Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Капалак туши” – театрнинг ашаддий мухлислари учун совға
11:46 / 2021-11-24

Пойтахтимиздаги “Дийдор” театр-студиясида Темур Зулфиқоровнинг “Хўжа Насриддиннинг илк муҳаббати” пьесаси асосида тожикистонлик режиссёр Барзу Абдураззоқов томонидан саҳналаштирилган “Капалак туши” спектаклининг премьераси бўлиб ўтди.

Моҳир кинорежиссёр, устоз санъаткор Юсуф Розиқов яхши саҳна ёки кино асари бир зумда томошабинни ўзиники қилиб олиши керак эди, деган сўзлари юқорида номи келтирилган саҳна асарига ҳам тааллуқли эканига спектаклнинг илк лавҳаларидан ишонч ҳосил қилиш мумкин. “Капалак туши” деб номланган ушбу спектакль ўзидаги воқеалар жараёнига томошабинни тўлиқ “олиб кириб кета” билиши билан ҳам аҳамиятлидир. У фалсафий рамз ва тимсолларга асосланган бўлиб, томошабинни ростгўйлик, тўғрилик, муҳаббат, риёкорлик ҳақида теран фикр юритишга ундайди.

Янги спектакль томошабинга ҳаёт ҳақиқатлари ҳар қандай ялтироқ, енгил-елпи, бемаъни  ҳузур-ҳаловатдан устун эканини турли мураккаб воқеалар жараёнида англатишга интилади.

Айтиш жоизки, бугунги кунда “Дийдор” театр-студиясининг ижодий жамоаси  санъатни заҳмат ва фидойилик деб билувчи изланувчан ёш ижодкорлардан иборат экани қувонарли ҳолдир. Театр-студиясининг жамоаси эса томошабин, умуман, санъат олдидаги ўз бурчи, масъулиятини теран англаши, мураккаб шароитда ҳам изланиш, қизиқарли ижодий лойиҳалар устида иш олиб боришдан тўхтамаётгани диққатга сазовордир.

Буюк санъаткор, устоз режиссёр Баҳодир Йўлдошев таълимоти асосида шаклланган мазкур ижодий жамоанинг интилишлари “Капалак туши” спектаклининг муваффақиятида асосий омил бўлган, десак янглишмаймиз. Айни пайтда тожикистонлик режиссёр Барзу Абдураззоқовнинг мазкур ёшлар ижодий жамоаси билан самарали ҳамкорлиги томошабинлар учун мукаммал асар тақдим этишда ўзига хос аҳамият касб этгани шубҳасиз.

Спектаклда асосий ролларни Нурмуҳаммад Иброҳимжонов, Маҳлиё Асқаралиева, Анвар Ҳамроқулов, Юлдуз Ражабова, Бобур Йўлдошев, Жўрабек Арзиев каби актёрлар иштирок этган. Бадиий студия раҳбари - Бобур Йўлдошев.

Янги спектакль наинки мамлакатимиз театр мухлислари, балки халқаро театр фестивалларида ҳам совринли ўринларга сазовор бўлишига шубҳа йўқ.

Назокат Усмонова, ЎзА