Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳудудда камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида фаоллар, тадбиркорлар, тегишли бошқармалар масъулларига мурожаат йўллади.
Йиғилиш аввалида, Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар асосида вилоят ҳудудини камбағаллик ва ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш ҳамда бошқа бир қатор муҳим соҳаларда “Тошкент тажрибаси”ни яратиш мақсад қилинганлиги таъкидланди.

Бугунги иқтисодий тебранишлар кучайиб бораётган шароитда яратилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда, фақатгина тинимсиз меҳнат, ўз устида ишлаш ва раҳбарларнинг фидойилиги ҳисобига яхши кўрсатгичларга эришиш мумкин. Вилоят ҳокими қилинаётган ишлар ва мавжуд вазиятни танқидий таҳлил қилди.

Таҳлилларга кўра, вилоятда “Камбағал оилалар реестри”ни шакллантириш мақсадида бугунги кунга қадар 116 минг оила сўровномадан ўтказилиб, 43 минг 756 та оила “Камбағал оилалар реестри”га киритилди. Шу билан бирга, 275 минг 245 та индивидуал хизматлар кўрсатилиши натижасида реестрга киритилган оилаларнинг 14 минг 871 таси камбағалликдан чиқарилди. Пировардида 1 ноябрь ҳолатига камбағаллик даражаси йил бошидаги 8 фоиздан 3,6 фоизга қисқарди.

Вилоятдаги 7 минг 485 та камбағал оилаларга вилоят, туман ва шаҳар даражасида бириктирилган 1 минг 497 нафар раҳбарлар фаолияти ўз самарасини кўрсатмоқда. Уларнинг бу борадаги самарали ишлаши туфайли 2 минг 358 та оилалар реестрдан чиқарилди. Муҳими, мазкур тоифадаги оилаларнинг даромади ўзгариши сабабли вилоят бўйича расмий ва норматив даромади бўлмаган оилалар сони 4 минг 115 тага камайиб, ҳозирда 8 минг 279 тани ташкил этмоқда.

Бироқ, хусусий корхоналарда ишлаётган 16 минг 615 нафар меҳнатга лаёқатли камбағал аҳолининг расмий маоши ҳисоботларда акс эттирилмасдан келинмоқда. Ўз навбатида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан субсидия, грант, кредит ва лизинг маблағлари ҳисобидан экин ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича вилоятда 353,9 миллион сўм маблағлар ажратилиб, 20 та оила тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Натижада 75 нафар аҳолининг бандлиги таъминланиб, камбағалликдан чиқарилди. Бу борада, Бекобод шаҳри, Оҳангарон туманида маблағ ажратиш ишлари ҳанузгача бошланмаган бўлса, Паркентда атиги 1 дона ажратилган холос.

Вилоят ҳокими ўз мурожаатида 115 фоиз аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилингани камбағалликни қисқартиришда ўз таъсирини кўрсатганини алоҳида таъкидлади. Бироқ, Паркент ва Тошкент туманларида аҳолининг 80 фоиздан ортиғи ўзини-ўзи банд қилиш орқали режа бажарилган, холос.
Президентимизнинг тегишли қарори бўйича Хитой тажрибаси асосида айрим бошқарма ва ташкилотларга бир қатор вазифалар белгиланган. Масалан, йил охиригача 980 гектар ўрмон фонди ерида кўчатхона ташкил этиш ва доривор ўсимликлар етиштириш мақсадида 984 та камбағал оилаларга ажратиш топшириғи берилган бўлсада, ўрмон хўжаликлари томонидан бугунги кунда 20 фоиз ер ажратилган холос.
Йиғилишда бу ҳолат танқидга олинди ва вазифаларга масъулият билан қараш лозимлиги айтилди. Сабаби ҳалигача Бекобод, Бўстонлиқ, Оҳангарон, Паркент, Пискент, Янгийўл туманларида ўрмон фонди ерларидан камбағал оилаларга ажратиб бериш ишлари якунига етмаган.
Шунингдек, ҳудудий электр тармоқлари бошқармасига 23 та оғир маҳаллалардаги 1 минг 354 та камбағал оила учун умумий қуввати 7 минг 250 кВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларининг лойиҳа смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш топшириғи берилган бўлсада, 812 та камбағал оилаларга бугунги кунга қадар бундай қурилмалар қўйилмаган. Бу борада ҳам амалга ошириш лозим бўлган ишлар қониқарсизлиги айтилди.
Йиғилишда белгиланган вазифалар ижросига юзаки ёндошаётган, дастурлар ижросини таъминламаётган вилоят ва туман-шаҳар даражасидаги мутасаддилар қатъий огоҳлантирилди, айрим раҳбарларга жиддий чоралар кўриш бўйича таклифлар киритилди.
Тадбирда ҳоким мурожаати юзасидан мутасаддилар ва тадбиркорларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари тингланди.
А.Мусаев,ЎзА.