Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Карантин қоидасини менсимаган ҳайдовчи бир кишининг умрига зомин бўлди
12:28 / 2020-04-15

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида юз берган йўл-транспорт ҳодисасида пиёда ҳалок бўлди.


Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида юз берган йўл-транспорт ҳодисасида пиёда ҳалок бўлди. Ушбу фожиа ҳайдовчиниг карантин қоидаларини менсимаслиги натижасида содир этилди.

Туманнинг Саноатчилар маҳалласи ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида Мевазор маҳалласида истиқомат қилувчи 1985 йилда туғилган фуқаро махсус рухсатномасиз “Ласетти” русумли автомашинасини бошқариб кетаётиб шу йўналишда ҳаркатланаётган 1970 йилда туғилган эркак кишини уриб юборган.

Натижада машинанинг тагида қолиб кетган киши бош мия ёпиқ лат ейиши жароҳати билан туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимида вафот этди.

Жамиятнинг қонун-қоидаларига, айниқса ҳозирги фавқулодда вазиятларда риоя қилмаслик оқибати яхшиликка олиб келмайди. Ушбу ҳолатда ҳам бир кишининг ушбу қоида бузиши қанча одамнинг бошига кулфат келтирди. Бир киши ҳаётдан бевақт кетди, бир оила боқувчисидан жудо бўлди.

Жиноят содир этган қоидабузар албатта қонуний жазоланади. Аммо қанча одамларнинг юрагида жамиятда белгиланган тартибни бузувчи бўлмаганида, ушбу фожиа бўлмасди деган бир умрлик армон қолади.

Коронавирус пандемиясига қарши курашда энг самарали йўл ҳозирча карантин қоидаларига амал қилиш бўлиб турганлиги бугун исбот талаб этмайдиган ҳақиқатга айланди. Бироқ юртдошларимиз орасида ана шу оддий ҳақиқатни англаб етмай ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам ҳаётини хатарга қўяётганлар камаймаётгани ачинарлидир.

Жумладан, ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг маълумотига кўра мамлакатимизда карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар Жиззах вилоятида белгиланган қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами 2 минг 115 та ҳолат содир этилган.

Ўзингизнинг ва бошқаларнинг ҳаётини хатарга қўймаслик учун белгиланган карантин талабларига риоя қилинг, деб яна огоҳлантирамиз.