Президент қарори – амалда
Бугунги кунда юртимизда аҳолининг барча қатлами, жумладан, кам таъминланган, ногиронлиги мавжуд, ёлғиз, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Бунда давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини бажармоқда.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ўрганилиб, эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш чоралари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Миролим Умаров Хатирчи туманининг “Галабек” маҳалласида истиқомат қилади. Турмуш ўртоғи Чинора Баҳромова билан биргаликда икки фарзандни тарбияламоқда. Маҳалладаги ижтимоий ходим Миролимнинг хонадонида бўлиб, оила шароитини ўрганди. Ягона саволнома асосида баҳолаб, ижтимоий портретини шакллантирди. Натижада оиланинг фаровонлигини таъминлаши учун бириктирилган раҳбар билан биргаликда ёрдам кўрсатилди.

– Турмуш ўртоғим ногирон, – дейди оила бекаси Чинора. – Маҳалладаги ижтимоий ходим оилавий шароитимизни ўргангандан кейин, бир қатор йўналишларда амалий кўмак кўрсатилди. Биринчи навбатда кичик фарзандим имтиёзли равишда мактабгача таълим ташкилотига жойлаштирилди. Хонадонимиз таъмирланиб, бир сотихли иссиқхона қуриб берилди. Оила аъзоларимиз чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, турмуш ўртоғимга ногиронлик гуруҳи белгиланди.
Мазкур маҳаллада яшовчи Жўрабек Абдуллаев эса бундан бир йил олдин қурилишда ишлаб, бахтсиз ҳодиса сабабли соғлигини йўқотган. Натижада 4 нафар фарзанд боқувчисининг бундай аҳволга тушиши молиявий қийинчиликларга сабаб бўлган. Ижтимоий ходим томонидан хатлов жараёнидан аниқланган оила “камбағал оилалар реестрига” киритилиб, уларга ёрдам кўрсатилди.
– Ижтимоий ходим келиб кетгандан кейин чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, ногиронлик гуруҳи белгиланди, – дейди Ж.Абдуллаев. – Қизим олий таълим муассасасида ўқийди. Унинг контракт пуллари тўлаб берилди. Шунингдек, турмуш ўртоғим Мўътабар Суюнова ҳам ҳудуддаги тикувчилик цехига ишга жойлаштирилди.
Хуллас, Юртбошимиз ташаббуси билан бошланган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бериб, эҳтиёжманд оилалар ижтимоий аҳволининг яхшиланишига сабаб бўлмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/sIYruuXVcW0?si=3AW_bqPCS5scr6oW" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, ЎзА мухбири