Шу йилнинг 16-17 сентябрь кунлари Наманганда ўтказилган “Камбағалликдан фаровонлик сари” мавзусидаги учинчи халқаро форум мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлиб, Янги Ўзбекистон имижини янада мустаҳкамлаш, инсон қадрини улуғлаш борасидаги хайрли ислоҳотларни дунё жамоатчилиги эътиборига ҳавола қилишда алоҳида ўрин эгаллади.
Анжуманда дунёнинг ўттиздан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотларидан вакиллар ҳамда икки юзга яқин халқаро экспертлар, хусусан, Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад Ал-Жассир, Осиё тараққиёт банки вице-президенти Инмин Янг, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги вице-президенти Сачико Имото, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Каха Имнадзе, Жаҳон банкининг камбағалликни қисқартириш бўйича глобал директори Луис Фелипе Лопез-Кальва иштирок этди.

Камбағалликни қисқартириш, барқарор ва юқори даромадли иш ўринларини яратиш, инсон капиталини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш каби долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган мулоқот платформасини яратишга қаратилган форумда таъкидланганидек, глобал ҳамжамият томонидан 2030 йилгача дунёда қашшоқликка барҳам бериш, табиатни асраш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш, тинчлик ва фаровонликни таъминлашда халқаро ҳамкорликни кучайтиришдек юксак муддаоларни ўзида акс эттирган Барқарор ривожланиш мақсадлари қабул қилинган. Бироқ охирги йилларда жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган мураккаб шарт-шароитлар оқибатида ҳозирда ушбу мақсадларнинг 18 фоизгагина эришилганидан ташвиш билдирилди. Бу эса, ўз навбатида, масалага янада жиддий ёндашишни долзарб қилиб қўймоқда.

Анжуманнинг очилишда нутқ сўзлаган Президентимиз қайд этганидек, ер юзида кузатилаётган иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги ва пандемиялар туфайли олдимизда оғир ва машаққатли синовлар пайдо бўлмоқда. 2015 йилдан буён глобал иқтисодий ўсиш суръати ўртача уч фоизни ташкил этиб, олдинги ўн йилликка нисбатан секинлашди. Оқибатда беш йил олдин дунёда 650 миллион аҳоли камбағалликда яшаган бўлса, бугун уларнинг сони 800 миллиондан ошди. Бу ҳолат барча давлатлар, халқаро ташкилотлар, умуман, дунё ҳамжамияти олдига янги ва долзарб вазифаларни қўйиб, уларга ечим топиш бўйича тезкор қарорлар қабул қилишни тақозо этмоқда.

Янги ташаббус ва тажрибаларни синовдан ўтказиб, дунёдаги ижобий ютуқларни ўрганиб, камбағалликни қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон модели яратилди. Изчил ислоҳотлар туфайли 7,5 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси ўтган 2024 йилда 8,9 фоизга туширилди. Йил якунигача уни олти фоизгача камайтириш мақсад қилинган. Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон кейинги беш йилгача камбағалликни икки карра қисқартириш бўйича олган мажбуриятини муддатидан олдин бажарди. 2030 йилга бориб халқаро мезонларга кўра, мамлакатимизда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам бериш мақсад қилинган.

Нуфузли форум доирасида ташкил этилган 12 та панель сессияларида сўнгги йилларда Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш борасида йиғилган тажрибалар юзасидан фикр алмашилиб, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, бозор талабларига мос кўникмаларнинг камбағалликни қисқартиришдаги ўрни, ўтиш даврида ижтимоий ҳимоя тизими – инклюзивли иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича глобал тажрибалар, қашшоқликни тугатишда ислом молиясининг янги имкониятлари, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган истиқболдаги режалар ва янги ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ислом тараққиёт банки гуруҳи раиси Муҳаммад Ал-Жассир ҳукумат “Ўзбекистон-2030” тараққиёт стратегияси ва “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури орқали камбағалликни қисқартиришни устувор вазифа сифатида қўйганлигини эътироф этди.
Осиё тараққиёт банки вице-президенти Йингминг Янг юртимизнинг камбағалликни қисқартиришдаги муваффақияти Марказий Осиё минтақаси ва ундан ташқарида намуна бўлаётгани, ушбу ютуққа эришишда хусусий секторнинг иштироки ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Форумда мастер-режалар ишлаб чиқиш жараёнлари, инфратузилмани модернизация қилишнинг иқтисодий салоҳиятни оширишдаги ўрни ҳамда ижтимоий ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган ёндашувлар муҳокама этилди.
Бунда инфратузилмани ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда шаҳар бош режасидан тортиб, қишлоқларда транспорт ва алоқа тизимларини яхшилашгача бўлган масалалар, ҳеч бир ҳудудни четда қолдирмаслик ва иқтисодий ўсишни барчани қамраб оладиган тарзда амалга оширишга эътибор қаратилди.
Бу борада юртимиздаги 140 та шаҳар ва туман, шу жумладан, Наманган вилоятидаги 14 та шаҳар ва туманнинг иқтисодий имкониятларидан келиб чиқиб, 227 та урбанизация, туризм, йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда ҳудудларнинг комплекс иқтисодий тараққиётига қаратилган мастер-режалар ишлаб чиқилмоқда.
Анжуманнинг яна бир аҳамияти ва эътиборга молик натижаси шундаки, форум доирасида Ўзбекистон ҳамда бир қатор халқаро ташкилотлар ўртасида умумий қиймати 500 миллион долларга тенг бўлган ўндан ортиқ келишув ва меморандумлар имзоланди.
Форумнинг тантанали ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов айтиб ўтганидек, бугунги кунда камбағалликни қисқартириш масаласи ҳар бир давлатнинг энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланиб, бу глобал муаммога илғор тажриба ва янги ёндашувлар асосида биргаликда ечим топиш муҳим.
Шу нуқтаи назардан олганда, Намангандаги халқаро форум доирасида нуфузли халқаро ташкилотлар ва таниқли экспертлар иштирокида бўлиб ўтган панель сессияларида билдирилган илғор тажрибалар бу борадаги умумий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш учун қулай имконият бўлиб хизмат қилади.
Қайд этилганидек, юртимизда “Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият” тамойили асосида ҳар бир оила учун тузилган “Индивидуал хизматлар” режаси асосида манзилли иш ташкил этилиши ишсизлик ва камбағаллик даражасини кескин қисқартиришга имкон яратмоқда. Бунда, аввало, аҳолини шунчаки ишга жойлаштириш эмас, балки доимий иш ўринларини кўпайтириб, одамлар барқарор даромад манбасига эга бўлиши учун шароит яратилмоқда.
Даромадли иш ўринларини яратишда Наманганда асосан иккита йўналишда иш ташкил этилмоқда. Қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ҳисобига инвестицияларни жалб қилиб, йирик тадбиркорлик лойиҳаларини ишга тушириш ҳамда жамиятнинг энг қуйи бўғинигача йўлга қўйилган “Маҳаллабай” ишлаш тизими орқали аҳоли даромадини ошириш. Ҳар бир оила билан манзилли ишланиши туфайли охирги беш йилда вилоятда 320 минг киши камбағалликдан чиқарилди. Натижада 2025 йил якуни билан камбағаллик даражаси 2020 йилдаги 15,7 фоиздан 4,5 фоизга камайиши кутилмоқда.
Наманган мезбонлик қилган халқаро форумда қатнашган халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлардан ташриф буюрган экспертлар Янги Ўзбекистоннинг “Камбағалликдан фаровонлик сари” сиёсатини амалга оширишдаги тажрибасига юқори баҳо беришди.
Сачико Имото, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (“JICA”) вице-президенти:

– Ярим асрлик тарихга эга бўлган халқаро ташкилотимиз Ўзбекистон ҳукумати билан 1992 йилдан буён мунтазам ҳамкорлик қилиб келмоқда. Айниқса, саноат, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимояни ривожлантириш, энергия тежамкорлик самарадорлиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, давлат хизматчилари салоҳиятини юксалтириш йўналишларида биргаликда лойиҳалар амалга оширилган. Республика Инвестиция, савдо ва саноат вазирлиги билан ҳамкорликда бизнес етакчиларини тайёрлаш, хусусий тадбиркорликни тараққий эттиришга кўмаклашиш мақсадида “Ўзбек-Япон” маркази ташкил этилиб, унда япон менежменти маҳаллий тадбиркорларга ўргатиб келинмоқда. Бунга мисол тариқасида “Сафия ширинликлари” қандолат заводини келтириш жоиз.
Наманганда бўлган халқаро форумда Ўзбекистон билан ҳамкорликда Ўзбекистонда “Бир қишлоқ – бир маҳсулот” лойиҳасининг дастлабки босқичини бошлаш юзасидан меморандум имзолашга эришдик. Мазкур битим доирасида, республиканинг чекка ҳудудларида муайян бир қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқаришга ихтисослашган лойиҳа бўйича Япония тажрибасини жорий этиш борасида техник ҳамкорлик амалга оширилади.
Сабина Махл, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси резидент-координатори:

– Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг олдини олиш борасида кейинги йилларда мамлакатингизда юз берган улкан ўзгаришларни алоҳида эътироф этиш жоиз. Буни шахсан Шавкат Мирзиёев томонидан кўрсатилган сиёсий ирода сифатида баҳолаш керак. Қолаверса, бу масала Ўзбекистоннинг янги Конституциясида алоҳида белгиланди. Мажбурий меҳнат кўп йиллар аввал ижтимоий соҳага оғир юк бўлиб келган. Айниқса, ўқитувчилар ва шифокорларнинг кўп вақти пахта далаларида ўтган. Мажбурий меҳнатнинг йўқ қилиниши инсон ҳуқуқлари амалда таъминланганидан далолат беради. Қолаверса, пахта етиштирувчи компаниялар маҳсулотни экспорт қилишга ёки уни олиб сотишга қийналарди. Эндиликда бу каби иқтисодий муаммоларга чек қўйилди.
Сангхён Ли, Халқаро Меҳнат ташкилоти бош директорининг иш ўринлари ва ижтимоий ҳимоя бўйича ассистенти:
– Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга қаратилаётган эътибор, айниқса, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги сиёсатни ёқлайман. Юқори савияда ташкил этилган форумнинг эътиборли жиҳатларидан бири дунёнинг кўпгина давлатларидан ташриф буюрган ташкилотлар вакиллари билан ўзаро тажриба алмашинув дастури бўлди.
Оберт Пимхидзай, Жаҳон банкининг камбағалликни қисқартириш бўйича эксперти – бош иқтисодчи:

– Дунё миқёсида барқарор тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш, фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилиш борасида олиб борилаётган, узоқни кўзланган стратегик ислоҳотларни юқори баҳолайман. Келажакда мазкур йўналишдаги амалий ишлар кўлами кенгайтирилишига ишончимиз комил. Боиси, халқаро форумда гувоҳи бўлганимиздек, Наманган вилоятидаги маҳаллаларда ҳунармандчилик, томорқачилик ва бошқа тадбиркорлик йўналишларида ҳар бир фуқаронинг ўзини ўзи банд қилиш тизими яратилганлигидир.
АҚШнинг Колумбия университети ижтимоий фанлар профессори Людмила Ким:

– Халқаро даражадаги форумда қатнашишдан фахр туйғусини ҳис этдим. Унда шахсан мамлакатингиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқ сўзлаганига гувоҳ бўлиш бу туйғуни янада кучайтирди. Нуфузли анжумандаги кенг қамровли ёндашув эътиборимни тортди. Чунки, бу халқ ва ҳокимиятнинг ҳамкорлиги демакдир. Давлат ва аҳолининг биргаликда қашшоқликни камайтириш, турмуш тарзини яхшилаш ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлашга бўлган ҳаракати, албатта, таҳсинга лойиқ.
Камбағалликни қисқартириш мавзуси очилса, “Ким маҳаллий аҳоли билан шуғулланишни ўз зиммасига оляпти?”, деган савол туғилиши табиий. Шубҳасиз, улар ижтимоий хизмат ходимларидир. Айни шулар оилаларнинг молиявий таъминотга муҳтож эканини биладиган камбағалликни қисқартиришнинг маҳаллий тизими ишчи кучларидир. Мамлакатда 9 минг ходимнинг мазкур тизимда иш билан таъминлангани Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя сифатига жиддий эътибор қаратилаётганини билдиради.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА