“Карантин сабабли ишдан бўшашга мажбур бўлдим...”
Ўзбекистонда давом этаётган карантин сабабли аҳолида турли саволлар пайдо бўлмоқда.
Ўзбекистонда давом этаётган карантин сабабли аҳолида турли саволлар пайдо бўлмоқда. Саволларга жавоб бериш мақсадида Адлия вазирлиги ва унинг барча тизимларида онлайн хизмат кўрсатиш тизимли йўлга қўйилган.
Қуйида айрим саволларга жавобларни эътиборингизга ҳавола қиламиз:
- Мен карантин сабабли ишдан бўшашга мажбур бўлдим. Яъни, иш берувчи билан келиша олмадим. Ишсизлик нафақаси олсам бўладими?
- Меҳнат кодексига мувофиқ, ишдан маҳрум бўлган, биринчи марта иш қидираётган, шунингдек узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашни истаган ва ишсиз деб эътироф этилган шахсларга ишсизлик нафақаси тўлаш; қарамоғидагиларни ҳисобга олган ҳолда моддий ёрдам бериш; касб ўрганиш, малака ошириш ёки қайта тайёрлаш даврида стипендия тўланиши ҳамда шу даврни меҳнат стажига қўшиш; ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш имконияти таъминланади.
Шунингдек, ишсизлик нафақаси ишсиз деб эътироф этилган шахсга у иш қидираётган шахс сифатида маҳаллий меҳнат органида рўйхатдан ўтган кундан эътиборан тайинланади.
Қарамоғида учтагача киши бўлган, ўттиз беш ёшга тўлмаган ишсиз эркакка ишсизлик нафақаси у ҳақ тўланадиган жамоат ишларида Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда иштирок этган тақдирда тайинланади. Ишсиз шахснинг нафақа олиш ҳуқуқи у иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган пайтдан бошлаб кечи билан ўн биринчи кундан эътиборан кучга киради.
Амалдаги қонунчиликка кўра, ишсизлик нафақаси кўпи билан: ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ёки узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсга ўн икки ойлик давр мобайнида йигирма олти календарь ҳафта; илгари ишламаган ва биринчи марта иш қидираётган шахсга эса ўн уч календарь ҳафта мобайнида тўланади.
Бу масалада ҳудудий бандлик ва меҳнат муносабатлари бўйича органга мурожаат қилишингиз лозим.
- Никоҳдан ўтиш учун 2 мартда ариза топширган эдик. Бизга 3 апрель куни никоҳ гувоҳномамизни олиб кетишни айтишди. Карантин туфайли биз бора олмадик. Гувоҳномани вақтида олиб кетмаганимиз учун жарима қўлланилмайдими?
- Вазирлар Маҳкамасининг 387-сон қарорига кўра, никоҳга кириш ҳақидаги ариза қабул қилинганидан сўнг белгиланган бир ойлик муддатда никоҳланувчилар ФҲДЁ бўлимига мурожаат этишмаса яна уч ойгача мурожаат этиши мумкин.
Яъни жорий йилнинг 3 июль кунига қадар мурожаат қилишингиз мумкин. Бунда фақат ўз вақтида келмаганлик сабаби аризада баён этилади. Ҳеч қандай жарима ёки ҳужжат талаб этилмайди, фақат тиббий кўрик натижаси бўйича маълумотномани тақдим этиш лозим бўлади.
— Биз умумтаълим муассасаларга дарсликлар нашриёти бўйича хусусий корхонада ишлаймиз. Ҳозирда биз ишимизни давом эттиришимиз мумкинми? Иш жойимиздан телефон қилиб, ишга чиқишимиз мумкинлигини айтишди. Шу тўғрими?
— Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра 2020/2021 ўқув йилида умумтаълим муассасаларини дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар билан тўлиқ ва ўз вақтида таъминлаш мақсадида уларни нашрга тайёрлаш ҳамда чоп этиш ишларига жалб этилган давлат ва хусусий нашриёт-матбаа корхоналарининг фаолият юритишига рухсат берилди.
Бунда нашриёт-матбаа корхоналарининг фаолияти ҳудудий Санитария-эпидемиология осойишталик марказлари билан биргаликда санитария-гигиена тадбирларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади; ушбу корхоналарнинг фаолият олиб бориш даврида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этилиши, ходимларга овқатланишни ташкил этиш, шахсий гигиеник воситалар билан таъминлаш учун шахсий жавобгарлик тегишли корхона раҳбарлари зиммасига юкланди.