Маълумки, суғориш тармоқларида сув йўқотишларини кескин камайтириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2024 йил “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” деб эълон қилинганди. Бунинг учун давлат бюджетидан қўшимча 500 млрд сўм маблағ ажратилган. Хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга ошириладиган 12 та лойиҳа доирасида сув хўжалиги инфратузилмасини реконструкция қилишга қарийб 263 млн АҚШ доллари йўналтирилди.
Ушбу маблағлар ҳисобига 1.5 минг км магистрал ва хўжаликлараро каналларни, бундан ташқари 3.5 минг км ички тармоқларни бетонлаш кўзда тутилган. Яъни, 2023 йилга нисбатан 4 баробар кўп магистрал ва хўжаликлараро каналларни бетонлаш ҳамда 2025 йилда камида 2 минг километр каналларни бетонлаш вазифаси белгилаб олинган.
Жумладан, барча ҳудудларда бўлгани каби Тошкент вилояти туманларида ҳам куз мавсумига белгиланган режа доирасида ички ариқ ва каналларни бетонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Ўрта Чирчиқ тумани “Дўстлик “ ҳудудидаги “Истиқлол” фермер хўжалигидан оқиб ўтадиган катта йўл ёқасидаги ички ариқ анча йиллардан бери таъмирга муҳтож эди. Фермер хўжалигининг қарийб 200 гектар майдонида етиштириладиган ғалла ва пахта ушбу ариқдан сув ичади. Баъзан, мавсумда ариқда сув камайиб кетарди. Унинг узунлиги 2,5 км бўлиб, сув тармоғининг бир қисми лотоклаштирилган. Шу кунларда Ўрта Чирчиқ «Сув етказиб бериш хизмати» ишчи –ходимлари ҳамда фермерлар мазкур сув тармоғини қолган қисмини бетонлаштиришга киришдилар. Сувчилар ва деҳқонлар шу кунгача ариқнинг салкам беш юз метр қисмини бетонлаштириб бўлишди.
Шунингдек, тумандаги “Турон” фермер хўжалиги ҳудудидан оқиб ўтувчи ички ариқлар ҳам бетонлаштирилмоқда.
- “Тошкент-Оҳангарон” автомобиль трассаси бўйидаги ушбу ариқ фермер хўжалиги ва маҳаллий аҳоли учун катта аҳамиятга эга, - дейди Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ бошқарма бошлиғи ўринбосари Алижон Зокиров. - Агар ариқ тўла бетонлаштирилса, сувнинг маълум миқдори тежаб қолинади. Бугун ариқнинг қарийб 500 метр қисми бетонлаштирилди. Унда 100 нафар сувчи ва фермер хўжалиги ходимлари фаоллик кўрсатишмоқда. Ички ариқнинг узунлиги 1,5 километрни ташкил қилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qKpbNFuum_0" title="Kanallarni betonlash boʻyicha zarbdor yil davom etadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кузги-қишки ирригация ва мелорация чора-тадбирларини амалга ошириш жараёнида сув хўжалиги тизими ташкилотлари ходимлари, экспертлари ҳудудларга чиқиб, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришмоқда. Чунки, ариқлардан узоқ вақт фойдаланишлари учун сифатли қилиб ишларни бажариш зарур.
Умуман, республика бўйича 2024 йилнинг 9 ойида 533 км каналлар реконструкция қилинди, шундан 374.3 км каналлар бетонлаштирилди. Кластер ва фермер хўжаликлари томонидан бетонланган каналларнинг узунлиги салкам 14 000 километрни ташкил этди.
Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА