Карантиндан чиқиш бўйича стратегиялар муҳокама қилинди
– Пандемия қачон тугаши ҳаммани қизиқтирмоқда, лекин бунга ҳаммада ҳар хил жавоб. Бу мураккаб савол. Ҳозир нафақат инфекция чақноғи, балки “экспертлар чақноғи” ҳамдир.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси ва Германиянинг Роберт Кох номидаги институти ҳамкорлигида эпидемия билан боғлиқ долзарб масалалар, жумладан, карантиндан чиқиш бўйича стратегиялар муҳокама қилинди.
50 га яқин мутахассис видеоконференция қатнашчисига айланди. Германия Федератив Республикасида пандемия кунларида COVID-19 га тааллуқли тавсияларни жаҳонда машҳур бўлган Роберт Кох номидаги Германия Федерал илмий-тадқиқот институти (RKI) тақдим этди. Мустақил равишда қарор қилиш ҳуқуқига эга бўлган мамлакатнинг ҳар бир ҳудуди уларга таяниб жойларда вазиятни таҳлил қилади ва карантин чекловларини киритади.
Миллий палата раиси Ровшан Изамовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Германия COVID-19 пандемиясига қарши курашишда нафақат тиббий, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам катта тажриба олдилар. Бу ўз вақтида карантин чораларини қўллаш ва аҳолининг онгли хатти-ҳаракати пандемия оқибатларини сезиларли даражада енгиллаштириши ва йўқотишларни минималлаштиришини тушуниб етишга имкон берди.
Онлайн конференцияда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг лаборатор ташхис қўйиш бўйича бош мутахассиси, профессор, тиббиёт фанлари доктори Абдумалик Арипов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботиржон Қурбонов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат санитария-эпидемиология назорати инспекцияси бош мутахассиси Нигора Аллабергенова, Марказий ҳарбий клиник госпитали раҳбарининг илмий фаолият бўйича ўринбосари Баҳодир Абдулахатов ҳамда германиялик мутахассислар билан фикр алмашган бошқа мутахассислар Миллий палатанинг бош офисидан тўғридан-тўғри иштирок этдилар.
Хусусан, Баҳодир Абдулахатов карантин чекловларини юмшатиш бўйича Р. Кох институти тавсиялари билан қизиқди. Кох номидаги институтнинг Халқаро соғлиқни сақлаш маркази (ZIG) бошлиғининг ўринбосари Андреас Янсен таъкидлашича, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, карантиндан чиқиш унга киришдан ҳам машаққатлироқ. Таҳлилчиларнинг фикрича, айни пайтда Германияда COVID-19 пандемиясининг биринчи тўлқини ниҳоясига етмоқда ва қатъий карантин чораларини босқичма-бочқич юмшатиш ишлари олиб борилмоқда.
– Пандемия қачон тугаши ҳаммани қизиқтирмоқда, лекин бунга ҳаммада ҳар хил жавоб. Бу мураккаб савол. Ҳозир нафақат инфекция чақноғи, балки “экспертлар чақноғи” ҳамдир. Биз фақат маълумотларга таянишимиз лозим, – деди А. Янсен.
Унинг таъкидлашича, COVID-19 касаллиги тарқалишидан келиб чиқиб жойларни турли даражадаги ҳудудларга бўлиш орқали Ўзбекистон жуда тўғри стратегияни танлади.
– Мамлакатни ҳудудларга бўлиб, сиз асосий ишни бажардингиз. Ва уларга ўзига хос тарзда – тарқалиш даражасидан келиб чиққан ҳолда муносабатда бўлиш талаб этилади. Ҳудудлар учун аниқ индикаторлар бўлиши лозим. Сариқ ва яшил ҳудудларда аниқлаб бўлинган беморлар, шунингдек, мулоқотда бўлганларнинг текширилиши ўта муҳим. Қизил ҳудудларда карантин чекловларини кучайтириш бўйича чоралар зарур бўлади. Ҳудудларга бўлиш бўйича Европа давлатларида биз ҳам тажрибалар ўтказмоқдамиз, лекин бу Хитойда ҳам қўлланган чора эди – Хубэй провинциясида карантиннинг энг қатъий чоралари қўлланилганди, – деди Андреас Янсен.
Германиялик мутахассислар мамлакатда COVID-19 дан нисбатан паст ўлим кўрсаткичлари сабабини тушунтирдилар. Хусусан, оммавий тестдан ўтказиш катта таъсир кўрсатади. ГФРда ҳафтасига 400 мингга яқин COVID-19 га текширув ўтказилмоқда. Бундан кўпроқ қилиш имкони ҳам бор, баъзи ҳолларда бу кўрсаткич хафтасига 800 мингтага ҳам борди. Лекин бугунги кунда Кох номидаги институтда 400 минг тест ўтказиш етарли деб ҳисоблашмоқда. Эслатиб ўтамиз, ГФР аҳолиси 81,4 миллиондан кўпроқ. Тест ўтказишнинг бу даражаси беморларни касаллик ҳали енгил кечаётган даврида – яъни шифохонага ётқизиш эҳтиёжи туғилмасидан аввал аниқлаш имконини беради.
Германиялик экспертлар таъкидлашича, бунда энг муҳим кўрсаткичлардан бири тестларнинг “ижобий” кўрсаткичи, яъни тасдиқланган касалликлар фоизидир. ЖССТ маълумотларига кўра, нормал кўрсаткич – тест ўтказилганларнинг умумий сонидан 3 дан 12% гача “ижобий” натижадир. Агар кўрсаткич 20% гача етса, бу етарли даражада тест ўтказилмаётганини билдиради. ГФР да бу кўрсаткич 4-5% ташкил қилади. Корея Республикаси каби пандемия билан муваффақиятли курашаётган давлатларда бу кўрсаткич яна ҳам пастроқ.
Германия ҳудудидан конференция мавзулари муҳокамасида эпидемиологик назорат бўлими бош эпидемиологи Ариане Ҳалм, шифохона ички юқумли касалликлари, антибиотикларнинг чидамлилиги ва уларнинг қўлланилиши бўйича бўлим бошлиғи Тим Экманс, жамоатчилик саломатлигини сақлаш лабораторияси (ZIG) илмий ходими Ян Бауманн, жамоатчилик билан алоқалар бўйича ходим Евгения Боклейж ва “Шарите” номли юқумли касалликлар клиникаси директори Томас Шнайдер каби Кох номидаги институт мутахассислари иштирок этдилар.
Ўзбекистондан Германия Федератив Республикасининг мамлакатдаги элчихонаси вакиллари конференцияда қатнашиш учун соғлиқни сақлаш мутахассисларига қўшилдилар.
Ўзбекистон Республикаси
Инновацион соғлиқни сақлаш
Миллий палатаси матбуот хизмати.