Сирдарё вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатилиги бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлими, Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда туман, шаҳар, қишлоқ, маҳаллаларда фуқароларнинг карантин қоидаларига риоя қилишларини тарғиб қилиш мақсадида рейд тадбирларини ўтказмоқда.
Вилоятнинг энг чекка ҳудуди – Сардоба тумани маркази – Пахтаобод маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Пахтаобод деҳқон бозори”, “Дўстлик” кўчасида жойлашган озиқ-овқат дўконлари ва бошқа аҳоли гавжум жойларда карантин қоидаларига амал қилиниши юзасидан тезкор рейд тадбири ташкил этилди. Ушбу рейддан кўзланган асосий мақсад, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини асрашдан иборат.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси, яъни эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланган. Ушбу моддага кўра, карантин ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз юриш ёки иш фаолияти юритиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари, яъни 1 миллион 225 минг сўм миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шу каби рейд тадбирлари Сирдарё вилоятининг ҳар бир ҳудудда олиб борилмоқда. Тадбир иштироокчилари, фуқаролардан ўзи ва ўзгалар саломатлигига бефарқ бўлмасликка, ўз саломатлигини асрашни ёддан чиқармасликка чақирмоқда.
Жамоат жойларда тиббий ниқоб тақмасдан юрманг! Карантин қоидаларига риоя қилиш – ҳаммамизнинг бурчимиз эканини унутманг!
А.Қаюмов,
Ф.Тошматов(сурaт),
ЎзА