French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
КАРАНТИН: тўрт фарзандли онанинг тавсиялари
19:55 / 2020-03-24

Асосий вақтингиз ошхонада ўтаётган бўлса, “вақтим йўқ” деган жумласини луғат бойлигингиздан олиб ташланг.


Коронавирус пандемияси туфайли кўпчилик карантинга олинди,ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари орқали “Уйда ўтир”, “Кўчага чиқма” сингари даъватлар қайта-қайта янграмоқда. Инсон табиатида ажиб бир хислат мавжуд яъни, “мумкин эмас” деган сўзни эшитиши билан ўшанга талпиниб кўради, ҳеч бўлмаганда бир марта.

Бу тожли вирус бизнинг жонажон ўлкамизга жаҳоннинг бошқа нуқталарига қараганда кейинроқ кириб келди. Шу сабабли давлатимиз бошқа мамлакатларнинг унга қарши курашиш бўйича илғор тажрибаларини ўрганишга муваффақ бўлди, ҳеч иккиланмай қатъий чора-тадбирларни жорий этиб, керакли маблағлар ва куч-воситалар ажратилдики, бу кутилган самарани бермоқда.

24 март кунги ҳолатга кўра, тиббиёт энг ривожланган ва “Катта Саккизликка” кирувчи биргина Канадада бу касалликни юқтирганлар умумий сони 1470 нафарга етиб, бир кунда 142 нафарга кўпайди. АҚШда касалликка чалинганлар сони 35 минг 241 нафар бўлиб, 471 киши қурбон бўлган. Минтақага яқин қўшнимиз Эронда эса вазият ниҳоятда чатоқ. Салкам 25 минг аҳоли бу кўринмас дардга чалиниб, 1934 киши оламдан ўтди.

Шу сабабли ҳар қанча огоҳлик ва ҳушёр бўлишга чақириқларни, кўрилаётган ўта кескин чораларни тўғри қабул қилиш мақсадга мувофиқ.Ҳар биримиз шароит тақозо қилаётган қоидаларга қатьий амал қилишимиз шарт.

Озроқ сабрли бўлишимиз уйдаги барчанинг саломатлигини кафолатлайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. вабо сабабидан кимки уйида ўтирса, унга катта савоб ёзилиши ҳақида айтган фикрлари барча мўминларга ибрат бўлади, албатта.

Мен ҳам тўрт фарзанднинг онаси сифатида хотиржамлигим йўқолгани рост. Болажонлар ҳам вируснинг қалбан ҳис қилишган чоғи анчайин инжиқ ва безовталар. Аммо ёш оналарга саросима ва ваҳимага тушмасликни ва кўпроқ китоблар ўқишни тавсия этардим.

Эрта тонгдан туриб, яхшилаб ювиниб олгач, фарзандингизга уни яхши кўришингизни айтинг. Гиперфаол болани ҳам меҳр-муҳаббат билан бўйсундириш мумкин.

Боланинг камчиликларини, ноўрин қилиқларини бировнинг олдида муҳокама ва изза қилиш унинг руҳиятига салбий таъсир этади.

Ҳамонки вазият ўзгарган экан узоқ вақтга уйда қолишга тўғри келганда, болаларни қандай банд қилиш мумкин, деган саволга жавоб топишимизга тўғри келади. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, ёш болали аёлларга айрим тавсияларни билдирмоқчиман.

1. Агар болангиз мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиси ёки мактаб ўқувчиси бўлса, шу кунгача ўтиб келинган дарс машғулотларини бирма-бир такрорланг. Ҳозирда ўқитувчилар онлайн тарзда уйга вазифаларни беришга ҳаракат қилишмоқда, вазифаларни ўз вақтида бажартириб боришга ҳаракат қилинг.

2. Асосий вақтингиз ошхонада ўтаётган бўлса, “вақтим йўқ” деган жумласини луғат бойлигингиздан олиб ташланг. Кўп болали аёллар ҳам, 1 нафар фарзандлилар ҳам ошхонада ҳам қизиқарли ўйинларни ташкил этишлари мумкин.

Масалан, стол устига 10 та ҳар хил идишларни териб чиқинг (чойнак, пиёла, чўмич, коса ва ҳоказо). Сўнгра болани 15 сония ушбу идишларга қаратинг ва кўзини беркитинг. 1 дақиқадан кейин болангиздан қайси идиш камайганини сўранг. Бу ўйин диққатни жамлаш ва хотирани мустаҳкамлашга ёрдам беради.

3. Фарзандингиз ёшига қараб қўлига китоб тутқазинг. Ўзингиз вақтингиз бўлиши ҳамоно биргаликда ўқиб беринг. Мутолаа тугагач, ундан нималарни ўқигани, қандай таассуротда эканлигини сўраб олинг. Фикрларини биргаликда бойитишга урининг. Ҳайвонот олами, автомобиллар энциклопедияси, Анвар Обиджоннинг шеърий тўпламлари, қизиқарли эртаклар боланинг дунёқараши ва фикрлаш доирасини кенгайтиради.

4. Рангли қоғоз ва қаламлар, альбом, пластилин, елим бизга энг катта восита. Расм чизиш, гул ясаш, рангли қоғоздан турли самолётлар ясаб, биргаликда учириш ҳам зерикишларни қувади.

5. Агар уйда рангли қоғоз ва турли хилдаги ўқув қуроллари бўлмаса, гуруч, мош, маржумак (гречка), ловия, нўхат, ёрма (перловка) сингари дуккакли маҳсулотлардан ҳам тоза мато устига қўйиб фойдаланиш мумкин.

Мисол учун, 3 ёшгача болаларга нўхат, ловия, ёрма, 3-6ёшгача бўлганларга эса гуруч, мош, бошланғич синф ўқувчиларига эса гуруч, мош маҳсулотларини ярим пиёладан олиб, аралаштириб беринг. Вақт белгиланг, уларни алоҳида-алоҳида саралаб ажратишга буйруқ беринг. Ғолиб бўлган болани ширинлик ёки сархил мева билан рағбатлантириш ҳам ёдингиздан кўтарилмасин. Ушбу машғулот орқали фарзандингизнинг ақлий қобилияти ҳам ривожланади.

6. Бирор ўйинчоқдан зерикдими, уларни дарров кўздан панага бекитинг. Маълум вақтдан кейин ўша ўйинчоқларни кўрсатсангиз, янгидек маза қилиб ўйнайди. Турли хилдаги конструкторлик, лего каби ақлий меҳнат талаб этиладиган ўйинчоқлар ота-она билан фарзанд муносабатини янада мустаҳкамловчи восита ҳисобланади. Легодан кичкина уйча, автомобиль, роботлар ясаш мумкин. Бундан ташқари шашка, шахмат каби ақлни чархловчи ўйинлар ҳам яхши самара беради.

7. Уй шароитида ҳам болани фойдали меҳнатга ўргатиш мумкин. Масалан, кийимларини ўзига тахлатиш, ўйинчоқларини ўзига йиғиштириш, овқатланиб бўлгач, кучи етгунича идиш-товоқларни олиб бориб беришга кўмаклашишга ўргатиш лозим. Уйда тувакли гуллар бўлса, тупроғини юмшатиш, мева уруғларини экиб қўйиш ва суғориш ишларини ҳар доим ўргатиб бориш орқали фарзандларимизни, оз бўлса-да меҳнатга кўниктирамиз.

Болалар билан машғулот олиб бориш вақтида босим ўтказиб, ёки узоқ муддатли давом эттириш уларни чарчатиб қўйиши мумкин. Оқибатда улар машқлардан бездириб қўямиз.

Лобар аёллар, азиз онажонлар биз ўз ақл-заковатимиз ва сабру қаноатимиз, миллий ўзлигимизни сақлаган ҳолда ҳар қандай вирусларни енгишга қодирмиз. Карантин муддатининг ҳар бир кунидан унумли фойдаланинг. Буни ҳам кенг феъллик билан ўзига хос бир имконият деб қабул қилинг.

Манижа БАҲРИЕВА,
журналист