Карантинда бўлган фуқаролар ўз оиласига қайтмоқда
Андижон вилояти Олтинкўл тумани тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимида сақланган 35 нафар фуқаро касаллик аниқланмаганлиги учун ўз оиласига қайтди.
Андижон вилояти Олтинкўл тумани тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимида сақланган 35 нафар фуқаро касаллик аниқланмаганлиги учун ўз оиласига қайтди.
Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Болгария, Россия Федерацияси ҳамда Қирғизистон Республикасида бўлиб қайтган 23 нафар фуқаро, шунингдек, уларнинг 12 нафар яқин қариндошларида касаллик бўлмаса-да, эҳтиёт чораси сифатида карантинга олинган эди.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосан, турли хорижий давлатларда бўлиб қайтган ва карантин муддатини ўтаган ушбу фуқароларда хасталик аниқланмади.
Олтинкўл туманидаги юқумли касалликлар бўлимида 14 кунлик карантиндан сўнг улар тиббий текширувдан ўтказилди, махсус аппаратлар орқали лаборатор ва бошқа диагностик таҳлиллар олинди. Текширув ва таҳлиллар натижаларига кўра, уларнинг бирортасида ҳам касаллик аломатлари топилмади.
Ушбу фуқаролар энди уй шароитида яна маълум муддат оила шифокори ва патронаж ҳамширалар назоратида тиббий кузатувда бўлади.