Мюнхендаги янги таъмирдан чиқарилган яҳудийлар ибодатхонасининг очилиш маросимида Германия Канцлери Фридрих Мерц ўзига ярашмаган даражада ҳиссиётга берилди. У ўз нутқида нацизм яҳудийларга қарши содир этган шафқатсиз ҳаракатларни эслаб, кўз ёшини тўхтата олмаган. Бу ҳақда DW хабар берди.
– Тарихга назар ташласак, инсониятга қарши жиноят саналмиш Холокост воқеаси ҳам кўз ўнгимизга келади, – деди канцлер. – Яҳудий халқига нисбатан тизимли, деярли пухта ўйланган бу қирғин ўта даҳшатли ва радикал ёвузлик эди. Немис-яҳудий мутафаккири Ханна Арендтнинг сўзларини келтирсам: Бундай воқеа инсонлар орасида ҳеч қачон содир бўлмаслиги керак эди.
Мерц Мюнхенда жойлашган, нацистлар зулмидан бутун қолган ягона тарихий синагогани қайта тиклашга бош-қош бўлган ташаббускор Рейчел Саламандерга ҳам мурожаат қилди. Шу билан бирга яҳудий жамоаларига нисбатан антисемитизмга барҳам бериш учун ҳукумат томонидан қатъий чоралар кўрилишини ваъда қилди:
– Сўнгги пайтларда антисемитизм эски ва янги кўринишда, очиқ ёки яширин шаклда, сўз ва ҳаракатда, ижтимоий тармоқда, ўқув даргоҳларида, жамоат жойларида намоён бўлаётганини кузатяпмиз. Бундай ҳолатлардан Канцлер эмас, оддий фуқаро сифатида уяламан. Сабаби, мен “Уруш ҳеч қачон такрорланмасин!” шиори таъсирида улғайган авлод вакилиман. Антисемитизмга қарши курашиш менинг бурчим, қолаверса сизларга берган ваъдам, деб тушунинг.
Ғазода уруш бошанганда Германия ҳукумати антисемитизм асосида юзага келаётган ҳодисалар сони изчил ошиб бораётганини маълум қилди.
2024 йил кунига мазкур иллат билан боғлиқ ўртача 24 ҳодиса қайд этилган. Яъни, бу кўрсаткич 2 йилда 77 фоиз ўсган. Ҳукумат яҳудийларга қарши нафрат, қайси шаклда бўлмасин, хавфли деб ҳисоблайди.
Яҳудийлар марказий кенгаши раҳбари Йозеф Шустер таъкидлашича, кейинги пайт мамлакатда антисемитизм кайфияти кескин кучайган.
Мен учун тушунарсиз ва ақлга сиғмайдиган ҳолат шуки, Исроил ҳукумати қилаётган ишларга жавоб Германиядаги яҳудий фуқароларга нисбатан нафрат шаклида намоён бўляпти? Менда шундай таассурот борки, жамият онгидаги минг йиллик антисемит стереотип ҳануз сақланган. Ҳозирги вазиятда эса қайта жонланмоқда.
Маданият ва оммавий ахборот воситалари бўйича давлат вазири Вольфганг Хаймер таъкидлашича, антисемитизм Германия ва Европада, айниқса, маданият соҳасида жиддий муаммога айланган.
У “Bild” газетасига берган интервьюсида шундай деди:
– Бугун кўплаб артистлар саҳнага чиқиш имкониятидан маҳрум. Бу ҳолат менга 1930-йилларни эслатади. Ўша даврда “Яҳудийга чиқиш тақиқланган, яҳудийлар бу ерда бўлиши мумкин эмас!” дея очиқ айтишарди. Шундай вазиятга келдикки, Германияда, айниқса маданият соҳасида, оммавий танилган яҳудийлар яна қўрқув остига яшай бошлади. 2025 йил бунга қўл қовуштириб қараб туриш мумкин эмас.
Вазирнинг фикрича, антисемитизм кўп ҳолларда “Исроилни танқид қилиш” ниқоби остида яширин ҳолда юзага чиқмоқда:
– Антисемитизм кўпинча Исроилни танқид қилиш баҳонаси остига яширилади. “Исроилни танқид қилиш мумкин”, деган ниқоб остида яҳудийларга нисбатан ошкора нафрат жуда тез намоён бўлмоқда.
10 сентябрь куни Мюнхендаги филармония оркестри концерти бекор қилинди. Бу қарорнинг сабаби сифатида ташкилотчилар оркестр раҳбари, исроиллик дирижёр Лаҳав Шанининг “Тель-Авивдаги геноцид режими”га муносабат бўйича аниқ позицияси йўқлигини келтирган.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/BrqWqXrd7pE" title="Kansler ham yig‘laydi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К.Бекжонов, ЎзА