Канада 4 февралга ўтар кечаси Украинага қурол-яроғ ортилган ҳарбий-транспорт самолётини жўнатди, деб хабар қилди жума куни мамлакат мудофаа вазирлиги.
Хабарда таъкидланишича, Оттава "Украинанинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини қатъий қўллаб-қувватлайди".
"Мазкур ёрдам Украина хавфсизлик кучларига келгусида Россия таҳдиддан ҳимояланишига ёрдам беради", — дейилади хабарда.
Украинага йўл олган юк ичида шахсий ҳимоя воситалари, разведка олиб бориш учун зарур бўлган техникалар ва кузатув қурилмалари бор.
Бундан авал Оттава Украинага жўнатилган “Бирлаштириш” миссияси таркиби 200 кишидан 400 кишига оширилишини эълон қилган эди.
2014 йилдан буён НАТО мамлакатлари ва АҚШ Украинага қурол-яроғ етказиб бермоқда. Шунингдек, улар Украина ҳарбийларини машқ қилдирмоқда. Россия бу ҳолат Минск битимини бузиши ва Донбассдаги вазиятни юмшатишга салбий таъсир этишини таъкидлаб келади.
Украинага қиймати миллиардлаб долларга баҳоланаётган қурол-яроғлар етказиб беришда америкаликлардан ташқари, Буюк Британия, Канада, Франция, Польша, Туркия, Литва, Чехия, Болгария Руминия, Эстония ҳам иштирок этмоқда.
Масалан, АҚШ танкларга қарши ишлатиладиган Javelin ракета мажмуалари, патруль кемалари, мерганлик милтиқлари ва радиолокация станцияларини етказиб бераётган бўлса, Буюк Британия танкларга қарши NLAW граната улоқтирадиган қурилмаларни, Туркия Bayraktar TB2 ҳужумкор учувчисиз ўзи учар аппаратларни етказиб берган, дейилади хабарда.