Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Камчатка қалин қор исканжасида қолди
16:42 / 2026-01-17

Россиянинг Камчатка минтақасида сўнгги 30 йилдаги энг кучли қор ёғди, деб хабар бермоқда “РБК” нашри. Таъкидланишича, қорнинг қалинлиги 51 см дан 133 см гача, қўшни Сосновка ҳудудида эса 163 см ни ташкил этган.

Улкан қор уюмлари кўп қаватли уйларнинг кириш йўлларини тўсиб қўйган, аҳоли кўчага чиқиш учун туннель қазишга мажбур бўлмоқда. Ҳатто баъзи жойларда қор уюмлари кўп қаватли уйларнинг тўртинчи қаватигача етган. Қор автомобилларни бутунлай кўмиб, кўчаларни ўтиб бўлмас ҳолга айлантирди.

Қор тозалаш ишларига қутқарувчилар, талабалар гуруҳлари, кўнгиллилар, ҳарбийлар ва ҳатто сув ости кемалари ходимлари ҳам жалб этилди. Улар хонадонларда қамалиб қолган ва шошилинч касалхонага ётқизилиши керак бўлган одамларга ёрдам беришмоқда. 

Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини кўп қаватли уйлардан баланд қор уюмларига сакрамаслик ҳақида огоҳлантирди. Мутасаддиларнинг айтишича, қор қатлами остида деворлар, автомобиллар, одамни жароҳатлаши мумкин бўлган ўткир металл конструкциялар бўлиши мумкин. 

Бошқарув компаниялари уйлар атрофидаги ҳудудларни тозалаб, томлардан қор тушиши мумкин бўлган жойларга тўсиқлар ўрнатмоқда. Расмийлар агар тозалаш ишлари сифатсиз бажарилса, масъуллар маъмурий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирди.

Петропавловск-Камчаткада 15 январдан фавқулодда ҳолат режими амал қилмоқда. Ушбу чора томдан қор кўчиши оқибатида икки киши ҳалок бўлганидан кейин жорий этилди. 

– Ҳудудда магистраль йўллар билан боғлиқ вазият мураккаблашди, -деди вилоят губернатори Владимир Солодов. – Йўлларда ташлаб кетилган машиналарни эвакуация қилиш режалаштирилган, улар қор тозалаш машиналарининг ишлашига халақит бермоқда.

Айни пайтда вилоят марказида жамоат транспорти ҳаракати чекланди. Турли муассасалар фаолияти масофавий шаклга ўтказилди, бир нечта округлардаги коллеж ва мактабларда дарслар бекор қилинди.

Экологлар фикрича, ҳафта охиригача Камчаткада қор кўчкиси хавфи сақланиб туради. Сайёҳлар ва спортчиларга тоғ ёнбағирларига чиқмаслик тавсия этилмоқда, ота-оналардан эса болаларнинг тепалик этагида ўйнаши хавфли эканлигига эътибор қаратиш сўралган.

Ў.Алимов, ЎзА