Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Карантин даврида масофавий таълим ўзини оқлаяптими?
10:39 / 2020-04-09

Мактабларда тўртинчи чораклик ҳамда олий таълим муассасаларида иккинчи семестр баҳолари айнан масофавий ўқитиш таълими орқали амалга оширилади.


Масофадан ўқитиш тизими замон билан ҳамқадам инсон (ўқитувчи, ўқувчи ва ота-она) учун жуда қулай усулдир. Бунга кўра, даставвал ўқитувчи интернетга киради ва тасдиқланган дарслар асосида сайтга ва ёки махсус ижтимоий тармоқ каналига ўзининг видео маърузаларини, савол ва топшириқларини жойлаб боради. Шундан сўнг устози томонидан берилган барча тошириқлар билан ўқувчи ёки талаба интернет орқали истаган пайтда танишади ва берилган топшириқларни бажаришга киришади, бажарганларини яна видео ва ёки бошқача кўринишда устозига юборади. Хуллас, бугунги масофавий таълим жараёни тахминан шу тарзда амалга оширилмоқда ва ушбу жараёнда кимнинг қандай иштирокига қараб баҳолар аниқланмоқда. 

Айтишларича, мактабларда тўртинчи чораклик ҳамда олий таълим муассасаларида иккинчи семестр баҳолари айнан масофавий ўқитиш таълими орқали амалга оширилади. Тўғри, бир қарашда ҳаммаси осон ва тез бажарилади. Бу йўсинда ишлаш, айниқса, карантин даврида қўл келади ва ҳар томонлама фойдали ҳисобланади. Бундай вазиятда бошқача йўл тутишнинг ҳам асло имкони йўқ. Аммо бу борада юзага келаётган муаммоларни ҳам эсдан чиқармаслигимиз керак, зеро, уларни бартараф этмасдан туриб бу тизимга ўтиш ҳам у қадар ўзини оқламайди. Хўш, бундай ноқулайликлар нималардан иборат? 

Биринчидан, оддий ва маълум муаммо бу – барча жойларда интернет йўқлиги ёки бор жойларда ҳам талаб даражасида ишламаслигидир. Тасаввур қилинг, бугун ёшларимизнинг аксарияти (мактаб ва олий таълимда таҳсил олаётганлар назарда тутилмоқда) вилоятларда, чекка туман ва қишлоқларда истиқомат қилади. Уларда қай даражада имконият бор деб ўйлайсиз? Агар бўлмаса, алоқа тизимини яхшиловчи махсус техник қурилмалар (антенналар) ўрнатишнинг наҳотки, имкони йўқ?! Агар шундай қилинса, шу баҳона барча ҳудудларимизга интернет кириб борган ва ундан алоқа мобил компаниялари ҳам янада яхши фойдаланган бўлар эди. Агар бунинг иложи йўқ бўлса, унда нега масофавий таълимга ўтилди, ундан кўра, карантиндан сўнг қўшимча вақт берилгани ёки яна бошқача йўллари пухта ўйланса бўлмасмиди?

Иккинчиси, бу мактабда масофавий таълимни йўлга қўйиш билан боғлиқдир. Бугун мактабларда KUNDALIK.COM тизимида ишлаш жорий этилди. Унга кўра, ўқитувчи ўқувчига дарсликлар асосида топшириқлар йўлламоқда. Ўқувчилар ва ота-оналар томонидан бажарган топшириқлар эса минг азоб билан ушбу тизимга жойлаб борилаяпти. Кимдир буни уддалаяпти, кимлар эса йўқ. Назаримда, бу тизимда иш бажариш учун андроид телефон ёки интернетга уланга компьютери бўлиши керак. Қолаверса, минглаб гегабайт интернет трафиги соҳиби бўлмоқ даркор. Кўпчилик оилаларда ҳам олий ўқув юртида, ҳам мактабда ўқийдиган фарзандлар борлигини инобатга олсак, бу ҳам бир катта ижтимоий масалани келтириб чиқаришини англаш қийин эмас. Бу биргина менинг фикрим деб ҳисобламайман, бу – кўпчилик ота-оналарнинг фикридир. 

Хуллас, KUNDALIK.COM масофавий алоқа тизимининг жуда қийин ва ноқулай томонлари кўп. Унга маълумотларни жойлашнинг имконияти кам ва тушунарсиздир. Балки бу тизимга бирданига кирувчилар сонининг кескин кўплиги шундай вазиятни келтириб чиқараётгандир. Аммо нима бўлганда ҳам бу ортиқча асаббузарликларга сабаб бўлаётгани рост. Фикримизча, ушбу тизимни соддалаштиришни яна бир бор ўйлаш керакдек. Балки, бундай пайтда ўқитувчи фанлар ва синфлар кесимида телеграм гуруҳлар очиши ёки ўқувчиси билан телефон орқали савол-жавоб қилиб, топшириқларни бергани маъқулдир. Интернет яхши ишлайдиган жойларда эса ўқитувчи телеграм орқали дарсларни ташкил этгани тузукдир. Шунда ота-она ва ўқувчилар учун ҳам осон, ҳам содда бўлиб, асосий вақтини телефон титкилаш билан эмас, балки дарсларини ўқиш ва ўзлаштириш, берилган топшириқларни вақтида бажаришга сарфлаган бўлар эди. 

Шу ўринда телевидение орқали дарсларнинг ташкил этилгани яхши ғоя ва амалиётда кутилган натижаларни бераётганини ҳам эътироф этиш жоиз. Негаки, улар осон ва қизиқарли тарзда ўқувчи томонидан қабул қилинмоқда. Ортиқча меҳнат, асаббузарликлар йўқ. Кўради, эшитади, ёзади ва бажаради. Керак бўлса шу орқали ўқитувчисига ҳисобот бериши ҳам мумкин. Теледарснинг барча учун қулайлиги кенг жамоатчилик, айниқса, ота-оналар томонидан айтилмоқда. Бўлар экан-ку?! Аммо мураккаб замонда яшаётган инсон учун юқорида айтилганидек мураккаб масалаларнинг қўйилаётгани яхши эмасдир. Хуллас, бундай пайтда “етти ўлчаб бир кес” нақлига амал қилиб, барча шароит ҳамда имкониятларни инобатга олган ҳолда осон ва қулай ишлаш тизимига ўтмоқ керак, демоқчимиз.


Шуҳрат ҲАЙИТОВ, 
Филология фанлари бўйича фалсафа доктори.