Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги Каналёқа қишлоғида бир неча йилдан буён қурилиши чала қолган сув иншоотида ишлар якунига етказилиб, аҳоли хонадонларига 5,6 километр ичимлик сув тармоғи тортилди ва 2000 га яқин аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Бундай иншоотлар тегишли дастурлар асосида ҳар йили, ҳар бир ҳудудда фойдаланишга топшириляптику, дейишингиз мумкин. Тўғри, давлат ва ҳудудий дастурлар бўйича бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Аммо Каналёқадаги ишлар давлат ёки ҳудудий дастур асосида эмас, балки нодавлат нотижорат ташкилоти лойиҳаси бўйича бажарилди.

– Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида ўтган йилдан янгича тизимда ишлай бошладик, – деди иншоотни фойдаланишга топшириш маросимида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси кенгаши раиси Камолиддин Ишанхожаев. – Хусусан, ўтган йилнинг шу пайтлари жойларга чиқиб аҳолининг муаммоларини ўргандик ва уларни реал ҳал қилиш учун нодавлат нотижорат ташкилотларининг аниқ йўналишдаги лойиҳаларига грантлар ажратилиши учун мавзулар белгиладик. Шу тарзда Самарқанд, Жиззах, Фарғона, Наманган вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикасидаги фаол ННТлар ҳудудларида сув билан боғлиқ муаммолар ечими юзасидан лойиҳалар ишлаб чиқди ва уларга грантлар ажратилди. Ушбу грант маблағлари ҳисобидан бугунга келиб, мамлакатимиздаги 20 мингга яқин аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди. Жумладан, Самарқанд вилояти “Имкон” фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва "Инсон" тараққиёти маркази мазкур ҳудуд сув таъминотини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириб, 250 дан ортиқ хонадоннинг тоза ичимлик суви билан таъминланишига сабабчи бўлди.

– 1966 йилдан буён шу қишлоқда яшаймиз, лекин тоза ичимлик сувимиз йўқ эди, – дейди Шодиёр Исоқов. – Ҳудудда ерости суви яқин – ўн метр чуқурликдан сув чиқади. Бу сув ичишга яроқсиз бўлса ҳам ўзимиз қазиб олган қудуқ ва пишма крандан фойдаланиб, истеъмол қилардик. Ўн йиллар аввал қишлоғимизда сув чиқариш ишлари бошланганди, лекин кўп ўтмай ишлар тўхтаб қолди. Шундан бери ана ишлар, мана ишлар деб кутиб келдик. Бу йил “Имкон” нодавлат ташкилоти қишлоқни тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳасини амалга оширишни бошлаганда, тўғриси, ишонмагандик. Йўқ, булар ишни охирига етказди ва бугун хонадонларимизга тоза сув келди.


Янги иншоотни фойданишга топшириш чоғида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Самарқанд филиали томонидан маҳалла аҳолисига 10 турдаги дори-дармон ва оптик кўзойнаклар тарқатилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари