Байрам арафасида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг инспекторлари томонидан кучайтирилган назорат тадбирлари олиб борилади.
“Яллама” чегара постида ўтказилган навбатдаги карантин кўриги давомида Хитойдан импорт бўлган мевалар орасидан фитосанитар сертификатида кўрсатилмаган маҳсулотлар борлиги аниқланди.
- 2025 йил 24 декабрь куни “Яллама” ўсимликлар карантини чегара масканига Хитой давлатидан Ўзбекистон Республикасига кириш учун ҳаракатланиб келган транспорт воситаси шубҳа уйғотганлиги сабабли божхона ходимлари билан ҳамкорликда ҳужжатлари текширувдан ўтказилганда тахминан вазни 1 тонна 200 кг бўлган “Мускат” узумлари борлиги аниқланди, - дейди “Яллама” ўсимликлар карантини чегара маскани мудири Камолиддин Жўраев.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти ва экспортида ҳар бир давлат билан фитосанитар хавфсизлик борасида келишувлар амал қилади. Унга асосан экспортёр мамлакат зараркунандалардан холи, хавфсиз маҳсулотларни жўнатишни ўз зиммасига олади. Бироқ баъзида маҳсулотлар фитосанитар сертификатида қайд этилмайди ва зарур бўлган лаборатория текширувларидан ўтказилмайди. Шу боис зарарли организмлар ташувчисига айланиши эҳтимоли катта.
- Узумнинг зарарли организмлари кўп бўлиб, уларнинг ичидан энг хавфлиси узум “филлоксера” зараркунандасидир, - дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг бош мутахассиси Бахтиёр Шораҳмедов. – Шу боис мамлакатимизда узум навларини ушбу касалликдан сақлаш мақсадида унинг импортига рухсат этилмаган. 2025 йил бошидан шу кунга қадар биргина Хитой давлатининг ўзидан 10 тонна узум маҳсулоти импорт қилинишининг олди олинди. Импортёрлар маъмурий жавобгарликка тортилган.
Қишлоқ хўжалиги стратегик йўналиш ҳисобланиб, халқаро савдода фитосанитар қоидаларга амал қилиш муҳим. Сабаби хавфсизлиги кафолатланмаган маҳсулотлар орқали Ўзбекистон ҳудудларига зарарли организмларнинг кириб келиши ва тарқалиб кетиши мумкин. Шу боис карантин хизмати чегара масканларида доимий фитосанитар назоратни олиб боради ва юқоридаги каби қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олишга жиддий эътибор қаратади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/P9YhOa5T0qU" title="Karantin ko‘rigida noqonuniy mahsulot aniqlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА