Карантин ва меҳнат ҳуқуқига оид саволларга Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева жавоб берди.
Карантин ва меҳнат ҳуқуқига оид саволларга Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева жавоб берди.
– Туроператорлар ва авиаташувчилар томонидан хорижий мамлакатлардаги фуқароларимизни республикага олиб келишга рухсат берилганлиги ростми?
– Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган давлатлардан Ўзбекистонга кириб келаётган фуқароларга ўз ҳоҳишига кўра 14 кунлик карантин назорати даврини ҳақини тўлаган ҳолда меҳмонхонада ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланди.
Хусусан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан шакллантирилган рўйхатга киритилган меҳмонхоналар уларга тегишли объектларни 24 соат узлуксиз қўриқлаш бўйича Миллий гвардия билан шартнома тузади. Ушбу меҳмонхоналарда тиббиёт муассасалари томонидан шартнома асосида кундалик тиббий хизмат ташкил этилади. Фуқаролар республиканинг халқаро аэропортлари ва чегара ўтказиш пунктларидан меҳмонхоналаргача йўл патрул хизмати вакиллари кузатуви остида транспорт воситалари билан етказилади.
Бундан ташқари, барча юқорида қайд этилган талабларга қатъий риоя этган ҳолда карантин назорати даврини ўтказиш учун меҳмонхоналарда жойлаштириш шарти билан хорижий мамлакатлардаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахсларни туроператорлар ва авиаташувчилар томонидан ҳам республикага етказиб келиш рейслари ташкил қилинишига рухсат берилди.
– Жорий йил 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни даволаш билан боғлиқ янгича тартиб жорий этилиши ҳақида эшитдик. Шу ҳақда маълумот берсангиз.
– 5 июлдан бошлаб жорий этилаётган янгича тартибда кўра, касаллик аломатларисиз кечаётган енгил шаклдаги беморлар шифокор тавсиялари асосида, санитария-гигиена қоидалари ҳамда парвариш учун зарур шароитлар мавжуд бўлганда, уй шароитида даволанишига рухсат этилади.
Шифохоналарда ва уй шароитида даволанаётган касаллик аломатларисиз кечаётган енгил шаклдаги беморлар 10 кун муддатда клиник белгилари кузатилмаган тақдирда назоратдан чиқариш амалиёти жорий этилади. Коронавирус инфекцияси тасдиқланган бемор билан бирламчи мулоқотда бўлганлар 14 кунлик карантин муддатини уй шароитида ёки тасдиқланган рўйхатга асосан меҳонхоналарда барча санитария-эпидемиология ва карантин чекловларига риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилади.
– 84 ёшли отам 12 йилдан буён I гуруҳ ногирони. Кекса ёшдаги шахсларга қараган давр иш стажи ҳисобланадими?
– Амалдаги қонунчиликка кўра, I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача бўлган ногирон болага, шунингдек ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган (даволаш муассасасининг хулосасига кўра) 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланади. Бунда умумий иш стажи камида 7 йил бўлган тақдирда иш стажига қўшиб ҳисобланади.
– Иш вақтимиздан ташқари бизни ишга жалб қилишмоқда. Мактаб ўқитувчиларини ишдан ташқари вақтда ишга жалб қилиниши мумкинми?
– Меҳнат кодексининг 124-моддасига асосан ходим учун белгиланган кундалик иш муддатидан ташқари ишлаш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади. Иш вақтидан ташқари ишларга ходимнинг розилиги билан, икки ҳисса миқдорда ҳақ тўлаган ҳолда жалб этишга рухсат берилади. Иш сменасининг муддати 12 соатдан иборат бўлганда, шунингдек меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди.