French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Камтарин, меҳнаткаш ижодкор ёди
16:31 / 2025-12-22

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор хотирасига бағишланган маърифий анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманда Асқад Мухтор ижоди хусусида батафсил сўз юритилди.  

Асқад Мухтор моҳир муҳаррир, яхши шоир ва адиб, ажойиб таржимон, талабчан устоз сифатида миллий адабиётимизга муносиб ҳисса қўшган ижодкорлардан саналади.  

Ёзувчи ҳозир миллий адабиётимиз дарғаларига айланган кўплаб ёзувчиларга устозлик қилгани эътиборга молик. Айни пайтда унинг камтаринлиги, меҳнатсевар инсон бўлгани, тартиб-интизомга қатъи риоя этгани, ижодга ва ишга катта масъулият билан ёндашгани бугунги ижодкорлар учун ибрат бўлишга арзигуликдир.  

Маълумотларга кўра, атоқли шоир, носир ва драматург Асқад Мухтор 1920 йилнинг 23 декабрида Фарғона шаҳрида темир йўл ишчиси оиласида туғилган эди. У 11 ёшида отадан етим қолиб, болалар уйида тарбияланган. Мактабни тугатгач, Асқад Мухтор университетга – ҳозирги ЎзМУга (1938) кириб ўқийди. Сўнг Андижон педагогика институтида ўзбек адабиёти кафедрасининг мудири бўлиб ишлайди.  

Устоз ижодкор  «Ёш ленинчи» (1945), сўнгра «Қизил Ўзбекистон» газеталарининг муҳарририятларида бўлим мудири, масъул котиб, «Шарқ юлдузи» журналида бош муҳаррир (1960-1965), Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида котиб (1957) бўлиб ишлайди. «Гулистон» журналига, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигига муҳаррирлик қилди.

Асқад Мухторнинг «Тилак», «Тонг эди», «Тотли дамлар» сингари илк шеърлари адабиёт билимдонларига яхши маълум. Шоир Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан «Ғалаба ишончи», «Жангчининг байрам кечаси», «Туғишганлар қайтди», «Соғиниш» сингари қатор шеърий асарларини яратиб, халқни фашист босқинчиларига қарши курашга ундайди.  

Ватан гўзалликларини, унинг бебаҳо  бойликларини, халқ ҳаётидаги катта ўзгаришларни тасвирловчи «Пўлат қуювчи» (1947), «Ҳамшаҳарларим» (1949), «Раҳмат, меҳрибоним» (1954), «Чин юракдан» (1956) шеърий китобларини ёзди.

Асқад Мухтор «Мардлик чўққиси» (1948), «Яхшиликка яхшилик» (1949), «Самандар» каби пьесалар ҳам ёзган. Ёзувчининг «Дарёлар туташган жойда» (1950), «Қорақалпоқ қиссаси» (1958), «Бухоронинг жин кўчалари» каби қиссаларида, «Опа-сингиллар» (1955), «Туғилиш» (1963), «Давр менинг тақдиримда» (1964), «Чинор» (1973), «Аму» каби романларида замонамизнинг муҳим муаммолари ўз ифодасини топган.

Асқад Мухторнинг «Чин юракдан» (1956) шеърий китоби, «Ҳаётга чақириқ» (1956), «Дунё болалари» (1962) ҳикоялар тўпламлари ўзбек болалар адабиёти хазинасини бойитган.

Адабиётшунос олимлар фикрига кўра, шоирнинг «99 миниатюра», «Карвон қўнғироғи» шеърий китоблари 60-70 йиллар ўзбек шеъриятида катта воқеа бўлган. Уларда инсон қалбининг тобланишлари чуқур интеллектуал ҳис-туйғу воситасида талқин этилган.

Софокл, Тагор, Пушкин, Лермонтов, Маяковский, М.Горький, Т. Шевченко, Блок, Корнейчук асарлари Асқад Мухтор таржимасида ўзбек китобхонларининг маънавий мулкига айланган.

Асқад Мухтор лирик шоир, таниқли адиб, моҳир таржимон сифатида ўзбек маданияти тараққиётига катта ҳисса қўшган. У Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ҳамза номидаги республика Давлат мукофотига сазовор бўлган. Истиқлол йилларида устоз ёзувчининг меҳнатлари юксак қадрланиб, 1995 йилда «Дўстлик» ордени билан мукофотланган.

Анжуманда Асқад Мухтор асарларининг бадиияти, ўзига хос жиҳатлари хусусида батафсил сўз юритилди.  

Н.Усмонова, ЎзА мухбири