Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Канадалик шарқшунос олима Мариа Сабтелнининг Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақидаги тадқиқотлари
10:12 / 2020-02-09

Хорижда ўзбек мумтоз адабиётини ўрганишга қизиқиш бошланганига анча бўлди.


Хорижда ўзбек мумтоз адабиётини ўрганишга қизиқиш бошланганига анча бўлди. Хусусан, Алишер Навоий ва унинг ижоди Ғарб олимлари диққат марказига тушган. Канадалик шарқшунос олима Мария Сабтелни Алишер Навоий ижоди бўйича шуғулланган замондош тадқиқотчилар сафидан муносиб жой олган. У ғарбдаги мумтоз адабиётимиз тадқиқотчиларининг кейинги юз йилдаги таниқли вакилларидан бири ҳисобланади. Сизларни унинг тадқиқот ишлари билан таништирмоқчимиз.

Мариа Сабтелни 1970 йиллардан бошлаб ўз фаолиятини Эрон адабиёти ва маданиятини ёритишга, ХV аср Хуросон ва Моварауннаҳрнинг ижтимоий, сиёсий ҳамда тарихий манбаларини ўрганган канадалик шарқшунос олимадир.

У 1979 йили Гарвард университетида докторлик диссертациясини ёқлаган. Мариа Сабтелни ўзининг узоқ йиллик изланишлари давомида темурийлар даври маданий ҳаёти ва сиёсий жиҳатлари, шу жумладан давлат арбоби Алишер Навоийнинг темурийлар саройида тутган ўрнига доир мақола ва монографияларини чоп этди. 2004 йилдан буён Торонто университетининг Яқин ва Ўрта Шарқ Цивилизацияси факультетида Ислом маданияти ва Эрон адабиётидан дарс беради.

Олиманинг изланиш ва тадқиқотлари Эрон маданияти ва адабиёти, тасаввуф, ўрта асрлар Эрон ва Марказий Осиё тарихи, ислом дунёси сиёсати каби мавзуларида ўз аксини топган. Мариа Сабтелнининг Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига қизиқиши устози Фахир Из ташаббуси билан амалга ошган. Турк ва форс адабиётининг билимдони Фахир Из Навоий фаолиятининг серқирра жиҳатларини Мариа Сабтелнига очиб берган. Олима буюк шоирнинг ҳаёти ва ижоди, шу жумладан, Навоийнинг ота-боболари тарихи, насл-насаби, таълим-тарбияси, Ҳусайн Бойқаро саройидаги ўрни, меъморчилик ишлари ва халқига қилган хайрли ишларини ўрганди. Навоийнинг туркий тилни юқори мавқега кўтарганлиги, Темурийлар ренессансида эришилган барча ютуқлари олимани ҳайратга солган.

Мариа Сабтелнинг тадқиқотлари Америка ва Европанинг турли журнал ва қомусий нашрларида эълон қилинган. Шу жумладан, унинг 1988 йилда Journal of Near Eastern Studies чоп этилган “Темурийлар салтанатида маданий муҳит хайрия жамғармасининг ижтимоий-иқтисодий асослари” мақоласи, 1979-1980 йилларда Harvard Ukrainian Studies (vol.¾, part 2) журналида чиққан “Алишер Навоий: Бахши ва Бек” мақоласи Омилжан Прицакнинг 60 йиллигига бағишланган тўплами ҳамкасблари ҳамда шогирдлари номидан чиқарилган.

Буюк шоир туркий тилнинг форсчадан кам қоладиган жиҳатлари йўқ, балки ундан устунроқ дея фикр юритди. Навоий салафлари Лутфий, Саккокий, Гадоий каби туркий назмда гўзал байтлар битган шоирлар сафидан жой олиб, туркий тил шеърият оламининг гўзал намунасига айланишида кўп меҳнат қилди. Мариа Сабтелни 1983 йили Cental Asiatic Journal (vol.27, No.1-2) журналида “16 аср бошида Ўрта Осиёда санъат ва сиёсат” мақоласида темурийлар даври маданий ва сиёсий муҳитининг сарой ҳаётида тутган ўрни ва салтанатнинг парчалангандан кейинги тақдири ҳақида сўз юритилади.

1991 йили Journal of the Аmerican Oriental Society (vol.111, No. 1) журналида эълон қилинган “Темурийлар даври таълим ва хайрия жамғармаси: ХV асрда Ҳиротда Алишер Навоий барпо этган Ихлосия мажмуаси ва унинг хайр-эҳсон этилишига доир” мақоласи, 1991 йили Journal of Turkish Studies (vol.15) журналидаги “Мир Алишер Навоийнинг “Вақфия” асари тавба-тазарруга йўл” каби мақолалари диққатга сазовордир.

Мариа Сабтелнининг “Мир Алишер Навоий” номли мақоласи 2013 йили Encyclopaedia of Islam (Second Edition, Brill Online) қомусий луғатининг иккинчи нашрига киритилган. Унда Алишер Навоийнинг насл-насаби ва келиб чиқиш тарихи, таълим-тарбияси, Хуросон салтанатининг ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро саройидаги хизматлари ва тутган ўрни, ота-боболарининг темурийлар саройида котиблик фаолияти, ижодий мероси ва “Навоий” тахаллуси остида қарийб 30 дан ортиқ асарлар яратганлигини ёрқин мисоллар билан ёритиб беради.

Мариа Сабтелни Тошкентга келганида Алишер Навоий асарлари қўлёзмалари ва замондошларининг Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган араб, форс, турк, ўзбек тилларидаги асл манбаларини ўқиб ўрганган ва тадқиқ қилган. Шунингдек, олима ғарб шарқшуносларининг рус, немис, француз ва инглиз тилларидаги тадқиқотларини таҳлил қилгани ва ҳар томонлама ўргангани эътиборга лойиқдир. Мариа Сабтелни ўзининг танқидий нигоҳи ва нуктадонлиги билан Навоий даври сиёсий, маданий, ижтимоий, тарихий, молиявий, маънавий ва маърифий жиҳатларини тўлиқ очиб беришда хизмат қилади. 

Мариа Сабтелни ҳали бошқа олимлар кўролмаган нуқталарни таҳлил этиб беришда етакчи навоийшунослардан ҳисобланади. Сабтелни ўз ишланишлари давомида Давлатшоҳ Самарқандий, Мирхонд, Хондамир, Бобур, Муҳаммад Ҳайдар, А.С.Беверидж каби йирик тарихнавис ва шарқшунос олимлар асарлари билан яқиндан танишиб чиққан. Дунёга танилган бир қанча нуфузли кутубхоналар – Истанбул, Париж, Лондон, Ленинград ва Тошкентда сақланаётган Навоий қўлёзмаларини ўрганишга муваффақ бўлган. У машҳур рус шарқшунос олимлари В.В. Бартольд, Е.Э.Бертельс, А.А.Семёнов, Б.В.Лунин, А.К.Боровков, А.Ю.Якубовский, А.Беленицкий, М.Э.Массон ҳамда ўзбек олимларидан Ҳ.Сулаймон ва Ф.Сулаймонованинг факсимил тўпламларидан, Ойбек изланишларидан, Алишер Навоий асарларининг Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон номидаги Шарқшунослик институти тўпламидаги қўлёзмаларидан кенг фойдаланган. 

Машҳур рус олими Е.Э.Бертельс Навоийнинг бобоси Бу Саид Чанг Бойқаронинг Қандаҳордаги қисқа муддатли девонида амир вазифасини ўтаганлигини айтади. Алишер Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Кичкина Султон Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Ғиёсиддин Мансур билан эмикдош бўлган. Алишер Навоийнинг ҳар томонлама билимларга эга бўлиши унинг юқори маърифатпарварлар сулоласидан келиб чиқишидан далолат беради. Алишер Навоийнинг тарихда қолдирган аҳамияти унинг адабиёт, шеърият, жамият ва умумбашариятга қўшган ўчмас ҳиссасидир. Навоий туркий адабиётнинг энг йирик намоёндаси сифатида дунё бўйича тан олинган шоир ҳисобланади.

Шоир ҳаётлигидаёқ замондошлари тарафидан туркий адабиётнинг буюк вакили сифатида эътироф этилган. Сўзсиз, Навоий ёшлигиданоқ бой адабий муҳитда вояга етган, хусусан, икки тоғаси Қобулий ва Ғарибий тахаллуслари билан ижод қилган, тоғаваччаси Амир Ҳайдар ҳам Сабуҳий тахаллуси билан қалам тебратганлиги ёш адибнинг санъат ва шеъриятни севиб улғайишига пойдевор ясади. Х асрдан бошлаб Ўрта Осиё бўйлаб форс тили адабий тил мақомида кенг тарқалган, Навоий эса туркий тил (шарқий туркий тилнинг), яъни Қорахонийлар давлати Ўрта туркий тили (XI-XIII аср) ва Хоразм тилининг (XIV аср) адабий тили давомчиси сифатида ривож топишида мардонавор қадамлар ташлади. 

Ғарб шарқшунослари темурийлар даври ютуқларини бир сўз билан “Темурийлар Уйғониш даври” деб эътироф этганлари бежиз эмас. Ҳусайн Бойқаро саройида фан ва маданият юксалди, китобат санъати ва миниатюра ривожланди, меъморчилик ва мамлакат ободонлаштириш йўлга қўйилди, санъатнинг турли йўналишлари гуллаб-яшнади, хайрия ишлари кенг кўламда фаолият юритди.

Хулоса қилиб айтганда, Навоий ҳаёти ва ижодининг канадалик шарқшунос олима Мариа Сабтелни томонидан ўрганилиши ўзбек китобхонлари, қолаверса олимларимиз учун қизиқарли ва ёрқин изланишлари билан эътиборлидир, деган умиддамиз. Бу йўналишда яна кенг жиддий тадқиқотларга йўл очилади ва темурийлар даври ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳаётини ёритишда ғарб олимларининг иши бизга асқотади ҳамда улуғ алломаларимиз қолдирган улкан маънавий мерос башарият ривожига ўзининг муносиб улушини қўшиб яшайди.

Гуландом ЙЎЛДОШЕВА,
мустақил изланувчи