Президент ташаббуси – амалда
Сув ресурсларини тежаш мақсадида кейинги йилларда республикамиз бўйлаб кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, тупроқ ўзанли каналларни бетонлаштириш ундан оқиб ўтувчи оқова сувнинг исроф бўлишини олдини олади.

Масалан, Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги “Қорақутчи” каналида ҳам айни кунларда реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Мазкур канал 1976 йилда қурилган бўлиб, умумий узунлиги 2,88 километрни ташкил қилади. Лойиҳавий сув ўтказиш қобилияти 2 м3/секунд бўлиб, у орқали 724 гектар қишлоқ хўжалик экин майдонлари суғорилади.
Ушбу канал тупроқ ўзанли бўлиб, ундан оқиб ўтувчи сувнинг ерга сизиб кетиш даражаси ошиб кетар эди. Шу боис жорий йилда каналнинг 2,5 километр қисмини бетонлаштириш режа қилинган. Ҳозирда пудратчи ташкилот томонидан канални бетонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Яқинда Сув хўжалиги вазири ўринбосари Рустам Қаршиев ва бошқалар каналнинг реконструкция қилиш ишлари билан яқиндан танишди. Мақсад суғориш мавсуми бошлангунга қадар бетонлаштириш ишларини сифатли ва қисқа муддатда якунлаш.
Ўрганиш давомида масъуллар томонидан бетонлаш жараёнида меҳнат қилаётган механизаторлар ва бетонлаштириш бригадалари аъзолари овқатланиши ҳамда дам олиши учун қулайликлар яратиш топшириғи ҳам берилди.
Техник назоратчиларга бетонлаштириш ишларини сифатли амалга оширишда қатъий назорат қилиб бориш вазифаси юклатилди.
Аму-Қашқадарё ИТҲБ ахборот хизмати берган маълумотга кўра, жорий йилда вилоятда 10 та ирригация ва 3 та мелиорация объектларида қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилиши мўлжалланган.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири