Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Камбағалликни қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон модели амалда ўзини тўлиқ оқлади
10:50 / 2025-12-30

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида аҳолининг фаровонлигини ошириш, ҳар бир юртдошимизнинг тинч, фаровон яшашини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Зотан, ўз ишига, даромадига эга бўлган, оиласи тўкис кишиларгина ўзини хотиржам ҳис қилади. Ўзини шу мамлакатнинг бир бўлаги эканини, эътибордан четда эмаслигини амалда кўрган фуқаролар юрт равнақига ҳисса қўшади. 

Мурожаатда жорий йилда 5 миллион аҳоли даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушгани алоҳида қайд этилди. Қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқди, илк бор 1 минг 435 маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланди.

Камбағал оилаларга мансуб 168 минг нафар бола давлат боғчаларига имтиёзли асосда қабул қилинди. Бу йилдан бошлаб, 208 боғчада биринчи марта инклюзив таълим тизими жорий этилди. 

Таъкидлаш керакки, юртимизда камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушди.

Бу рақамлар замирида миллионлаб кўнгил хотиржамлигига эришган одамлар, фаровонликка қадам қўйган юзлаб оилалар бор. Бу эса давлатимиз сиёсатининг халқчиллашиб бораётгани, инсон қадри ва манфаати амалда таъминланаётганини англатади.

Давлатимиз раҳбари бу ишлар бошлаганида аҳолининг учдан бир қисми камбағаллик чегарасида яшаганини эслаб ўтди. Кредит, субсидия, компенсация каби юздан зиёд хизматлар орқали ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилгани ва буларни маҳалладаги “еттилик”нинг ўзига берилгани натижасида 8,5 миллиондан зиёд одам камбағалликдан чиқди, ишсизлик 2 карра қисқарди. Натижада уч йил олдин камбағалликни 2026 йил якуни билан 2 карра қисқартириш бўйича олинган марра шу йилнинг ўзида уддаланди. 

Буларнинг барчаси мамлакатимизда қанчалик мураккаб бўлмасин,  камбағалликка қарши курашиш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилиб, умуммиллий ҳаракатга айлантирилгани натижасидир. 

Президентимиз таъкидлаганидек, биз янги ташаббус ва тажрибаларни синовдан ўтказиб, дунёдаги ижобий ютуқларни ўрганиб, камбағалликни қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон моделини яратдик. Аввало, ўтиш даврининг муҳим инструменти бўлган манзилли ижтимоий дафтарларни жорий этиб, барча эҳтиёжманд оилаларни қамраб олдик.

Дарҳақиқат, “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилгани ўзини ҳар томонлама оқлади. Ҳар бир хонадон, ҳар бир оила билан индивидуал режа асосида ишлаб, даромадни ошириш учун етарли ресурс ажратилди. 

Муҳими, аҳолини камбағалликдан чиқариш ва даромадли қилишда ҳар бир ҳудуднинг ўз тажрибаси пайдо бўлди. Ҳар бир маҳаллага бизнес муҳити, ҳар бир оилага фаровонлик кириб борганини одамлар ўз ҳаётида ҳис этмоқда. 

“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури, энг аввало, камбағал аҳолини шунчаки ишга жойлаштириш эмас, балки доимий иш ўринларини кўпайтириб, одамлар барқарор даромад манбасига эга бўлиши учун шароит яратмоқда. 

Бу борада мамлакатимизда тегишли тузилмалар фаолияти йўлга қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва меҳнат соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш маркази давлатимиз томонидан қўйилган вазифалар ижроси устида самарали фаолият олиб бормоқда. 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилингани юртимиздаги ҳар бир оила, ҳар бир инсон ҳаётига дахлдор бўлган юқоридаги каби ишлар яна кенг миқёс касб этишидан даракдир.  

Бу борада қўйилган вазифаларга тўхталар экан, мамлакат раҳбари асосий мақсад – одамларимизни доимий даромадли қилишдан иборатлигини алоҳида таъкидлади. Пули бор одам яхши кийиниш ва овқатланишга, сифатли таълим ва малакали тиббий хизматдан фойдаланишга, мазмунли дам олишга, бир сўз билан айтганда, фаровон яшашга интилади.

Қайд этилганидек, 2026 йилда “маҳаллада саноат ва хизмат” лойиҳаси орқали 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш учун 5 триллион сўм кредит берилади. Кредит фоизининг миллий валютада 10 фоизгача, хорижий валютада 4 фоизгача бўлган қисми Тадбиркорлик компаниясидан қоплаб берилади. Бунинг учун ҳам бюджетдан 400 миллиард сўм йўналтирилади. Натижада маҳаллаларда 100 мингта янги иш ўрни яратилади.

Ҳар бир маҳаллада 40 тадан микролойиҳани амалга ошириб, 360 минг аҳолини ишли қилиш учун маҳалла банкирлари ва ҳоким ёрдамчиларига 2026 йилда яна 7,5 триллион сўм ресурс ажратилади.

Ана шундай ишлар туфайли 2026 йилда 1 миллион одамни доимий иш билан таъминлаб, 181 минг оила камбағалликдан чиқарилиши, камбағаллик ва ишсизлик даражаси 4,5 фоизга туширилиши, камбағалликдан холи маҳаллалар сони 3,5 мингтага етказилиши алоҳида таъкидланди. 

Халқимизнинг фаровонлик даражасини оширишга қаратилган бу каби чора-тадбирлар амалда таъминланиши учун бор кучимиз, барча имкониятларни ишга солган ҳолда иш олиб борамиз. Зеро, Президентимиз эътироф этганидек, халқимиз эртага ёки яқин келажакда эмас, бугун бахтли яшаши керак.

Сардор Раҳмонов,

Камбағалликни қисқартириш ва меҳнат соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш маркази директори.

ЎзА