Канада Трамп таҳдидларига тайёрланмоқда(ми)?
Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган тушунарсиз хабар канадаликлар эътирозига сабаб бўлди. Гап шундаки, Оқ уй раҳбари Дональд Трамп “Truth Social”да эълон қилган суратда у Европа етакчилари билан суҳбатлашаётгани кўрсатилган, орқа фондa эса сунъий интеллект ёрдамида ишланган харитада АҚШ байроғи Канада, Гренландия ва Венесуэланинг устига қўйилган эди.
Бундай ҳолатлар Оттава учун Вашингтон билан муносабатларда янгилик бўлмаса-да, ҳозирги вазиятда Канада Трамп маъмуриятининг провокацион талабларига тайёр туришга интилаяпти.
Канада бош вазири Марк Карни Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида кучли давлатлар “иқтисодий интеграцияни қурол сифатида”, “божларни босим воситаси сифатида”, “таъминот занжирларини эса заифлик сифатида” ишлатади, деб огоҳлантириб, ҳукуматга келажакда стратегик чоралар кўришни маслаҳат берди.
У ўз нутқида Қўшма Штатларни очиқ номламаган бўлса-да, бу вазиятни “глобал узилиш” сифатида таърифлаб, ўрта даражали давлатлар биргаликда ҳаракат қилиши лозимлигини қайд этиб: “Агар биз ҳозир стол атрофида бўлмасак, эртага менюда бўламиз” деди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА