Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Капалак болалар” – доимий парваришга, эътиборга муҳтож
09:37 / 2022-10-12

“Капалак болалар” ҳақида эшитганмисиз? Бу ибора терининг кам учрайдиган генетик касаллиги билан туғилганларга нисбатан ишлатилади. Яъни ушбу касаллик билан туғилган болаларнинг заиф териси капалакнинг нозик қанотларига ўхшатилади. Тиббиётда бу буллёзли эпидемолиз дейилади.

Айни пайтда мамлакатимизда ана шундай ташхис билан туғилган 365 нафар бола рўйхатга олинган. Улар доимий парваришга, эътиборга муҳтож. Мана бир йилдирки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Республика ихтисослаштирилган дерматология, венерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази негизида очилган Марказий Осиёда ягона ген дерматозларини даволаш бўйича тиббий бўлимда ана шундай ирсий касаллик ташхиси қўйилган болаларга тегишли бепул тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Бўлимнинг 20га яқин ходими ҳар бир беморга алоҳида ғамхўрлик қилади. 

– Юртимизнинг бошқа ҳудудларидаги генодерматоз касаллиги мавжуд беморларни дарҳол аниқлаб, биз билан алоқага чиқувчи шифокорлар бор, – дейди “Капалак болалар” ННТ дерматологи Мадамин Холдорбеков. – Биз у ердаги ҳамкасбларимиз билан доимий алоқадамиз ва уларга керакли кўрсатмаларни бериб турамиз. Авваллари бу жуда узоқ вақт талаб қилар эди, бўлимимиз ишга тушганидан сўнг эса жараён анча тезлашди.  

Мутахассиснинг сўзларига кўра, Генодерматозлар бўлимига нафақат Ўзбекистон, балки қўшни мамлакатлар, хусусан Қирғизистон ҳамда Тожикистондан беморлар мурожаат қилишмоқда ва уларга керакли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. 

Бугун мазкур бўлим фаолиятига бир йил тўлиши муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.  

 

Моҳигул Қосимова, 
ЎзА