси бошлиғи