Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Каппадокия мўъжизаси: ғорларда яшовчи оилалар, ерости шаҳарлари ва такрорланмас ландшафт
16:21 / 2021-01-28

Узоқ тоғли ўлкалардаги ғорларда яшайдиган одамлар, ўз суюкли маликасини ўша ғорда яшайдиган махлуқдан қутқарган қаҳрамонлар каби саргузаштлар асосан эртакларда учрайди.

Айнан мана шу эртакларда учрайдиган ғорда бугун ўзим меҳмонман. Қандай дейсизми?! Туркиянинг Каппадокия шаҳридаги биз турган меҳмонхона узоқ ўтмишда отилган кучли вулқонлар натижасида ҳосил бўлган пирамидага монанд тепаликларда жойлашган. Бундай бетакрор муҳитли меҳмонхонани яна қаердан топасиз!

Бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистларнинг навбатдаги манзили айнан Туркиянинг эртакмонанд шаҳри бўлмиш Каппадокия бўлди. Кайсери аэропортига қўнганимиздан сўнг Каппадокия шаҳригача бир соат йўл юрдик. Туркиялик мутахассис йўл давомида шаҳарга оид турли қизиқарли маълумотларни гапириб берди. Шаҳарга киргандан кейин эса антиқалигидан бошқа дунё чулғаб олганини пайқамай қоласиз.

Каппадокия тарихига назар ташласак. Шаҳар ҳақида дастлабки эслатмалар милоддан аввалги VI аср охирларига тўғри келади. Манбаларда қайд этилишича, Каппадокия форсча Ҳаспадуя номи билан боғлиқ бўлиб, Эроннинг “Хув-аспа-даҳю” – “чиройли отлар мамлакати”дан келиб чиққан. Яна бир маълумотга кўра, минтақанинг номи “лувиан кат-патука”дан олинган, яъни "пастки мамлакат", деган маънони англатади.

Шаҳарда узоқ йиллар олдин вулқон келиб чиқиши натижасида жуда қизиқарли ландшафт ҳозил бўлган. Шаҳар милоддан аввалги бир минг йилликда яратилган ер ости шаҳарлари билан ҳам ажралиб туради. Кенг ғор қалъалари, Гореме миллий боғи ва Каппадокиянинг ғор аҳоли пунктлари

нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

 

Шаҳарнинг энг диққатга сазовор жойларидан бири Учҳисор қалъаси бўлиб, бу ерда гўзал ландшафт устида кўтарилган улкан тош парчалари кишини ҳайратга солади. Бир вақтлар одамлар ушбу тошларнинг ичини ўйиб, бу ерда оилалари билан яшаган. Бир сўз билан айтганда, ҳақиқий ғор одамлари. Бориб бу қалъаларни кузатар эканмиз, ҳали ҳам баъзи тошлар ичида одамлар яшаётганига гувоҳ бўлдик. Маълум қилинишича, уларда газ, электр ва сув каби коммуникация тармоқлари мавжуд эмас.

Ер остида шаҳар бор, деган гапларни эшитганманку, лекин ўзим гувоҳи бўлмаганим учун ишонмаганман. Каппадокия ҳудудида 100 дан ортиқ ерости шаҳарлари бор экан. Улар орасида айниқса, Деринкую, Қаймоқли, Ўзлуже, Ўзкўнак, Мазикёй ва Ғозиамирлар машҳур. Биз Қаймоқли ерости шаҳрига саёҳат қилдик.

Маълум қилишларича, ерости шаҳарларининг энг чуқури 14 қаватдан иборат. Қаймоқли шаҳри эса 8 қаватдан иборат бўлиб, чуқурлиги 20 метрни ташкил этади. Ажабтовур тор йўлакчалар, туйнук, ғорчалардан иборат хоналарни томоша қилиб, ҳайратланасан киши.  

Дастлаб шаҳар қадимги Хет қабилалари томонидан қурила бошланган. Улар юқори қаватни тиклаганлар. Сўнгра Рим империяси даврида бу ерда яшаган христианлар бир нечта қўшни ер ости шаҳарларини бунёд этган. Бу улар учун паноҳ бўлиб хизмат қилган. Агарда хавф туғилса бу ердан шаҳарнинг 15 мингдан зиёд аҳолиси бошпана топиши мумкин бўлган. Қаймоқли ерости шаҳри қўшни Деринкую ерости шаҳри билан тўққиз километр узунликдаги туннель орқали боғланган.

Афсонавий шаҳарда яшаш жойи, шароб тайёрлайдиган хонача, омборхона, туннель, ўликлар сақланадиган хона ҳам бўлган.

Каппадокияда таомнома, дарҳақиқат, мазали. У ерда асл ва шинам ресторанлар кўп. Уларнинг баъзилари қояларда, бошқалари эса қадимий тегирмон ёки ажойиб қасрларда жойлашган.

Каппадокия – бу биз ўрганган анъанавий Туркия эмас. У, албатта, томоша қилишга арзигулик Туркия мўъжизаси!  

Журналистларнинг Туркия бўйлаб саёҳати давом этмоқда. Каппадокия мўъжизаларини кузатишда давом этамиз.

 

Нурилло НАСРИЕВ,

ЎзА

Каппадокия, Туркия