Буюклар ўлмайди, улар қалбларда мангу яшайди. Шундай инсонлар бўладики, умри давомида ўзининг хайрли ишлари билан кўпчиликнинг назарига тушиб, қалблардан чуқур жой эгаллайди. Ўзбек миллий санъатининг бетакрор намояндаси Камолиддин Раҳимов ҳам юракларни забт этган ҳофиз сифатида санъат ихлосмандлари қалбидан чуқур жой эгаллади.
Наманганда “Устозни ёд этиб” деб номланган, элимиз суйган санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Камолиддин Раҳимов таваллудига 80 йил тўлиши муносабати билан хотира кечаси ўтказилди.
Марҳум санъаткор фаолиятининг асосий даври кечган вилоят мусиқали драма театрида вилоят ҳокимлиги, Маданият вазирлиги томонидан ташкиллаштирилган тадбирда ҳофизнинг оила-аъзолари, дўстлари, қўшиқ шайдолари, давлат ва жамоат идоралари вакиллари, бошқа вилоятлардан меҳмонлар иштирок этди.
[gallery-10254]
Ўзбек миллий қўшиқчилик санъатида ўз мактабига эга бўлган моҳир созанда, бастакор ва хушовоз хонанда Камолиддин Раҳимов 1943 йил 12 январда Наманган шаҳрида туғилган. Тошкент маданият институтини тугатган ҳофиз ашула йўлларини даставвал Ваҳобжон Абдуллаевдан ўрганган. Наманган маданият уйи қошидаги Уста Рўзиматхон номидаги ашула ва рақс ансамблида хонанда, мусиқа раҳбари, бадиий раҳбар бўлиб ишлаган. 26 йил давомида эса вилоят театрида яккахон хонанда сифатида самарали фаолият юритиб, ижод қилди.
Хотира кечасида Наманган вилояти филармонияси, вилоят театри ва мақомчилар ансамбли, шунингдек, пойтахтимиздан келган атоқли хонандалар томонидан Камолиддин Раҳимовнинг “Яхшиларга ёндашиб”, “Ғанимат”, “Парвона”, “Кутаман”, “Бир тараф”, “Наргиз”, “Кўчамдан жонон ўтганда”, “Ўн саккизда ёр ёши”, “Турналар”, “Қошингиз қаросиму”, “Фарзандидурман”, “Наманган тановори” номли қўшиқлар ижро этилди.
Вилоятдаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида Камолиддин Раҳимов издошларини тарбиялаш, устоз мактабини яратиш ва кенг кўламда тарғиб қилишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар бошланган. Асосий мақсад – ушбу масканлардан атоқли ҳофизга муносиб ворисларни етиштиришдан иборат. Бу борада дастлабки қадамлардан бири сифатида, буюк санъаткорнинг ибратли ҳаёти ва ижод йўлини ўрганишга бағишланган китоб ҳам нашр қилинди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззақов иштирок этди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА