Сурхондарёнинг камбағаллик даражаси тўрт фоизга туширилади
Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиб, даромад олиши, бандлигини таъминлаши ва ҳаётини ўнглаб, тўкин турмуш кечиришига хизмат қилмоқда.

Сурхондарё вилоятида дастур жорий этилган ўтган йил 68 минг 800 камбағал оила рўйхатга олиниб, воҳанинг камбағаллик даражаси 10,5 фоизни ташкил этган эди. Йил давомида амалга оширилган ишлар вилоятда 11 минг 300 оилани камбағалликдан чиқариб, ҳудуднинг камбағаллик даражасини 7,9 фоизга туширди. Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Бандихон туманидаги Гулбоғ маҳалласида яшайдиган Ўктам Ражабов оиласига ҳудуддаги ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 15 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилиб, ердан оқилона фойдаланишга йўналтирилди. 25 сотих томорқасига булғор қалампири, помидор ва бақлажон экилди.

Айни кунларда томорқада пишиб, етилган озиқ-овқат маҳсулотлари пешма-пеш деҳқон бозорларида сотилиб, оилага яхши даромад келтирмоқда.
– Ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан олган маблағимизни шу йилнинг ўзида қайтариб, даромадга чиқамиз, – дейди Ў.Ражабов. – Ерга меҳр бериб ишлаган одам кам бўлмас экан. Оила аъзоларимиз билан экинга қалб қўримизни бериб, меҳнат қиляпмиз. Натижа ҳам шунга яраша бўлмоқда. Ёз фаслининг ўзида 50 миллион сўмдан ортиқ даромад олишни мўлжаллаяпман. Ҳосилдан бўшаган ерга эса иккинчи экин экиб, озиқ-овқат маҳсулоти етиштиришни режалаштиряпмиз.

Вилоятда йил якунигача 24 минг оилани камбағалликдан чиқариб, камбағаллик даражасини 4 фоизга тушириш мўлжалланмоқда. Бунинг учун камбағал оилаларга вилоят, туман, шаҳар ташкилот ва идоралари раҳбарлари, салоҳиятли тадбиркорлар бириктирилган.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири