Карантин қоидаларига ҳамма ҳам риоя қилмоқдами?..
Бугунги кунда дунёда коронавирус инфекцияси инсоният аҳлига жиддий хавф солмоқда.
Бугунги кунда дунёда коронавирус инфекцияси инсоният аҳлига жиддий хавф солмоқда. Неча минглаб одамлар вафот этмоқда, ўн минглаб одамлар оғир касалликка чалинмоқда, юз минглаб одамлар карантинга олинмоқда.
Мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши кескин чоралар билан кураш олиб борилаётган айни бир пайтда, мазкур ўрнатилган тартиб қоида талабларига ҳамма ҳам бирдек риоя қиляптими деган ўринли савол туғилади.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, карантин тартибини бузиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик, жамоат тартибини бузиш эса муқаррар жавобгарликка сабаб бўлади
Статистик маълумотлар таҳлилига кўра, биргина 2020 йилнинг 3 апрелидан 17 апрелига қадар Фарғона вилоят маъмурий судлари томонидан каратинга қарши курашишнинг белгиланган тартиб-қоидаларини бузган 152 нафар шахсга нисбатан 119 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилган.
Судлар томонидан ҳуқуқбузарларнинг 137 нафарига маъмурий қамоқ,
13 нафарига эса жарима жазолари қўлланилган. Ҳуқуқбузарлик содир қилган шахсларнинг 3 нафарини аёллар ташкил қилади.
Масалан, ҳуқуқбузарлар С.А ва Б.А 2020 йил 11 апрель куни тунги соат 23:20 ларда жамоат жойи ҳисобланган Учкўприк тумани, Жалоер қишлоғи ҳудудида спиртли ичимлик истеъмол қилишиб, ҳимоя ноқобисиз маст ҳолда, шу ҳудудда ўрнатилган вақтинчалик блок пости олдида сўкиниб, бақир-чақир қилишиб, ИИБ ходими М.Анинг ҳуқуқбузарликни тўхтатиш ва карантин қоидалари ҳамда жамоат тартибига риоя қилиш ҳақидаги қонуний талабларига бўйсунмай, унга қаршилик қилишиб ҳуқуқбузарлик содир қилишган. Мазкур маъмурий иш Учкўприк туман маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, суднинг қарори билан ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси 1-қисми, 183-моддаси, 187-моддаси 1-қисми ва 194-моддаси 1-қисми билан, ушбу кодекснинг 34-моддаси тартибида 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди ва ҳуқуқбузарлардан қамоқ харажатлар ундирилиши белгиланди.
Бундан ташқари, ҳуқуқбузар Т.О 2020 йил 15 апрель куни соат 18:00 ларда жамоат жойи ҳисобланган Бешариқ тумани Узун қишлоғи марказида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда ниқобсиз юриб, жамиятда ўрнатилган юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан уятли сўзлар билан сўкиниб, бақир-чақир қилиб, у ердаги фуқароларнинг осойишталигини бузиб, майда безорилик қилган. Бундан ташқари Бешариқ тумани ИИБ ходимларининг ҳуқуқбузарликни тўхтатиш ҳамда ИИБ биносига бориш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаган. Ушбу ҳаракатлари учун ҳуқуқбузар Т.Ога Бешариқ туман маъмурий судининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси 1-қисми, 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисми 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Ҳурматли фуқаролар, зарурат бўлмаса кўчага чиқманг ва уйингизда қолинг. Карантин талабларига қатъий риоя қилинг! Бу билан Сиз нафақат ўзингизни, балки фарзандларингизни, яқинларингизни ва бутун Ўзбекистон халқини асраган ва коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олишга жуда катта ҳисса қўшган бўласиз.
Ўктамжон Пўлатов,
Фарғона вилоят маъмурий суди
раиси вазифасини бажарувчи.