Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Каналларни бетонлаш сувни тежашда самара бераяпти — вазирлик
09:29 / 2024-07-23

Сув йўқотишларини камайтириш мақсадида Президентимизнинг ташаббуси билан 2024-йил – сув хўжалигида "каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил" деб эълон қилинди. Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Сув – бебаҳо неъмат. Озиқ-овқат мўллиги, бозорлар тўкислиги, ҳаётимиз фаровонлиги унга боғлиқ. Мамлакатдаги сув ресурсларининг 20 фоизи Ўзбекистоннинг ўзида, катта қисми эса қўшни давлатларда шаклланади. Иқлим ўзгариши оқибатида сув манбалари йил сайин камаймоқда. Трансчегаравий дарёларни бошқариш бўйича вазият ҳам жиддий. Буларнинг таъсирида 2030-йилга бориб юртимиздаги сув танқислиги 15 миллиард куб метрга етиши прогноз қилинмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 миллиард куб метр ёки 36 фоиз сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўлмоқда. Энг кўп сув йўқотишлари Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Навоий, Хоразм ва Бухоро вилоятларига тўғри келади. Айниқса, каналларнинг охирида жойлашган 175 минг гектар экин майдонида сув таъминоти жуда оғир ҳисобланади.

Сув йўқотишларини камайтириш мақсадида Президентимизнинг ташаббуси билан 2024-йил – сув хўжалигида "каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил" деб эълон қилинди. Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, деб хабар берди Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати.

Хабарга кўра, 2024-йилда 215 та объектда қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш учун 1 триллион 880 миллиард сўм (шундан, 1 триллион 650 миллиард сўм ирригация, 230 миллиард сўм мелиорация) маблағлар ажратилган. Ушбу маблағлар ҳисобига ирригация тармоқлари ва иншоотлари бўйича 816,6 километр канал, 81 километр лоток, 59 та гидротехника иншоотлари, сониясига 38,1 куб метр сув ўтказиш қувватига эга насос станциялари, 23,5 километр босимли қувурлар, 80 та суғориш қудуғи, 6,8 миллион куб метр ҳажмли сув омбори қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 10,4 километр қирғоқ ҳимоя ишларини бажариш режалаштирилган. Шунингдек, мелиорация тармоқлари ва иншоотлари бўйича 254,8 километр очиқ, 113,8 километр ёпиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 83 та вертикал дренаж қудуғи, 25 та гидротехника иншооти, 618 та кузатув қудуқларини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган.

Жорий йилнинг ўтган олти ойида вазирликнинг “Сувқурилишинвест” давлат муассасалари буюртмачилигида ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 907 миллиард сўм (лимитга нисбатан 60 фоиз) маблағ ўзлаштирилди. Шундан, каналларни бетонлаштириш бўйича Республика бюджети ҳисобидан ажратилган 676,7 миллиард сўм маблағлар ҳисобига 75 та лойиҳада 554,5 километр магистрал ва хўжаликлараро каналларда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш режалаштирилган. 75 та лойиҳадан 56 тасида қурилиш-монтаж ишлари якунланган ва 39 таси Давлат қабул ҳайъатининг далолатномаси билан фойдаланишга топширилди.

Бундан ташқари, сув хўжалигида амалдаги хорижий инвестиция лойиҳалари доирасида Фарғона водийсида 151 километр каналлар, Бухоро вилоятида “Жондор” канали (23 километр) ва Сурхондарё вилоятида “Боботоғ” канали (24 километр) бетонлаштирилмоқда. Хитойнинг “CITIC Construction”, “China CAMC Engineering” ва бошқа нуфузли компаниялари билан Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарё вилоятларидаги 1 307 километр каналларни бетонлаштириш ва сув омборларини қуриш бўйича (дастлабки қиймати 220 миллион доллар) лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Қашқадарё вилоятида узунлиги 316 километр бўлган 26 та канал, Бухоро вилоятида 64,1 километр, 6 та канал, Наманган вилоятида 22,9 километр, 2 та канал, Сурхондарё вилоятида 904 километр, 47 та канални реконструкция қилиш лойиҳаларининг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилмоқда. Бетон қилинган каналларда сув йўқотишлари камайиб, экин майдонларининг сув таъминоти яхшиланишига эришилмоқда.

ЎзА