Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Карантин вақтида васиятномаларни нотариал тасдиқлаш қандай амалга оширилади?
11:57 / 2020-04-09

Маълумки, мамлакатимизда Covid-19 инфекцияси тарқалиши муносабати билан карантин эълон қилинган ва ўз-ўзини яккалаш тизимига ўтилган.


Маълумки, мамлакатимизда Covid-19 инфекцияси тарқалиши муносабати билан карантин эълон қилинган ва ўз-ўзини яккалаш тизимига ўтилган. Бундай вазиятларда агар зарурат бўлса, васиятнома қандай тузилиши тўғрисида фуқароларимизда ўринли савол пайдо бўлиши табиий.

Амалдаги қонунчиликка кўра, васиятнома нотариал ёки қонунда рухсат берилган мансабдор шахслар томонидан тасдиқланиши лозим (ФКнинг 1124). Шундагини у ҳақиқий ҳисобланади.

Карантин вақтида агар зарурат бўлса, фуқароларимиз қандай қилиб васиятномани нотариал тасдиқлашлари мумкинлигига тўхталиб ўтсак. Карантин вақтида фуқароларнинг уйдан ташқарига чиқишига муайян чекловлар жорий қилинган. Шунга қарамасдан фуқароларимиз зарурат бўлса, васиятномани нотариал тасдиқлаш учун нотариал идорага боришлари мумкин. Бунда фуқароларимиз билиши керак бўлган жиҳат ҳозирда республикамизда барча нотариуслар карантин сабабли тўлиқ таркибда ўз фаолият юритаётгани йўқ. Карантин вақтида ўз фаолиятини давом эттираётган нотариуслар рўйхати Адлия вазирлигининг расмий сайтида эълон қилинган бўлиб, фуқаролар фақат ушбу идораларгагина мурожаат қилишлари мумкин.

Шунингдек, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилиши муносабати билан 2020 йилнинг 25 мартидан бошлаб нотариусларга мурожаат қилиш фақат e-notarius.uz сайти орқали тегишли нотариусга ҳужжатларни олдиндан электрон шаклда тақдим этиш ва электрон навбатга ёзилиш орқали амалга оширилади. Шу муносабат билан кечиктириб бўлмайдиган вазиятда фуқароларимиз васиятномани нотариал тасдиқлаш учун e-notarius.uz сайтида навбатга ёзилишлари шарт.

E-notarius.uz сайтида нотариус қабулига ёзилиш учун фуқароларимиз Идентификациялашнинг ягона ахборот тизимида (id.gov.uz) рўйхатдан ўтган бўлиши, яъни ID ва паролга эга бўлиши лозим.

Бу учун фуқародан тизимга кириш ва паспорт маълумотлари (паспорт серия, рақам, идентификацион рақам)ни тўғри жойлаштириш талаб қилинади. Шу ID орқали биз бошқа давлат электрон хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўламиз.

Фуқароларни нотариал идора биносига киритиш фақат белгиланган навбат ва вақтга риоя этилган ҳолда ҳамда тиббий ниқоб тақилган, қўллар антисептик воситалар билан ювилган ва тана ҳарорати тепловизорлар орқали ўлчангандан кейин йўл қўйилади. Бино ташқариси ва ичида фуқаролар ўзаро масофа (2 метр) сақлашлари лозим.

Ундан ташқари, зарурат бўлса, фуқаронинг мурожаатига кўра, нотариус васиятномани нотариал идораси биносидан ташқарида фуқаронинг бўлиб турган жойида ҳам тасдиқлаши мумкин. Бундай вазиятда ҳам нотариус ва фуқаролар карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда васиятномани нотариал тасдиқлаш жараёнида иштирок этади. Васиятномани нотариал тасдиқлаш ва уни имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео қайд этилади.

Агар касалликка чалинган ёки стационар шароитда алоҳидаланган фуқаролар васиятнома қолдиришни истагини билдирса... Бу учун улар албатта нотариал идорага мурожаат қилишлари шарт эмас. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1126-моддасига асосан бундай вазиятларда мазкур шахсларнинг васиятномалари касалхона ёки стационар бош врачлари, уларнинг даволаш ишлари бўйича ўринбосарлари ёхуд навбатчи врачлари томонидан тасдиқланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Бу васиятномаларни кейинчалик нотариус томонидан нотариал тасдиқлаш талаб қилинмайди. Улар нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилган ҳисобланади.

Нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштирилган васиятномалар, ишончномалар ва аризаларни тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномада юқоридаги шахслар томонидан васиятномани тасдиқлаш тартиби келтириб ўтилган. Унга кўра даволаш муассасалари ва стационарда тасдиқлаган васиятномалар икки нусхада тузилиб бир нусхаси васият қилувчига иккинчи нусхаси васият қилувчининг доимий яшаш манзили бўйича нотариал идорага сақлаш ва электрон базага киритилиши учун юборилади.

Нотариус ва мансабдор шахслар васиятномани тасдиқлаш муносабати билан ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор этишга ҳақли эмас.

Гулруҳ Мамараимова,
Тошкент давлат юридик университети
катта ўқитувчиси