КАРАНТИН: Марказий Осиёда масофавий таълим тажрибаси
Маълумки, айни пандемия даврида Марказий Осиё давлатлари таълим тизими оғир синовни бошидан ўтказмоқда. Пандемия онлайн таълим тажрибасидан йироқ бўлган Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларни интернет тармоғи ва ТВ орқали дарс ўтишга "мажбурлади".
Маълумки айни пандемия даврида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон таълим тизими оғир синовни бошидан ўтказмоқда. Пандемия онлайн таълим тажрибасидан йироқ бўлган Марказий Осиё давлатларини интернет тармоғи ва ТВ орқали дарс ўтишга "мажбурлади".
Бутун мамлакат интернет тармоғи билан қамраб олинмаганлиги, ўқитувчиларнинг барчаси информацион технологияларда нисбатан ўқувсизлиги ва ҳудудларда интернет тезлигининг пастлиги каби муаммолар қўшни давлатларда ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Фарзандлари билан бирга дарс тайёрлашга одатланмаган ота-оналарнинг эса ўқитувчиларга нисбатан ҳурмати ошди.
ЎзА мухбири онлайн таълим тизими қўшни Қозоғистон, Қирғизистон давлатларида қандай ўтказилганлигига қизиқди.
ҚОЗОҒИСТОН
2020 йил ўрта махсус таълимининг сўнгги босқичида мамлакатда коронавирус билан касалланганларнинг сони ортгани сабаб мактаблар ёпилган ва масофадан таълим олиш тизимига ўтишга тўғри келган. Масофадан таълим беришда мессенжерлар ва телевидение ёрдами нисбатан қулайроқ ечим бўлган. Янги ўқув тизими мамлакатда барчанинг бирдек интернетга уланиш имконияти йўқлиги, аҳоли орасида зарур техникаларга эга бўлмаган оилалар борлигини кўрсатган.
Қозоғистон таълим вазири Асхат Аймагамбетовнинг қайд қилишича, мамлакатдаги 2,5 миллион мактаб ўқувчилари учун онлайн таълим тизимини ташкил қилишнинг имкони бўлмаган.
"2,5 миллион ўқувчини тўғридан-тўғри онлайн эфирда ўқитишнинг иложи йўқ. Бутун мамлакат миқёсида онлайн дарс ўтиш нореал иш. Шунинг учун, мазкур тизимда ТВ ва мессенжерлардан фойдаланиш энг тўғри йўлдир", дейди Асхат Аймагамбетов.
Қозоғистонда ўқувчилар "Balapan" ва "EL ARNA" телеканаллари, турли интернет сайтлари ва радио орқали дарсларни кузатишган. Видеодарслар умумий 3 минг соатни ташкил этган.
ТВ дарсларидан мамнун бўлганлар билан бирга норозилар бўлганлар ҳам бўлган. Видеодарслар ўқувчилар қўлидаги адабиёт мавзулари билан тўғри келмаслиги, баъзи фанлар мисол учун инглиз тили бўйича бутун мамлакатда биргина адабиётдан фойдаланилмаслик муаммолари кўзга ташланиб қолди.
Ғарбий Қозоғистон ҳудудида истиқомат қилувчи, кимё ўқитувчиси Алла Шолдинанинг фикрича, ТВ дарсларнинг ўзи билим олиш учун кифоя қилмайди.
«ТВ дарсларнинг ўзи ҳаммасини уддалай олмайди. Ўқитувчисиз умуман иложи йўқ. Ўқитувчи болаларни рағбатлантириб туриши, мавзу юзасидан савол бериб, уларни текшириши шарт. Кимё, физика каби мураккаброқ дарсларни биргина видеодарс билан тушуниш анча қийин масала. Ўқувчиларда мавзу бўйича савол туғилиши табиий», дейди Алла Шолдина.
Мамлакат матбуотининг ёзишича, чекка қишлоқларда аҳолида интернет бўлсада, ноутбук етишмаслиги жиддий муаммо туғдирган. Шунинг учун эҳтиёжманд оилалар мактаб компьютерлари билан таъминланган.
"Zoom" дастури орқали дарс ўтишни хоҳладик аммо, интернет алоқаси сустлиги бунга имкон бермади. Шунинг учун қисқа видеодарс тасвирга олиб "WhatsApp" дастури орқали юборишга мажбур бўлдик. Ўқувчилар эса уй вазифаларини суратга олиб, тармоққа ташлашди”, дейди инглиз тили ўқитувчиси Алия Турлибекова.
Ҳатто интернет муаммо бўлмаган йирик шаҳарларда ҳам онлайн дарс тизимига ўтиш қийин кечган. Ўқитувчилар икки ҳафта ичида янги техника ва дастурларни ўзлаштиришга мажбур эдилар.
"Kundelik", "Daryn Online", "Bilim Land" каби ўқув дастурларини ишлатишда аксарият ўқитувчилар қийинчиликка дуч келган ва улар мессенжерлар орқали дарс ўтишни қулай деб билганлар.
Шу билан бирга юқорида тилга олинган дастурлар катта босимда онлайн бўлган ўқувчилар оқимини кўтара олмаган.
Қозоғистонлик мустақил социолог Камила Ковязина масофавий таълим мамлакат ўқув тизимидаги камчиликларни кўрсатиб қўйганлигини қайд этган.
"Ўқитувчилар хорижда оммалашган "Google classroom", "Zoom-confrence" қўлланмаларини эркин ишлата олишмади. Масофавий таълимни биринчи босқичи ўқитувчиларни янги технологияларга мослаштириш билан ўтиб кетди. Масофавий таълим учун махсус қўлланмаларимиз йўқлиги кўриниб қолди. Биз қониқарли масофавий таълим бера олдикми, албатта йўқ. Бу бошланғич таълим ўқувчиларининг ўзлаштириш даражаларига жиддий таъсир қилади. Бироқ, шошилинчда биз масофавий таълим бўйича тажрибага эга бўлдик, хатоларимизни кўрдик. Бу тизимни яхши тарафга ўзгартиришимизга ёрдам беради ”, дейди Камила Ковязина.
ҚИРҒИЗИСТОН
2020 йилнинг 8 апрелидан бошлаб барча Қирғизистон мактаблари масофавий таълим тизимига ўтишга мажбур бўлди. Қирғизистон таълим ва илм-фан вазирлиги ҳам Ўзбекистондаги каби энг яхши мутахассисларни тўплаб ТВ дарсларни ташкил этишга жалб этди. 200 нафардан ортиқ ўқитувчилар видеодарсларни тайёрлашда иштирок этган. "Баластан", "Илим Билим", "Санат", "Пирамид" ва "Пятый канал" телеканалларида видеодарслар ташкил этилди. Кўпгина ота-оналар дарслар турли каналларда намойиш этилганидан норози бўлдилар. Уйда қанча бола бўлса шунча телевизорга эҳтиёж туғилган. Чунки, турли синф дарслари бир вақтда эфирга узатилган.
Қирғизистоннинг таълим ресурслари интернет порталида ўқувчилар учун қўшимча машғулот ва адабиётлар тақдим этилди. Бироқ, барча адабиётларни онлайн-платформага ўтказишга улгирмаганлар.
Шунингдек, барча мамлакатлардагидек бу ерда ҳам интернетсиз ёки компьютер технологияларига эга бўлмаган оилалар топилади. Телевизор орқали дарсларни тамоша қилгач, дарсларни тайёрлаб ўқитувчига узатиш учун компьютер керак бўлади. Шу сабабли Қирғизистоннинг компьютерсиз оилалари ҳам масофавий таълимда қийинчиликка дуч келган.
Ўқувчиларнинг тўлиқ билим олиш учун "Telegram", "WhatsApp", "Classroom", "Zoom" дастурлари ва уларни қўллашда ёрдам бериш учун уқувли ота-она ёрдами керак бўлган.
Ўқитувчи Талгет Деркембаев мамлакатда ноутбук, интернетлари бўлмаган ўқувчилар билан ишлаш қийин кечганини айтмоқда. Айрим болалар ижтимоий тармоқ дастурлари билан илк маротаба тўқнаш келди. Бу борада уларга ота-оналарининг ҳам ёрдам бера олмаслиги муаммони яна ҳам чигаллаштирган.
"Интернетга уланмаган ва тартибли бўлмаган ўқувчиларни уй вазифаларини кузатиш қийин кечди. Аммо, танқид қилиш ноўрин, деб ўйлайман. Биз энг асосийси болаларни соғлом сақлаган ҳолда ўқув йилини якунлаб олишга эришдик", дея фикр билдирган Талгет Деркембаев.
Ушбу икки қўшни давлатлар масофавий таълимни йўлга қўйишда дуч келган муаммолари биз учун ҳам бегона эмас. Халқаро электр алоқаси бирлашмасининг маълумотларига кўра, Қозоғистон Марказий Осиёда интернет алоқаси сифати бўйича биринчи ўринни эгаллайди. Қирғизистон эса Ўзбекистондан кейинги ўринда туради.