Карантинда депутатга қандай мурожаат қилиш мумкин?
Маълумки, мамлакатимизда коронавирус пандемияси тарқалиш хавфини камайтириш мақсадида карантин эълон қилинган.
Маълумки, мамлакатимизда коронавирус пандемияси тарқалиш хавфини камайтириш мақсадида карантин эълон қилинган. Шу боис ижтимоий тармоқлардан депутатлар фаолиятига оид турли саволлар келиб тушмоқда. Уларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Андижон вилоят Кенгаши раиси Ҳамиджон Оманов билан суҳбат ташкил этилди.
- Маҳаллий Кенгаш депутатлари бугунги кунда қандай иш ташкил қилмоқда?
- Депутат – халқ хизматчиси. У фуқаролар орасидан танланган вакил. Давлат ва халқ ўртасидаги кўприк вазифасини ўтайди. Шунинг учун депутатликка фидоий инсонларни номзод қилиб кўрсатишга ҳаракат қилганмиз. Айниқса, бу йилги сайловларда халқ ўзи муносиб деб билган номзодлар учунгина овоз бердилар. Номзодлар ва партиялар ўртасида кураш қизғин ва муросасиз бўлганини яширмайман.
Карантин муносабати билан “Миллий тикланиш” партиясидан сайланган маҳаллий Кенгаш депутатларининг йиғилишлари ҳам масофавий ва онлайн тартибда амалга оширилмоқда.
Хабарингиз бор, 16 март кунидан эътиборан Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси карантинга ўтди. Фаолият масофавий, онлайн иш режимига ўтказилди. Бу ҳақда ОАВлари ва ижтимоий тармоқлар орқали бохабар бўлиб бормоқдасизлар.
Шу қаторда ҳозирги пайтда маҳаллий кенгаш депутатларининг ҳам барча электрон ҳужжатлар алмашинуви учун уй шароитлари ташкил қилинган. Уларнинг барчасида ички электрон тизимлари мавжуд.
- Депутат қабули қай тартибда амалга оширилади?
- Мамлакатимизда қатъий карантин чоралари кўрилмоқда, депутатга вирус юқмайди деёлмаймиз. Чунки у одам танламаётганини яхши биласиз. Бу дегани эса депутатлар ишини тўхтатган, дегани эмас. Ҳар бир депутат ўзининг шахсий электрон манзиллари ҳамда партиямиз расмий сайтлари, расмий тармоқлари орқали фуқаролар, хусусан, сайловчилари билан доимий алоқада, мурожаатлар бўйича иш ташкил этиб келмоқда. Эндиликда барча сайловчилар депутатларга электрон тарзда мурожаат қилмоқдалар. Депутатлик қабуллари ҳам онлайн тизимга ўтказилган. Мурожаатлар асосан мобил алоқа воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали қабул қилинмоқда.
- Сайловчи муамолари қандай ҳал этилади?
- Депутатларимиз ўз сайловчиларининг муаммоли масалларини ўрганишда ва ҳал этишда давом этмоқда. Масалан МФЙ раислари ва фаоллари билан онлайн тизимда алоқа боғлаб, масалалар ўрганилгач, етказиб бериш хизматлари орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатмоқдалар. Бундан ташқари томорқаларда деҳқончилик ишларини ташкил этиш учун маҳаллий ҳокимлик вакиллари билан ҳамкорликда керакли кўчатлар гигиена қоидалари асосида етказиб берилди. Ҳар қандай шароитда сайловчи муаммолари эътиборимизда.
Мисол учун Халқ депутатлари Улуғнор туман Кенгаши депутати Г.Солиева Дехқонобод қишлоқ врачлик пункти ходимлари билан Фазогир МФЙда тиббий кўрик ташкил этди (жами 21 та хонадон). Булоқбоши туман Кенгаши депутатлари Б.Қосимов ва М.Авазовалар Нефтчилар МФЙ, Водила ва Янги магазин кўчаларида арзонлаштирилган озиқ-овқат савдоси ва моддий кўмак ташкил этди (жами 35 та хонадонга). Жалақудуқ туман Кенгаши депутатлари Д.Иминжонова Бешкарам МФЙда, Пахтаобод туман Кенгаши депутати М.Эгамов туман ҳокимлиги мутасаддилари билан Пахтаобод тумани, Озод массивида фермер хўжаликлари билан ҳамкорлигида карантин муносабати билан экинлар унумдорлиги пасайиб кетишини олдини олиш мақсадида ўрганишлар олиб борди. Андижон шаҳар Кенгаши депутати М.Халилов Андижон шаҳри, 3-кичик даҳада, Ўрикзор МФЙда арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келиб савдосини ташкил қилишда кўмаклашди. Бу каби мисолларни минглаб келтиришимиз мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, депутатларимизнинг фаолияти ҳар доимгидан ҳам бугунги кунда муҳим аҳамият касб этади. Сайловчиларимиз муаммоларига бефарқ қараб турганимиз йўқ. Борки имкониятимиздан фойдаланиб, улар билан ишлашда давом этмоқдамиз.
Хулоса ўрнида айтиш ўринлики, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси маҳаллий кенгаш депутатлари карантин шароитида масофавий онлайн иш режимига ўтган бўлсалар-да сайловчилар муаммолари билан ишлашда давом этмоқда. Эндиликда ўз сайлов округингиздаги депутатларга мурожаатларингизни ижтимоий тармоқлар орқали, онлайн амалга оширишингиз мумкин.
Камола Абдувалиева суҳбатлашди