Инсоний ишқ-муҳаббатни, меҳру вафо, иффат, садоқат, шарму ҳаё ва назокатни ёниб, ҳассослик билан куйлаган Навоийнинг бетакрор ғазал ва рубоийларини ўқиганда буюк ва олийжаноб қалб садоларини сезиб турамиз.
Бу юрак туғёнлари, орадан асрлар ўтиб миллионлаб одамларни ўзига мафтун этиб келмоқда.

Мени мен истаган ўз суҳбатиға аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас.
Андижон давлат университетида буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоий таваллудига 585 йил тўлиши муносабати билан “Алишер Навоий – миллат қуёши” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда университет ректори Бахтиёржон Акбаралиев Алишер Навоий ижодининг миллий маънавият ва маданиятимиз тараққиётидаги беқиёс ўрни ҳақида сўз юритди.
Филология фанлари доктори, профессор Абдулҳай Собиров ўз сўзида Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди, унинг бебаҳо адабий мероси, инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган тарбиявий асарларини ўрганиш, кенг тарғиб этиш борасида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидлади.

– Навоийни қанча кўп ўқисак, ижодини қанча чуқур ўргансак, унинг бетакрор ижодини шу қадар теранроқ англаб бораверамиз. Бугунги тадбирда ҳам улуғ шоир ижодий меросининг янги қирралари, ўзига хос жиҳатлари ҳақида кенг маълумотлар олдик, – дейди университет ўқитувчиси Хуршида Азамжонова.

Талабалар томонидан намойиш этилган бадиий дастур, саҳна кўринишлари, Навоийнинг ғазаллари асосида ижро этилган куй ва қўшиқлар, ижодкор ёшлар мушоираси тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Тадбир якунида Навоий ижодини кенг тарғиб этиш, унинг бой маънавий меросини ёшлар онгига сингдириш йўлида фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар университет ректорининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА