Карантин постида безорилик қилган уч нафар фуқаро 15 суткага қамалди
Бугунги кундаги эпидемиологик вазиятда фуқароларимиздан фақатгина уйларида қолиб ёрдам кўрсатишлари талаб қилинмоқда.
Бугунги кундаги эпидемиологик вазиятда фуқароларимиздан фақатгина уйларида қолиб ёрдам кўрсатишлари талаб қилинмоқда. Бироқ айрим фуқаролар орасида шу оддий талабни бажариш ўрнига, қийин вазиятда хизмат кўрсатаётган шахсларга нисбатан безорилик хатти-ҳаракатларини содир этаётганлари учраб турибди. Фарғона вилояти Тошлоқ туман маъмурий суди раиси Аброрхон Акрамовнинг ЎзА мухбирига хабар қилишича, 15 апрель куни уч нафар фуқаронинг ана шундай маъмурий иши кўриб чиқилди.
Иш ҳолатига кўра, А.Ҳошимов, А.Усмонжонов ва Х.Мадаминов жорий йил 12 апрель куни соат 21:40ларда Ўзбекистон Республикасида эълон қилинган карантин тадбирлари ижроси юзасидан Тошлоқ ва Қува туманлари чегарасида ташкил этилган блок постига ҳимоя ниқоби тақмаган ҳолда келишган. Ички ишлар ходимлари уларни шахсларини аниқлаб, карантин қоидаларини бузганликлари учун маъмурий баённома расмийлаштиришмоқчи бўлган. Бу фуқаролар туман ички ишлар ходимлари ва постдаги бошқа хизматчиларни уятли сўзлар билан сўкиб, бақир-чақир қилади. Шунингдек, ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталигини бузиб, майда безорилик қилган.
Суд мазкур қилмишга қонуний баҳо берар экан, мамлакатдаги эпидемиологик оғир вазиятда бу каби ҳуқуқбузарликни содир этилишини танқидий баҳолаб, уларнинг ҳар бирига 15 суткадан маъмурий қамоқ ва жарима жазоси тайинлади.
Шу ўринда бу фуқароларни оғир эпидемиологик вазиятда очиқдан-очиқ ҳимоя ниқобини тақмасдан кўчага чиқишиб, махсус ташкил этилган постга гўёки қонунни менсимасликларини кўрсатишини қандай тушуниш мумкин? Синовли кунлар кимнинг қандай эканлигини кўрсатиб қўймоқда назаримизда.