Бугун иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг камайиши ва қишлоқ хўжалигида барқарорликни таъминлаш масалалари долзарб аҳамият касб этмоқда. Ана шундай шароитда Навоий вилоятида суғориш тизимларини модернизация қилиш, айниқса, каналларни бетонлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда.
2025-2026 йилларга мўлжалланган давлат дастури доирасида вилоят ҳудудида умумий узунлиги 26,9 километр бўлган каналларни бетонлаштириш режалаштирилган. Бу ишлар суғориш тармоқларини тубдан янгилаш, мавжуд инфратузилмани мустаҳкамлаш ҳамда сув йўқотишларини кескин камайтиришни кўзда тутади. Дастурга мувофиқ, 5 та муҳим объектдан иборат манзилли рўйхат тасдиқланиб, қурилиш-монтаж ишлари 2025 йил октябрь ойидан бошлаб жадал суръатларда олиб борилмоқда.

– Айни пайтга келиб, режалаштирилган ишларнинг салмоқли қисми бажарилган, – дейди Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Ғиёс Джанзаков. – Жумладан, каналларнинг 15,6 километрида ер ишлари тугалланиб, бу умумий ҳажмнинг 58 фоизини ташкил этмоқда. Шунингдек, 13,1 километр масофада бетонлаштириш ишлари амалга оширилиб, кўрсаткич 49 фоизга етди. Бу эса белгиланган муддатлардан ортда қолмасдан, ишларнинг тизимли ва назорат асосида олиб борилаётганини кўрсатади. Барча ишлар 2026 йил вегетация даври бошлангунга қадар тўлиқ якунланиши режалаштирилган.
Каналларни бетонлаштиришнинг аҳамияти фақат техник жиҳат билан чекланиб қолмайди. Амалдаги очиқ ер каналларида сувнинг катта қисми ерга сингиб кетиши ёки буғланиш орқали йўқолиши сир эмас. Бетонлаштириш эса ушбу йўқотишларни бир неча баробар камайтириш, сувни аниқ ҳисоб асосида тақсимлаш ва экин майдонларини барқарор сув билан таъминлаш имконини беради. Натижада деҳқон ва фермер хўжаликларида ҳосилдорлик ошиши, сувдан фойдаланиш маданияти шаклланиши ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда барқарорлик таъминланиши кутилмоқда.

Бу жараён иқтисодий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Сув йўқотишларининг камайиши энергия ва молиявий харажатларни қисқартиради, суғориш тизимларининг хизмат муддатини узайтиради. Шу билан бирга, сув танқислиги шароитида ҳар бир томчи сувдан самарали фойдаланиш орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш имкони яратилади. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган давлат сиёсати билан уйғун ҳисобланади.
Лойиҳалар ижроси қатъий назорат остида амалга оширилмоқда. Давлат дастурлари ижросини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика штаби томонидан Навоий вилоятидаги объектларда бажарилаётган ишлар мунтазам ўрганилмоқда. Бу эса лойиҳаларнинг шаффоф, сифатли ва самарали амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Умуман олганда, Навоий вилоятида каналларни бетонлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар сув хўжалигини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини оширишга қаратилган муҳим инфратузилмавий ташаббус сифатида намоён бўлмоқда. Бу лойиҳалар нафақат бугунги, балки келажак авлод учун ҳам барқарор сув таъминотига хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири