Ўзбекистон Республикаси Президенти “Капитал бозорида инвестиция муҳитини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, қуйидагилар 2030 йилга қадар ушбу Фармоннинг асосий мақсадлари этиб белгиланди:
а) замонавий молиявий инструментларни жорий этиш орқали фонд бозорига 1 млрд АҚШ доллари, шу жумладан, 5 трлн сўмлик корпоратив облигациялар чиқарилиши ҳисобига қўшимча инвестицияларни жалб қилишга эришиш;
б) капитал бозори иштирокчиларининг инвестициялари хавфсизлигини кафолатловчи механизмларни жорий этиш ҳисобига бартараф этиладиган ҳуқуқ бузарликлар улушини 85 фоиздан ошириш;
в) капитал бозори иштирокчилари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда молиявий ҳисоботлар, корпоратив ҳаракатлар ва муҳим фактларни мажбурий ошкор этиш даражасини 95 фоизга етказиш.
Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 2 сентябрдаги ПҚ-291-сон қарорига мувофиқ капитал бозорида жорий этилган "Тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий режими чекланмаган муддатга амал қилади.
Капитал бозорида Тартибга солиш қумдони доирасида қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
а) Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган юридик шахслар томонидан Тартибга солиш қумдони иштирокчиси мақомини олиш. Бунда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги қимматли қоғозлар бозори соҳасида сўнгги икки йилда қонун ҳужжатларини бузган шахсларга ушбу мақомни беришни рад этишга ҳақли;
б) Ўзбекистон Республикаси резидент-эмитентларининг корпоратив облигациялари номинал қийматини хорижий валютада ифодалаш ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олган фонд биржасининг тегишли майдончасида жойлаштириш ва уларнинг муомаласи билан боғлиқ тўловлар ва ҳисоб-китобларни ҳам хорижий валютада амалга ошириш;
в) чет эллик иштирокчиларга, Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахсларга, шу жумладан, инвестиция фондларига улар томонидан чиқарилган ва уларга тегишли бўлган қимматли қоғозларга нисбатан кастодиал ва номинал сақлаш хизматларини кўрсатиш;
г) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олган инвестиция воситачиларига чет эл инвестиция воситачилари, банклари, кастодианлари, савдо майдончалари, лицензияланган инвестиция платформалари, тан олинган чет эл юрисдикцияларининг халқаро ва миллий марказий депозитарийларида чет эл қимматли қоғозлари олди-сотдиси ва улар билан операциялар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш мақсадида пул ва депозитар ҳисобварақлар очиш;
д) Агентлик томонидан белгиланадиган рўйхатга асосан хорижий биржа индексларига киритилган акциялар, хорижий компанияларнинг облигациялари ва давлат облигациялари, савдо қилинадиган биржа фондлари (ETF), индекс фондларининг қимматли қоғозлари ҳамда хорижий компанияларнинг депозитар тилхатлари бўйича савдоларни ташкил этиш. Бунда ушбу молиявий инструментлар бўйича:
савдолар фонд биржаси ёки инвестиция воситачиси томонидан фонд биржасининг тегишли майдончасида ёки инвестиция воситачисининг электрон платформасида ташкил этилади;
уларнинг ҳажмлари Марказий банк билан келишган ҳолда Агентлик томонидан тасдиқланади;
ж) юридик шахсларга банклардан номинал қиймати чет эл валютасида ифодаланган қимматли қоғозлар бўйича даромадларни тўлаш ва мажбуриятларни бажариш учун Агентлик томонидан рўйхатдан ўтказилган қимматли қоғозларни чиқариш ҳужжатининг нусхасига мувофиқ зарур ҳажмдаги чет эл валютасини сотиб олиш;
з) эмитентларга қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ўз капитали миқдоридан ортиқ бўлган корпоратив облигацияларни таъминотсиз чиқариш.
2026 йил 1 июлдан бошлаб рентабеллик, тўлов қобилияти, молиявий барқарорлик ва ликвидликнинг ижобий кўрсаткичларини ҳисобга олмаган ҳолда, шунингдек, қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш пайтидаги эмитентнинг барча мажбуриятларининг ўз капиталига нисбати Агентлик томонидан белгиланадиган нормативга мувофиқ бўлган тақдирда ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда таъминотсиз ўз капитали миқдоридан ортиқ корпоратив облигацияларни чиқаришга рухсат берилади.
ЎзА