Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Капитал бозорини ривожлантириш – мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омили
16:40 / 2021-06-10

Жаҳон амалиётидан маълумки, капитал бозори иқтисодиётни узоқ муддатли молиявий ресурслар билан таъминлашнинг ўзига хос воситаси, макроиқтисодий сиёсатнинг асосий элементи ҳамда мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

 Шу боис мамлакатимизда капитал бозори соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, капитал бозорининг миллий иқтисодиётдаги ролини ошириш ва унинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш, пировардида миллий иқтисодиётни янада ривожлантириш борасида янги қадам қўйилди.

Чунончи, 2021 йил 13 апрелда “Капитал бозорини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилди, унинг барча вазифа, функция ва ваколатлари Молия вазирлигига ўтказилди. Шунингдек, фармонга мувофиқ капитал бозорини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.  

2021-2023 йилларда капитал бозорини ривожлантириш дастурида бу борадаги ишларни етти асосий йўналишда амалга ошириш кўзда тутилган. Биринчи асосий йўналишда эмитентлар сонини кўпайтириш, янги молиявий маҳсулотлар ва корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, бу борадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун халқаро молиявий воситалар (Exchange traded funds, Gold ETF)ни жорий этиш, ислом молиялаштириш тамойиллари асосида қимматли қоғозлар ва капитал бозорига оид бошқа молия хизматларини татбиқ этиш, барча акциядорлик жамиятларида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) корпоратив бошқарув тамойилларини жорий қилиш ва ушбу тамойилларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш, корпоратив облигациялар бозорини ривожлантириш, давлат улушига эга бўлган корхоналарни маҳаллий фонд биржасида оммавий таклиф орқали хусусийлаштиришни рағбатлантириш каби чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Иккинчи асосий йўналиш капитал бозори инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилган. Унда Корпоратив ахборот ягона портали ва «Тошкент» Республика фонд биржаси веб-сайтининг тегишли бўлимлари базасида листинг компаниялари ва акциядорлари томонидан ахборотни ошкор қилиш бўйича корпоратив ва бозор маълумотларини ошкор қилишнинг ягона платформасини яратиш, «Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» ДУКга Марказий банкда ҳисобварақ очган ҳолда ҳисоб-китобларни амалга ошириш, «Тошкент» Республика фонд биржасининг расмий веб-сайтида барча инвесторлар учун очиқ бўлган эмитент номи, акция тури, имтиёзли акция учун тўланадиган фоиз, дивиденд миқдори ва уни тўлаш санасини ўз ичига олувчи маълумотлар базасининг электрон таблосини яратиш, «Тошкент» Республика фонд биржасининг моддий-техник базасини кучайтириш ва ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқиш йўли билан унинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, қимматли қоғозларни сақлаш, ҳисобини юритиш ҳамда бошқа депозитар операцияларини ривожлантириш имкониятини яратиш каби чора-тадбирлар кўриш белгиланган.  

Учинчи асосий йўналиш доирасида капитал бозорида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни такомиллаштириш кўзланган бўлиб, унда фонд биржасидаги Ягона дастурий техник комплекс (ЯДТК) фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш, ривожлантириш ҳамда унинг захира марказини ташкил этиш, фонд бозорида битимларни онлайн тартибда амалга ошириш имконини берувчи мобиль иловаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш, инвестиция воситачилари билан шартнома тузиш пайтида уларнинг шахсий маълумотларини олиш мақсадида «Ўз мижозингни бил» (Know your client) ва «Даромадни легаллаштиришга қарши курашиш» (Anti Money Laundering) тизимларига мувофиқ мижозларни текшириш усулларини жорий қилиш, Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси томонидан Миллий рақамлаш агентлиги функциясини бажариш ва халқаро ISO стандартларини жорий қилиш каби вазифалар белгиланган.

Тўртинчи асосий йўналиш капитал бозорини ҳуқуқий тартибга солиш ва назорат қилиш масалаларини такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, унда Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти (IOSCO) тамойиллари асосида соҳага оид тўғридан-тўғри амал қилувчи, жумладан, «Капитал бозори тўғрисида»ги қонун лойиҳаcини ишлаб чиқиш, Молия вазирлиги ва Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти (IOSCO) ўртасида маслаҳатлашувлар, ҳамкорлик ва ахборот алмашинуви бўйича кўп томонлама англашув Меморандумини имзолаш чораларини кўриш, инвестиция жамғармалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва амалдаги қонунчиликка холдинг корхоналари фаолиятини тартибга солиш бўйича тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, барча эҳтимолий хатарлар ҳамда мамлакат молия бозорининг ривожланиш даражасини ҳисобга олган ҳолда капитал ҳаракатини самарали тартибга солиш механизмини жорий этиш, савдо, клиринг ва ҳисоб-китоб қоидалари, шунингдек, инвестицион маслаҳатчи ва воситачилар учун қоидаларни такомиллаштириш муҳим вазифалар қаторидан ўрин олган.  

Бешинчи асосий йўналиш доирасида инвесторлар базасини кенгайтириш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш мўлжалланган бўлиб, унга мувофиқ юридик шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан депо ҳисобварақларини масофадан туриб очиш ва акцияларнинг бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) оммавий таклифларига ариза бериш, давлат ва корпоратив облигациялар ҳамда бошқа қимматли қоғозларни сотиб олиш учун буюртма бериш тартибини белгилаш, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан маҳаллий эмитентларнинг қимматли қоғозларини сотиб олиш учун қўшимча имкониятлар яратиш, капитал бозорида суғурта компанияларининг иштирокини рағбатлантириш, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда инвестиция фондларини ташкил этиш, капитал бозори соҳасига оид масалалар бўйича аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш дастурларини амалга оширишда барқарор механизмларни жорий этиш каби вазифалар белгиланган.  

Олтинчи асосий йўналишда давлат қимматли қоғозлари бозорини ривожлантириш мақсад қилиб қўйилган бўлиб, унга эришиш учун Ўзбекистон Республикаси норезидентлари ва резидентлари томонидан давлат қимматли қоғозларини сотиб олиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек, маркет-мейкер институтини жорий этиш, давлат қимматли қоғозларининг иккиламчи бозорини ривожлантириш, жумладан, инфляцияга боғланган давлат қимматли қоғозларини чиқариш амалиётини йўлга қўйиш, давлат қимматли қоғозлари бозорини халқаро стандартларга мослаштириш, бу борада шаффофликни таъминлаш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш мўлжалланган.  

Еттинчи асосий йўналиш капитал бозори иштирокчиларининг малакасини ошириш, уларни ўқитиш ва қайта ўқитиш тизимини яратишга йўналтирилган бўлиб, унинг доирасида капитал бозорини тартибга солиш соҳасида билим ва кўникмаларга ўргатишга қаратилган кадрлар тайёрлашнинг комплекс тизимини яратиш, нуфузли хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича институционал база яратиш, Молия вазирлиги ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва капитал бозори ривожланган хорижий мамлакатларда уларнинг малакасини ошириш чораларини кўриш, Молия вазирлигига юқори малакали, шу жумладан, хорижий мамлакатларнинг қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи идораларида иш тажрибасига эга бўлган мутахассисларни жалб этиш каби чораларни амалга ошириш назарда тутилган.

Мамлакатимизда Капитал бозорини ривожлантириш дастурини амалга ошириш натижасида 2023 йилга қадар эркин муомаладаги қимматли қоғозларга асосланган бозор капиталлашуви даражасини 45 триллион сўмга етказиш (2020 йилда 1,9 триллион сўм бўлган ), эркин муомаладаги қимматли қоғозларнинг умумий ҳажмини ЯИМнинг камида 5 фоизигача ошириш (2020 йилда 0,3 фоизни ташкил этган), корпоратив облигацияларнинг умумий қийматини 3,94 триллион сўмга кўтариш (2020 йилда 0,16 триллион сўмни ташкил этган), уларнинг ЯИМга нисбатан улушини амалдаги 0,03 фоиздан 0,5 фоизга ошириш кутилмоқда.

 

Зуфар Ашуров,

Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Хусусийлаштириш,рақобат ва корпоратив бошқарувни ривожлантириш муаммоларини тадқиқ этиш маркази директори ўринбосари, иқтисод фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) .