English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Камбағалликни қисқартириш — режа эмас, амалий механизм
17:21 / 2026-01-27

Камбағалликни қисқартириш — рақамлар ортидан қувиш эмас, балки ҳар бир маҳалла ва хонадон имкониятини тўғри баҳолаш демакдир. Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 23 январь куни ўтказган видеоселектор йиғилишида айнан шу тамойилга алоҳида урғу берди.

Бу тамойил Сирдарё вилояти Гулистон туманида амалда ўз исботини топмоқда. Томорқа, касб, кооперация ва тадбиркорликка таянган ёндашув минглаб оилаларни даромадли меҳнатга жалб этмоқда.

Бу ерда гап фақат режалар бажарилиши ёки фоизлар ҳақида эмас. Асосий масала — ёндашувнинг ўзгарганидир. Гулистон туманида камбағалликка қарши кураш “умумий рўйхат” ёки мавҳум кўрсатмалар асосида эмас, балки маҳалла кесимида, ҳар бир хонадоннинг реал салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилмоқда.

Ана шу тамойил асосида туманда аҳолини банд қилиш, даромадини ошириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилган ишлар тизимли йўлга қўйилди. Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан 2025 йил давомида “Аҳолини иш билан таъминлаш” дастури доирасида белгиланган вазифалар нафақат бажарилди, балки айрим йўналишларда режадан ошиб ижро этилди.

– Хусусан, Президентнинг 2025 йил 17 январдаги  "2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги  қарорига мувофиқ, туманда 16 минг 143 нафар ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган эди, – дейди туман  Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими  бошлиғи Санжар Тўхтамишов. –  Йил якунига келиб эса 16 минг 244 нафар фуқаро даромадли меҳнат билан таъминланди. Бу эса тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги ва маҳаллий саноатни ривожланиши ҳисобига амалга оширилди.

Муҳими, бу кўрсаткичлар тасодифий эмас. Ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликка йўналтириш ва ўзини ўзи банд қилишга кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилди. Йил давомида режадаги 755 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди.

– Ижтимоий жиҳатдан энг ҳимояга муҳтож қатламлар ҳам назардан четда қолмади. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган фуқаролар, меҳнат миграциясидан қайтганлар, кам таъминланган оилалар билан манзилли иш олиб борилди. Айниқса, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида оилаларни доимий даромад манбаига эга қилишга қаратилган ишлар амалий натижалар бермоқда, –  дейди Санжар Тўхтамишов.

Айни жараёнда маҳалла институтининг роли янада кучайди. Гулистон туманида ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчилари, банк ва солиқ ходимлари, аграр мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, хонадонма-хонадон ўрганиш ишлари олиб борилди. Қайси оилада қандай ер бор, қандай кўникма ва тажриба мавжуд, бозор талабига қайси йўналиш мос — барчаси аниқ ҳисоб-китоблар асосида таҳлил қилинди. Шу таҳлиллар асосида аҳолининг “нима қилса бўлади?” деган саволига тайёр ечимлар таклиф этилди.

Президент таъкидлаган томорқаларни ихтисослаштириш тамойили айнан шу ерда ўз самарасини берди. Туманда очиқ аукционлар орқали ишсиз ва кам даромадли оилаларга ижарага берилган ер майдонлари бекор ётгани йўқ. Аксинча, “бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида экин экиш, такрорий ҳосил олиш ва даромадни оширишга қаратилган намунавий лойиҳалар амалга оширилди. Ҳар бир ер майдони бўйича ким, нима экиши, қаерга сотиши ва қанча даромад олиши олдиндан ҳисоблаб чиқилди.

Бу ёндашувнинг амалий натижаси Ишонч маҳалласи мисолида айниқса яққол кўринади. Қарийб беш минг нафардан ошиқ  аҳоли истиқомат қиладиган ушбу маҳаллада ишсизлик муаммоси бир пайтлар кескин эди. Бугун эса томорқалар, иссиқхоналар, балиқчилик ва паррандачилик маҳалланинг иқтисодий таянчига айланмоқда. Мавжуд 97 гектар томорқа ер майдонидан оқилона фойдаланиш орқали аҳолининг катта қисми мавсумий эмас, балки барқарор даромад манбаига эга.

Эътиборли жиҳати, маҳалла аҳолиси ихтиёрида жами 97 гектар томорқа ер майдони мавжуд бўлиб, унинг 37 гектарида иссиқхона хўжаликлари ташкил этилган. Бу ерларда мавсумга мос равишда қулупнай, помидор, бодринг, кўкат, редиска каби даромадли экинлар етиштирилмоқда.

– Деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик маҳалламизнинг асосий драйвер соҳалари ҳисобланади, – дейди Ишонч маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Бобомурод Абулқосимов. – Ўтган йили ишсиз ва кам даромадли аҳолини иш билан таъминлаш, уларнинг даромадини ошириш мақсадида қарийб 1 миллиард 364 миллион сўмга яқин имтиёзли кредитлар йўналтирилди.

Шундай лойиҳалардан бири маҳаллада истиқомат қилувчи Темур Самадов фаолиятидир. У Президент қарорига асосан 100 миллион сўм имтиёзли кредит олди ва ўз ер майдонида 5 та сунъий ҳавза барпо этиб, интенсив усулда Африка лаққаси етиштиришни йўлга қўйди. Натижада нафақат ўзи, балки оила аъзолари ва 4 нафар ёш доимий иш ўрнига эга бўлди.

Қувонарлиси, мазкур йўналиш катта жисмоний меҳнат ёки кўп ишчи кучи талаб қилмайди. Темур Самадов бир мавсумда 20 минг донагача Африка лаққасини етиштириб, ички бозорга килосини 20–25 минг сўмдан етказиб бермоқда. Шу боис маҳалладаги ишсиз ва кам даромадли ёшларни балиқчиликка жалб қилиш мақсадида маҳорат дарслари ташкил қилинди ва уларга доимий маслаҳатлар бериб борилмоқда. Агар ўтган йил бошида бундай хўжаликлар сони атиги 2 та бўлган бўлса, бугун 50 тадан ошиб кетди.

Маҳаллада беданачилик ҳам тобора оммалашиб, даромадли йўналишга айланмоқда. Ишонч маҳалласидаги Мухторжон Мадаминов ўз хонадонида бедана парвариши ва маҳсулотни бозорларга етказиб беришни йўлга қўйди.

– Дастлаб 100–150 та бедана билан иш бошлагандим, – дейди у. – Бугун эса йил давомида 12–15 минг бош беданани айнан шу фаолиятни бошламоқчи бўлган ёш тадбиркорларга етказиб беряпман.

Унинг таъкидлашича, бедана парвариши катта сармоя ёки оғир меҳнат талаб қилмайди. Улар 40–45 кун ичида тухумга киради, болалари тез ўсади ва тирик қолиш даражаси 95 фоизгача етади. Ҳозирда Мухторжон Мадаминовнинг 1 минг 700 бош беданаси бор бўлиб, улар кунига 1 минг 200–1 минг 300 дона тухум беради. Бу эса йил давомида 70-80  миллион сўмдан ортиқ соф даромад олиш имконини яратмоқда.

Натижада нафақат маҳаллада, балки бутун туманда Мухторжон Мадаминов тавсия ва маслаҳатлари асосида беданачилик билан шуғулланаётган ёшлар сони ортиб бормоқда. Бу эса бозорни парҳезбоп ва фойдали маҳсулотлар билан таъминлаш баробарида ишсизликни сезиларли даражада қисқартиришга хизмат қилмоқда.

Иссиқхоначилик йўналишида ҳам ижобий мисоллар кўп. Ишонч маҳалласида истиқомат қилувчи Умид Юсупов ўз хонадонидаги бўш турган 4 сотих ер майдонида иссиқхона хўжалигини ташкил этди.

– Унга 60 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди, – дейди ҳоким ёрдамчиси. – Шу маблағ ҳисобига у гидропоника усулида қулупнай етиштиришни йўлга қўйиб, япон навли 4 минг дона кўчат экди. Энди уларнинг ҳар бири бир мавсумда ўртача 4–4,5 килограммгача ҳосил бермоқда. Бу эса умумий ҳисобда 17–18 тонна қулупнай демакдир.

Бозорда қулупнайнинг ўртача нархи 150 минг сўм эканини ҳисобга олсак, бундай лойиҳаларнинг нақадар даромадли экани яққол кўринади.

Шунингдек, маҳаллада кооперация асосида бройлер товуқ боқиш ҳам кенг оммалашмоқда. Ҳафиза ва Абдумурод Сайназаровлар хонадонида мазкур йўналишдаги фаолият самарали йўлга қўйилган.

– Ҳозир маҳаллада биз каби кооперация усулида бройлер товуқ боқаётган оилалар сони 20 тадан ошиб кетди, – дейди Ҳафиза Сайназарова. – Дастлаб 500 та товуқ билан иш бошлаган эдик, ҳозир эса 1 минг 500 та бройлер парваришлаяпмиз.

Бройлерлар 40 кун ичида гўштга тайёр бўлади ва ҳар бири 4,5–5 килограммга етади. Улар килосини 19 минг сўмдан махсус корхонага топширилади. Натижада ҳар 40–45 кунда 19–25 миллион сўм атрофида даромад олинади.

– Бу даромад ҳисобига уй қуряпмиз, фарзандларимизни ўқитяпмиз, – дейди тадбиркор аёл.

Хулоса қилиб айтганда, нафақат Гулистон туманининг Ишонч, бошқа маҳаллаларида ҳам давлатимиз раҳбари камбағалчилик ва ишсизлик  даражасини тушириш, аҳолини даромадини ошириш юзасидан берган топшириқлари асосида ишлар бошлаб юборилди.

–  Мақсад, йил сўнггига қадар туманда, туманнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби, Ишонч маҳалласида  камбағаллик даражаси ўтган йил бошида 7,6 фоиз бўлган бўлса, йил сўнггига келиб 3,8 фоизга, ишсизликни эса 6,5 фоиздан 4,1 фоизга туширмоқчимиз, Энг муҳими, бу борада аниқ режа, дастурларимиз бор,  –  дейди Бобомурод Абулқосимов.  

Гулистон тумани тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, камбағалликни қисқартириш рақам тўплашда эмас, балки ҳар бир хонадон имкониятига мос, аниқ ва самарали механизм орқали амалга оширилётир. Бу жараён бир марталик акция эмас, балки барқарор ижтимоий-иқтисодий ислоҳотдир.

Ғулом Примов, ЎзА