Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Карантин қачон тугайди?
11:28 / 2020-04-02

Уйда қолинг! Бу чақириққа жавобан аҳоли уйида. Ташқарида эса гўзаллик фасли Баҳор ўтиб бормоқда.


Уйда қолинг! Бу чақириққа жавобан аҳоли уйида. Ташқарида эса гўзаллик фасли Баҳор ўтиб бормоқда. Биз эса уни деразадан томоша қилишга маҳкуммиз. На чора. кўпга келган тўй бу.

Бироқ, ўз кўнглини хушлаб, бошқаларникига ҳадик оралатиб бўлса-да, ён-атрофни шунчаки сайр қилаётганлар ҳали ҳам бор. Жавобиям тахт: “Ахир, карантин қоидаларини бузаётганим йўқ, ниқоб таққанман”.

Биз эса айни дам уйдан чиқмасликка ўзида куч топа олганларни қўллаб-қувватлаймиз. Чунки карантин қачонгача давом этиши фақат ўзимизга боғлиқ. Бироз муддатга эски одатларимизни тарк этмас эканмиз, карантин чўзилиб кетаверади. Адлия вазирлиги масъул ходими Акмал Жумамуродов бу борада фикр билдирди:

Чекловларнинг чеки борми?

Вазият юмшаши учун ҳам тартиблар қаттиқ. Тақиқлар, чекловлар, ман этишлар... Шуларга қарамай, карантин эълон қилингандан буён қоидаларга амал қилмаслик билан боғлиқ жами 18 мингга яқин ҳуқуқбузарлик аниқланган. Уларнинг 3 мингдан зиёди пойтахтда яшаётган аҳоли “ҳисса”сига тўғри келади.

Ҳолбуки, инфекция энг кўп тарқалган марказ ҳам шу ер. Ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг қарийб 10 мингга яқинини ёшлар (!) ташкил қилмоқда (18-30 ёш). Жамиятнинг энг фаол қатлами улар. Аммо айни дамда энг катта қаҳрамонлик уйда қолиш билан ўлчаняпти. Ҳозирги шароитда ёшларча “ғўрлик”лар бас қилинмас экан, чекловлар ҳам кучайиб бораверади.

Қариялар уйдан ташқарига чиқмайди

Карантин шароитида кечадан бошлаб янги чеклов ўрнатилди. Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида “ўзини яккалаш” (само изолация) ҳаёт тарзи жорий этилди. Эндиликда 65 ёшдан юқори фуқароларга уйидан ташқарига чиқиш қатъиян ман этилади. Зарурат бўлган тақдирдагина яқин атрофдаги дорихона, озиқ-овқат ва биринчи галдаги товарлар дўконига чиқишга рухсат этилади.

Нима учун айнан қариялар? Маълумки, организм ёш ўтгани сайин касалликка тез чалинувчан бўлиб, унинг курашувчанлик хусусияти сусаяди. Чеклов эса қарияларни асраб-авайлашга қаратилган.

Хайрия акциялари тўхтатиладими?

Карантин шароитида бирдамлик кучайди. Хайрия акциялари кенг тус олди. Бунда асосий эътибор ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларга қаратиляпти.

Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Қош қўяман, деб кўз чиқармаслик. Яхшилик қилишга ошиққан яхши, аммо бугунги вазиятда ҳеч бир таваккал ўзини оқламайди, ҳатто у яхшилик бўлса ҳам. Уйда қолиш талаб этилаётган, қариндош-уруғни йўқламай туриш яхшилик сифатида қаралаётган бир вазиятда уйма-уй юриш, гуруҳ-гуруҳ бўлиб хайрия акцияларини ташкил қилиш вируснинг янада кенг тарқалиш хавфини оширади. Шуни инобатга олиб, якка тартибдаги хайрия акциялари вақтинча тўхтатилади. Аниқроғи, уларни амалга ошириш шакли, тартиби ўзгаради.

Эндиликда хайрия акциялари марказлашган ҳолда йўлга қўйилади. Бунинг учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, ҳокимликлар томонидан Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари ташкил қилинади.

Марказларнинг вазифалари қандай?

Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари эҳтиёжманд шахсларга хайрия ёрдамларини манзилли етказишда кўмаклашади. Бунинг учун ушбу марказлар томонидан ихтиёрий равишда хайрия ёрдамини кўрсатиш ишларида қатнашмоқчи бўлган шахслардан волонтёрлар рўйхати шакллантирилади. Мурожаатга кўра марказ хайрия ёрдамини кўрсатмоқчи бўлган шахсни эҳтиёжманд шахслар умумий сони билан таништиради. Унга хайрия суммасидан келиб чиқиб ёрдам кўрсатилиши зарур бўлган шахсларни тавсия қилади.

Агар хайрия пул кўринишида бўлса, марказ ушбу маблағларни “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказишни тавсия қилади. Борди-ю, хайрия қилувчи пул маблағларини эҳтиёжманд оилаларга тўғридан-тўғри бериш истагини билдирса, унга тегишли шахсларнинг пластик карта рақамлари ҳақидаги маълумот тақдим этилади.

Хайрия нақд пул шаклида бўлса, марказ ушбу маблағга озиқ-овқат, тиббий воситалар ва ҳ.к. сотиб олинишини ташкил қилади. Хайрия ёрдами етказулгунга қадар унинг санитар-гигиеник талабларга мувофиқ сақланиши таъминланади.

Умуман, хайрия ёрдамлари карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда эҳтиёжманд шахсларга етказилади. Хайрия қилувчи ўз хоҳишига кўра бу жараёнда қатнашиши мумкин.

Медиапул майдончаси ташкил қилинади

Шаффофликни таъминлаш мақсадида блогер ва журналистлар учун махсус медиапул майдончаси ташкил қилинади. Марказлар ҳақидаги маълумотлар (телефон рақамлари, масъул шахслар, жойлашган манзили ва ҳ.к.) ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва телевидение орқали кенг аҳоли қатламига етказилади. Хайрия акциялари шу тарзда давом этади.

Яхшилик ҳақида яхши нақл бор: “Яхшилик қил-у сувга от...” Бироқ бугунги жараён ҳолатни “сувга отиш”ни эмас, кўпроқ юзага чиқаришни – ёритишни талаб этмоқда.

Чунки фуқаролар вазиятнинг жиддий эканини англаб етиши, карантин қоидалари, чекловлар нимага эканини тўлиқ ҳис қилиши учун ҳам жараёнга тааллуқли ҳар бир маълумотни борича тақдим этиш шарт.

Демак, юқорида қайд этилгандар тавсиялар эмас, талаблардир. Талабларга риоя этайлик, масъулиятни унутмайлик!