Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Карантин хизмати – деҳқонга кўмакчи
19:02 / 2025-12-18

Сирдарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда 2025 йил давомида “Карантин хизмати – деҳқонга кўмакчи” тамойили асосида амалга оширилган ишлар, соҳада эришилган натижалар ва устувор вазифалар хусусида атрофлича маълумот берилди.

Анжуманда таъкидланганидек, жорий йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, карантин остидаги зараркунандалар, ўсимлик касалликлари ҳамда заҳарли ва зарарли ўтларни ўз вақтида аниқлаш ва олдини олиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, қишлоқ ҳудудлари, фермер хўжаликлари майдонлари, карантинга оид маҳсулотлар қабул қилинадиган ва жўнатиладиган махсус ҳудудлар, шунингдек, импорт ва экспорт қилинаётган маҳсулотлар қатъий фитосанитар назоратдан ўтказилди.

Жойларда аниқланган карантин организмларига нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилган, карантин организмларидан холи бўлган маҳсулотларга фитосанитар сертификатлар ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар расмийлаштириб берилгани қайд этилди.

Маълум қилинишича, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси фитосанитар давлат инспекторлари томонидан жорий йилда жами 387 минг 931 гектар ер майдонида мониторинг ўтказилган. Шу орқали зарарли организмларни барвақт аниқлаш ва уларнинг тарқалишини чеклаш имкони яратилди.

Шунингдек, 2025 йилнинг 9 ойи давомида тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган электрон аризалар асосида карантин организмларидан холи бўлган карантинга оид юкларга  814 та ички фитосанитар сертификат расмийлаштириб берилди. Бу эса тадбиркорлар учун қулайлик яратиш, ҳужжатлаштириш жараёнларини шаффоф ва тезкор ташкил этишга хизмат қилмоқда.

Матбуот анжумани якунида журналистлар томонидан берилган саволларга соҳавий мутахассислар батафсил жавоб бериб, фитосанитар хавфсизликни таъминлаш, деҳқон ва фермерларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан қўшимча маълумотлар тақдим этишди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири