Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Карантин эълон қилингандан буён ўзга оламда яшаётгандаймиз
21:16 / 2020-04-06

Бир неча кундан буён остона ҳатламасдан уйда ўтирибмиз.

“ Эй умри азиз ”

Бир неча кундан буён остона ҳатламасдан уйда ўтирибмиз. Шундай кунни бошдан кечирамиз деб ўйламаган эканмиз. Тезкор замоннинг ошиғич ишлари ўрнини босиқ, вазмин сокинлик эгаллади. Шу лаҳзаларда грузин ёзувчиси Нодар Думбадзенинг “Абадият қонуни” асари бош қаҳрамони Бачана Рамишвилининг ҳаётий хулосаси ёдга тушади. У айтгандики, ҳар бир инсон лоақал бир марта бемор бўлиб касалхонада ётиши, ўз умр йўли ҳақида ўйлаб кўриши керак экан.

Дарҳақиқат, эрталаб ишга шошмаган, кечқурун уйга интилмаган инсон шу пайтгача нималарга эришгани, қаёққа қараб кетаётгани ҳақида чуқур ўйга толишга имкон топади.

Дарвоқе, ҳаш-паш дегунча 21-асрнинг 20-йилига қадам қуйибмиз. Кечагина эмасмиди, янги асрда қандай замонда яшашимиз ҳақида баҳс юритганимиз. Лекин ҳеч ким бу асрда ҳозирги ҳолатга тушишимизни башорат қилмаганди. Кўзи очиқлардан кўра келажакни аниқ кўрганлиги ҳақида Ванганинг мавҳум фикрларини энди мослаштириб айтишаётгани қуруқ сафсатадан бошқа нарса эмас, деб ҳисоблайман.

Карантин эълон қилингандан буён ўзга оламда яшаётгандаймиз. Гўё вакуум шароитида муаллақ тургандаймиз. Дунё ҳам, умримиз ҳам омонатдай. Шу лаҳзаларда ҳаётнинг нақадар лаззатли эканини дилдан ҳис қила оласиз. “Оддий бир тасодифнинг оддий бир ҳамласида” (Абдулла Орипов таъбири) неча-неча асрлару қулаб тушгулик. Ҳазил гапми, бу хосиятсиз хатар Ер сайёрасидаги бутун инсониятга таҳдид солмоқда. Инсоният эса турли-туман давлатлардан иборат. Турли-туманлиги шундаки, умумий хавфга муносабат бир-биридан фарқ қилади. Ўзбекистон ўз вақтида бир ойлик карантин эълон қилганлиги шу даражада тўғри бўлдики, кейинчалик улкан давлатлар ҳам унинг изидан борди.

“Ўзбекистон 24” телеканали орқали навбатдаги янги соат аввалида Бош санитария давлат инспектори Нурмат Отабековнинг чиқишини бамисоли фронт майдонидан олинган хабар сифатида эшитмоқдамиз. Агар коронавирус эпидемиясига чалинган беморлар сони кўпайган бўлса, “Афсус, яхши бўлмабди” деб қўямиз. Ўзгариш бўлмаса, “хайрият” деймиз. Агар ушбу хасталикдан бутунлай соғайганлар ҳақида хушхабар берилса, душманнинг чекингани ҳақидаги янгиликни эшитгандек бўламиз. Аслида кейинги кунларда касалланганлар сони “интенсив” кўпаяётганининг муҳим томони бор. Инфекцияга чалинганлар сони кўпайиб, замонавий усулларда даволанаётганлар сафи кўпайгани яхшими ёки улар аниқланмай кам кўриниб турганими?!

Дарвоқе, соғайиб чиққан юртдошларимиз саноқли кунларда бошларидан қандай кечинмалар ўтказганларини тасаввур қиламиз. Илк бор тиббиёт ходимидан олинган таҳлил натижасига қараб, “Сиз коронавирус инфекциясига чалинибсиз, хавотирланманг, даволанишингиз учун барча чорани кўрамиз” деганда ташхис худди ҳукмдай эшитилгандир. “Наҳотки, умрим ниҳоясига етган бўлса” деган шубҳа-гумон унинг ич-этини кемирган бўлиши мумкин. Саноқли кунлар ичида шифокорларнинг фидойилиги, Яратганнинг инъоми билан тўлиқ соғайганлиги айтилганда нариги дунё ёқасидан қайтиб келгандай, қайта туғилгандай сезса ажаб эмас. Шунинг учун шифо топган кишилар клиника дарвозасидан рақс тушиб чиқдилар. Уни экранда кўрган юртдошларимиз ҳам астойдил хурсанд бўлдилар.

Ўзбекистон заминида қанчадан-қанча қазилма бойликлар, табиий неъматлар кўп. Лекин энг катта бойлигимиз – меҳнаткаш, бағрикенг халқимиздир. Давлатимиз раҳбари кеча-ю кундуз шу халқ тан-жони соғ бўлиши учун тинимсиз бош қотирмоқда. Қандай қилсак бу офатдан одамларимиз кам талофат кўради, нима қилсак, иқтисодиётимиз зарари камроқ бўлади? Шарҳловчилар Юртбоши мурожаатларида, шунга ҳамоҳанг фармон ва қарорларида халқ манфаатларини муҳофазаловчи чекловлар ҳақида кўп гапиришаяпти. Таъбир жоиз бўлса, ушбу ҳужжатларда айни пайтда кўплаб имтиёзларни таъкидлаган бўлардим.

Президентимизнинг узоқни кўзлаб юритаётган сиёсатига кўра солиқ ставкалари камайтирилди, тўлаш муддатлари кейинга сурилди. Божхона имтиёзлари халқни муҳим дори-дармон билан таъминлаш имконини бермоқда. Ҳар дақиқа, ҳар жойда инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун қўйилмоқда.

Агар фуқаролар жамиятнинг барча талабларига риоя қилишса, бошқа жабҳаларда давлат ишончли кафолат яратяпти. Сизу биздан фақат уйда ўтириш, ўзга кишилар билан мулоқотда бўлмаслик талаб қилинмоқда. Шахсий автотранспортлар, йўловчи ташиш автобуслари, метролар ҳаракати карантин даврида тақа-тақ тўхтатилгани масаланинг қанчалик жиддийлигини кўрсатиб турибди-ку?!

“Ўн кун уйда ўтириб сиқилиб кетдим, бугун кўчага чиқиб, хиёбонгача пиёда юриб келдим” дейди қўшниларимиздан бири. Бу гапни эшитган бошқа қўшним: “Бугун тоат-ибодатингиз бир пул бўлибди-да” деганда ҳақ эди.

Юқорида, инсон табиатан кенгликни, эркинликни хоҳлайди. Лекин ҳозирги босиқ, вазмин, осойишта ҳаётимиз ўша эркин кунлар учун заминдир. Агар сабр-қаноат билан шу нозик кундан тинч ўтиб олсак, нариёғи бахтиёр кунлар келади. Биз коронавирус пандемияси сабабли карантин кунларида ҳурлик, эркинлик қадрига кўпроқ етдик. Энди озод кунларда ҳар бир кунимизни, ҳар бир соатимизни унумли, мазмунли ўтказиш ҳаракатида бўламиз. Ўшандай кунлар орзусида ҳаммамиз якдил бўлиб уйда ўтирайлик.

Шуҳрат Жабборов,
Ўзбекистон Республикасида
 хизмат кўрсатган журналист