Карантинда кашф этилганлар
Юртимизда карантин қоидаларини бузган фуқаролар бугунги кунда 90 мингдан ошди.
Сабр-тоқат, матонат! Ушбу сўзнинг туб моҳиятида инсон иродаси, унинг асли кимлигини намоён этувчи куч мужассам. Шукр қилган, ҳар битта ҳолатига сабр қилган бандаи мўмин Аллоҳ таолога яқин бўлади дейишади.
Синовли кунларда ҳар ким ўзининг ички дунёсини қайтадан идрок этди десак янглишмаган бўламиз назаримда. Ўзликни англаш учун вақт ҳам, имкон ҳам бемалол бўлди. Хўш карантин кимларни кашф этди?
Ижтимоий тармоқлар орқали фаол ота-оналарнинг фарзанди билан дарс машғулоти ўтаётганига, бекажонларимиз турли хил таомларни пишириш сир-асрорлари билан ўртоқлашганига ва ҳатто Вазирликлар томонидан турли туман онлайн танловлар ташкил этилиб, унда юртдошларимиз фаол иштирок этганига гувоҳ бўлдик. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, орамизда уйда ўтиролмай “эплаб кўчага чиққанлар”нинг интернет сайтларда “юлдуз”га айланишга уринишганига ҳам гувоҳ бўлдик.
Халқимиз учун ҳозирги синовли ва таҳликали кунларда биздан талаб этиладигани биргина “УЙДА ҚОЛИШ” эканини инобатга олсак, айримларнинг карантин қоидаларини менсимасдан жамоат жойларда ниқобсиз юришга, боз устига уларни тартибга чақиришга уринаётган ҳуқуқ тарғибот органлари ходимларига қарши бориб, “бисотидаги” бор ҳақоратли сўзларини аямаганини қандай тушуниш мумкин? Аёлларнинг куракка турмайдиган сўзларини эшитиб эса, эҳ эссиз-эссиз дейсан киши.
Наҳот сабр-бардошли бўлиш шунчалик мушкул бўлса? Ёшларимизчи, уларнинг тунда бемаҳал ва бемақсад кўча кезиб, камида уни тасвирга муҳрлаб ўртоқларига мақтанишини “ўтиш даври” деб тушунайликми? Қани эди бу каби ёшлар мен ушбу асарни ўқидим, сизчи тенгдошларим деб челенж қила олишса. Кимларгадир тақлид қилиб ҳудда-беҳуда рақсга тушиб ўзларини кўз-кўз қилаётган, сўкиниб гапирадиган айрим қизларнинг ота-онаси, акаси-укаси йўқмикин? Бор бўлса оиласини уялтираётганидан бироз бўлсада хижолат бўлдимикан? Келажакда улар тарбиялайдиган фарзандлар ким бўлади? Ёки бўлмасам, автомашинасини маст ҳолатда бошқариб, ИИБ ходимлари талабларига бўйсунмай, улардан қочиб қутиламан дея кўнгилсиз ҳолатларни келтириб чиқараётган ҳайдовчилар жамиятда қандай бош кўтариб юришаркан.
Сўнги бир ой ичида эьтибор берган бўлсангиз коронавирусдан зарарланиб вафот этганлардан кўра, кўпроқ турли мудҳиш жиноятларни содир этиб ўлим ҳолати қайд этилгани кузатилган. Юртимизда карантин қоидаларини бузган фуқаролар бугунги кунда 90 мингдан ошди.
Беэьтиборлик, менсимаслик, лоқайдлик оқибатида турли кўринишдаги содир этилган қонунбузарлик ҳолати учун маьмурий ва жиноий жавобгарликка тортилди. Жумладан, МАЬМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ КОДЕКСНИНГ 54-МОДДАСИГА АСОСАН “Эпидемия қоидаларини бузганлиги учун БҲМ нинг 50 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши мумкин”.
Шунингдек, ҳақорат қилиш, майда безорилик, Ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик каби ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун ҳам маьмурий жавобгарлик мавжуд.
Бундан ташқари, ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖИНОЯТ КОДЕКСИНИНГ 219 ва 257¹ моддаларида “Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши курашиш қоидаларини бузганлиги учун” жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, мазкур жиноятларни содир этган фуқароларга 10 йилгача озодликдан маҳрум этишга қадар жазоси қўлланилади.
Ҳа, ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. Қонун барча учун баробар! Дод фарёд чекаётган, айрим“ўзига хон, кўланкаси майдон” кимсалар қатьий тартиб-интизомларга амал қилинаётган айни вақтда“менга ҳеч нима қилмайди, бошқалар билан эса ишим йўқ” – дея хулоса қилишининг ўзи сизу биз учун хавф-хатарнинг яққол кўриниши.
Бу кўринмас душман билан курашишнинг олтин қоидаси ҳам бирдамлик аслида.Ҳозирги вазиятда ҳеч ким ишонч билан айтолмайдики, бизга бу балои офат юқмайди дея.
Шу ўринда коронавирус кашф этган иқтидорлар ижодига алоҳида тўхталиш мақсадга мувофиқ. Қўлига чолғу асбобини олиб, ватан, ишқ, соғинч ҳақида берилиб куйлаётган, ёки бўлмасам, карантин тугаши билан ота-онаси, ёру дўстлари ҳолидан хабар олишни кўнглига туккан ва уни шеърий мисралар ила ифода этаётган йигит-қизларнинг қобилиятини алоҳида рағбатлантириш, уларни ўзига бўлган ишончини янада орттиради деб ўйлайман. Улар бугуни ижтимоий тармоқларда фаол. “Эплаб кўчага чиқмоқчи” бўлган йигит-қизлар, сиз ҳам бирор бир қизиқарли севимли машғулотингизни биз билан ўртоқлашинг.
Нафақат карантин даврида бундан кейин ҳам бир-биримиз билан ижодий қобилиятимизни намоён этаверайлик.
Қўлида гитара чолғу асбоби билан жонли ижрода мароқ ила куйлаётган йигитчанинг сўзларини тинглаган киши ундан албатта илҳом оларкан.
Гўзал ҳаёт давом этмоғи учун,
Юрт отаси элга даьвати бугун:
Азизларим биздан темир интизом,
Шунда асло тонгларимиз бўлмас шом.
Манижа БАҲРИЕВА,
журналист