Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Карантин талабларини бузган тадбиркорларга қандай чора кўрилади?
11:51 / 2020-06-17

Юртимизда карантин талаблари босқичма-босқич юмшатилмоқда.

Бугуннинг мавзуси 

Юртимизда карантин талаблари босқичма-босқич юмшатилмоқда. Республика махсус комиссиясининг тегишли қарори билан 15 июндан бошлаб “сариқ” ва “яшил” ҳудудлардаги хусусий мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий овқатланиш объектлари фаолиятига рухсат берилди. Уларга санитария-гигиена талабларига риоя этиш бўйича қатор талаблар қўйилди.

ЎзА мухбири мазкур талабларни бузган тадбиркорларга қандай чоралар кўрилиши борасидаги саволга Тошкент шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармасининг Олмазор тумани филиали инспектори Гулбаҳор Зубайдуллаевадан батафсил жавоб олди.

– Боғча биноларини доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш талаби қўйилди. Ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши ва ижтимоий масофани сақлашига ҳам аҳамият берилмоқда.

Тана ҳарорати 37 ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходим ва тарбияланувчиларни машғулотларга киритмаслик чоралари кўрилиши шарт.Эсда тутиш керакки, нафақат болалар боғчалари маъмурияти, балки ота-оналар ҳам коронавирус инфекциясини юқтирганлик учун жавобгар бўлади.

Юқоридаги талаблар умумий овқатланиш объектларига ҳам тегишли. Шунингдек ошхоналарнинг соат 8:00 дан 23:00 гача ишлаши, стол ўртасида камида 2 метрли ижтимоий масофани сақлаш, битта стол атрофида энг кўпи билан 4 мижознинг бўлиши талаб этилмоқда.

Республика махсус комиссиясининг тегишли қарорига мувофиқ, ишлашни бошлаган тадбиркорлардан кафолат хати олинган. Улар карантин қоидаларига риоя қилмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман)га тегишли тартибда мурожаат қиламиз.

Фаолият юритишига рухсат берилган тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларда белгиланган санитария-гигиена талабларига риоя этмаслик оқибатида коронавирус инфекцияси аниқланган тақдирда ушбу объектларни ва ходимларини карантинга олиш ҳамда сақлаш билан боғлиқ харажатлар мазкур субъектлар ҳисобидан қопланади.

Тумандаги бир нечта умумий овқатланиш объектларига кириб кўрдик. Ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиб, ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозларнинг юза қисми дезинфекцион воситалар билан тозаланмоқда. Жумладан, “Асл беш панжа” кафеси хоналардан фойдаланмаган ҳолда фақат очиқ ҳавода мижозларга хизмат кўрсатмоқда.

– Карантин чекловлари шароитида таомларни фақат етказиб бериш билан шуғулландик. 15 июндан бошлаб фаолиятимизни қайта тикладик. Республика махсус комиссиясининг барча талабларига риоя қиляпмиз. Банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўйилмаяпти. Биз нафақат ўз ходимларимиз, балки мижозларимиз соғлигига ҳам жавобгармиз. – деди “Асл беш панжа” кафеси иш бошқарувчиси Ёқубжон Самадов.