Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Камбағалликдан фаровонлик сари...
18:10 / 2024-10-21

Бугун Тошкентдаги “Renessans Hall” мажмуасида Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан “Камбағалликдан фаровонлик сари” мавзусидаги халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

Хорижий ҳамкорлар, жумладан, экспертлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари иштирок этган тадбирда камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги янги ёндашувлар муҳокама қилинди. 

Ҳаммамизга маълумки, сўнгги йилларда юртимизда камбағаллик билан курашиш мамлакат сиёсати устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. 2020 йилда “Кўп ўлчовли камбағаллик индекси” стандартлари ва халқаро тажриба ўрганилиб, бу борада Ўзбекистон методи ишлаб чиқилди ҳамда камбағаллик даражасини аниқлашнинг минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш усули жорий этилди. 

Тадбирда маҳаллаларда “Ҳоким ёрдамчиси” институти йўлга қўйилгани ва ҳар бир камбағал оиланинг индивидуал дастури ишлаб чиқилгани тўғрисида маълумотлар берилди. Бундан ташқари, камбағалликни қисқартиришда Хитой тажрибаси маҳаллийлаштирилгани, озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаш, сифатли ўрта таълим, тиббий хизматлар ва бошпана билан таъминлаш йўлга қўйилгани таъкидланди. 

Мулоқот давомида экспертлар камбағалликни аниқлаш ҳамда аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича иқтисодиётнинг ўзгаришига қараб, янги ёндашувлар жорий этилишига алоҳида эътибор қаратишди. 

Биринчидан, 2025 йил кўп ўлчовли камбағалликни аниқлаш мезонининг янги тизими жорий этилади. Бунда, камбағаллик фақатгина даромад ёки истеъмол билан белгиланмайди, балки, таълим, тиббий хизмат ва бошқа фуқароларнинг кундалик ҳаётига таъсир қиладиган мезонлар қамраб олинади. 

Иккинчидан, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалга оширилади. Келгуси йил мингта маҳалланинг инфратузилмасини ривожлантириш учун 3,2 триллион сўм ажратилади. 

Учинчидан, яна 50 минг гектар ер 100 мингта камбағал оилага бўлиб берилади. Жами 6 680 гектар ер майдонида “бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида юқори даромадли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича намунавий лойиҳалар амалга оширилади. Хитой тажрибаси асосида ердан уч хил даромад оладиган тизим жорий қилинади. 

Тўртинчидан, ижобий тажрибага эга 100 та энг самарали микролойиҳалар каталоги яратилади. Саноат кириб бормаган маҳаллаларда 2025 йил мингта, 2026 йил икки мингта қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва кичик ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади. 

Бешинчидан, ҳар бир камбағал оилада, айниқса, хотин-қизлар орасида олий маълумотлилар бўлишига алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун фоизсиз таълим кредитлари, грантлар ва бошқа молиявий ёрдамлар орқали қўллаб-қувватланади. 

Анжуманда иштирок этган хорижий делегация вакиллари мамлакатда камбағалликдан чиқиш йўлида амалга оширилиши кўзда тутилаётган лойиҳаларни юқори баҳолади. Мулоқот соҳа экспертларининг тақдимот – муҳокамалари билан давом этди. 

Б.Худойбердиев, А.Алижонов (фото), ЎзА