Журналистик суриштирув
Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳрининг Шўртан маҳалласи ҳудудидаги 14- кўп қаватли уй аҳолисининг канализация масаласи бўйича мурожаатига кўра манзилда бўлиб, ўрганиш олиб бордик.
Ҳақиқатда кўп қаватли уйнинг ертўласидан келаётган қўланса ҳид таъбни хира қилади. Канализация қувурларидаги носозлик сабаб қўланса ҳиддан нафас олишга мажбур бўлаётганини айтаётган аёл уйидан турли қурт- қумурсқалар чиқаётганини ҳам қўшимча қилади.
[gallery-24715]
– Шу уйнинг биринчи қаватида 18 йилдан буён яшаймиз, – дейди Ҳулкар Ҳамидова. – Илгари бундай муаммо бўлмаган. Бир йилдан буён ертўлада канализация қувурларидан сув тошади. Ҳамма томон захлаб кетган. Қўланса ҳид келади. Хоналардаги полнинг тагидан ҳар хил турдаги ҳашаротлар ҳам чиқяпти. Полларнинг тирқишларини ёпиб чиқишга мажбур бўлдик. Ширкатга чиқиб дардимизни айтсак, бир неча кун ўтиб тозалашади. Унгача аҳвол шу. Тўловларни вақтида йиғиб олишади, лекин хизмат кўрсатиш жуда паст.
Муаммони ўрганар эканмиз, аҳоли вакиллари ҳудуддаги кўп қаватли уйларга хизмат қилувчи сервис компаниясига тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётгани, аммо хизмат кўрсатиш сифати қониқарсиз эканлигини бот-бот такрорлашди.
– Шу ерда 2014 йилдан буён яшаймиз, – дейди Суннатилла Эргашев. – Канализация тўлиб қолса, ширкатга хабар берамиз. Ўзлари хабар олмайди барибир. Шунда ҳам бир ҳафта- ўн кундан кейин келишади. Унгача чиқинди сув подвалга оқиб ётаверади. Кейин ҳар хил ҳидлар чиқади. Қуртлар пайдо бўлади. Ўзимиз пул йиғиб, бир неча бор подвални тозалаттирдик. Одам ёллаб, ахлатларни чиқартириб ташладик. Йил давомида шу муаммо одамларни қийнайди. Ширкатга тўловларни ўз вақтида қиламиз. Хизмат эса деярли йўқ. Подъезларимизни ҳам умуман таъмирламайди. 14 йилдан буён бирор марта подъездни таъмирлаганини кўрмадим. Подвалнинг эшиги ҳам йўқ эди. Темирдан ясаб ўзим қўйганман. Масалан, ўтган йили подвални пашша босиб кетди. СЭС ходимларини чақириб, ўзимиз пул йиғиб тозалатдик. Хуллас, ширкат фақат пулни йиғишдан бошқа хизматни бажармайди.
Ертўлага тушамиз. Бетон бўлаклари орасидан уч-тўрт қадам юрмасданоқ зах ва нам ҳиди димоққа урилади. Ичкарида гўё бу яқин орада бирор марта бош суқилмагандек манзара. Томчининг овозига ўхшаш сас қулоққа чалинади. Бу одамлар эътироз қилаётган канализация қувуридан чиқаётган овоз эканлигини ёнига боргач билдик. Зимистонда ертўла бўйлаб узоқроқ юришнинг ўзи бўлмасди. Атрофда эса кўнгилни оздирадиган бетартиблик ҳукмрон. Тепада эса одамлар яшамоқда.
Сервис компания масъуллари муаммо ертўладаги тармоқ билан боғлиқ эмаслигини айтишди.
– Яқинда уч марта подвалларни дизинфекция қилдик, – дейди “Шуҳрат” МЧЖ бошқарув сервис компанияси иш юритувчиси Ҳасан Қодиров. – Марказий қувурлар эскирган. Тез тўлиб қолади. Келиб тозалагандан кейин яхшиланади. Тўрт кунда яна тўлади. Тозаламаса, ичкарига оқади. Қисман канализация қувурларини янгилаганмиз. Лекин марказий қувур яхшиланмаса, муаммо давом этаверади. Полвалда қанча таъмирлаш ишлари олиб борилмасин, фойдаси йўқ. Сувоқовадан машина чақираверамиз. Ҳудудимизда 4 та дом шундай ҳолатди.
Ўрганишларимизни давом эттирган ҳолатда мазкур муаммо юзасидан “Қашқадарё сув таъминоти” акционерлик жамияти масъулларидан ҳам изоҳ сўрадик.
– Қарши шаҳар сув таъминоти филиалининг диспетчерлик бўлимида ҳар куни 20 дан ортиқ турли чақирувлар қайд қилинади. Албатта, буларнинг ярмидан кўпи канализация тармоқларидаги носозликлар билан боғлиқ, – дейди “Қашқадарё сув таъминоти” АЖ ахборот хизмати раҳбари Ихтиёр Умаров. –Шу ўринда “Шўртан” маҳалласидаги 14-кўп қаватли уйда яшовчи аҳолининг мурожаати маълум маънода ўринли. Чунки Қарши шаҳридаги канализация тармоқларида бу каби муаммолар учраб туради. Масаланинг моҳияти шундаки, шаҳардаги канализация тармоқлари ўтган асрнинг 70-йилларида барпо қилинган ва бугунги кунга келиб эскириб қолган. Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қарши шаҳридаги канализация тармоғини реконструкция қилиш лойиҳаси бўйича катта иш бошланган. Мазкур лойиҳа учун халқаро молия ташкилотларининг 60 миллион доллар миқдордаги маблағлари жалб қилиниши мўлжалланган. Айни пайтда ушбу лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошланган. Яқин йиллар ичида Қарши шаҳридаги каналиция тармоқлари тўлиқ янгиланади ва бу борадаги муаммоларга барҳам берилади.
Албатта, бу жараёнлар анчагина вақт талаб этади. Унгача бўлган вақт орасида кунда- кунора қувурлардан тошаётган чиқинди сувларни тартибга олиш масаласи қандай ҳал этилади? Ўйлаймизки, масъуллар бунинг ҳам мақбул йўлини топиб, вазиятни ўз назоратларига олишади.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири