French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Камбағалликдан фаровонлик сари: Оқдарёда ишлар қандай бормоқда?
18:17 / 2024-10-11

Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатида камбағал оилалар сони 7475 тани ташкил этди.

Бу осмонга қараб ёки хонада ўтириб ёзилмаган аниқ рақам. Маҳаллаларда олиб борилаётган ўрганишлар, хатловлар натижасида бугун ҳар бир хонадон, оиланинг реал ҳолати маълум. Қайси оила қаердан, қандай йўл билан даромад топаётгани, қанақа қилиб рўзғор тебратаётганини фуқаролар йиғинидагилар яхши билади. Чунки, маҳаллада аввалгидек икки-уч киши эмас, “еттилик” ишлаяпти ва уларнинг ҳар бири аҳолининг қайси тоифаси билан ишлаши, ҳудудда қайси йўналишга масъуллиги аниқ белгиланган. Модомики маҳалладаги хонадонлар ҳолати фуқаролар йиғинига маълум экан, гап уларга тегишли идораларни жалб қилган ҳолда ёки мавжуд имкониятларни ишга солиб, ёрдам бериш, турмуш даражасини оширишга кўмаклашишда.

Аҳолини камбағалликдан чиқариш борасида айнан ана шу тартиб асосида иш олиб борилмоқда. Эндиликда бу ишлар яна ҳам такомиллаштирилади, сифат босқичига олиб чиқилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан шу йилнинг 11 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда ушбу йўналишдаги вазифалар белгилаб берилди. “Камбағалликдан фаровонлик сари” тамойили асосида иш олиб борилиши қайд этилди.  

23 сентябрь куни эса Президентимиз томонидан “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармон ҳамда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Еттита имконият ва масъулият тамойили асосида мамлакатимизнинг навбатдаги янги ёндашувлари ишлаб чиқилди.

Ана шу вазифалар, чора-тадбирлардан келиб чиқиб, Оқдарёда йил якунигача 560 та оилани камбағалликдан чиқариш белгиланган. Бу ишни амалга ошириш учун Президент қайд этганидек, ҳар бир раҳбарга бештадан оила бириктирилди. Шундай қилиб, Оқдарёда ҳам туман ҳокимидан бошлаб йирик тадбиркорлик субъектигача – 112 нафар масъул ишлайдиган оилалар аниқ.  

– “Камбағалликдан фаровонлик сари” тамойили асосида йил якунигача 560 та оилани камбағалликдан чиқаришимиз керак, – дейди Оқдарё тумани ҳокими Шерзод Қудратов. – Бу ишга шахсан раҳбарлар, тадбиркорлар масъул бўлди. Ўрганишлар натижаси асосида ҳар бир хонадон бўйича индивидуал дастур ишлаб чиқилган. Яъни оила аъзоларининг нечтаси ишсиз ёки имконияти чекланган, саломатлиги жойидами, қўлида ҳунари ёки касби борми, бандлигини таъминлаш имконияти қандай, томорқасидан фойдаланиш даражаси қай ҳолатда – шу ва бошқа саволлар асосида ишлар ташкил этилмоқда. Ҳозир ҳар бир масъул ўзига бириктирилган оилалар билан ишлашни бошлаган.

Жумладан, биринчи сектордаги 7 маҳаллада нечта камбағал оила борлиги, йил якунигача уларнинг қанчаси камбағалликдан чиқиши ҳисоб-китоби бор қўлимизда. Ўзимга ҳам сектор ҳудудидаги Янгиобод маҳалласидан бешта оила бириктирилган, яна 22 та оила ўринбосарим ва туман ташкилотлари раҳбарларига бўлиб берилган.

Шу пайтгача ҳар бир хонадонга кириб чиқдик, оила аъзолари билан гаплашиб, уларнинг дардларини, истакларини эшитдик. Шу асосида оилани камбағалликдан чиқариш учун ишсизларга иш таклиф этяпмиз, ногиронлиги бўлган ёки бемор кишиларни даволаш чоралари кўрилмоқда.

Аҳоли билан учрашувларда, хонадонларга кирганимизда уларга Хитойнинг камбағалликдан чиқиш тажрибаси ҳақида гапириб беряпмиз. Бир неча марта хизмат сафарларимиз давомда ўзимиз кўрдик, тадбиркорлар, оилалар вакиллари билан гаплашдик – хитойликларнинг камбағалликдан чиқиш тажрибасининг моҳияти ҳар бир инсоннинг меҳнат қилишида, ҳаётини, турмушини ўзи ўзгартиришга интилишида. Ётиб егангани тоғ чидамайди, қўлда берганга қуш тўймас, деган гаплар ҳикматга айланган шунчаки иборалар эмас, халқ ҳаётидан, турмуш тарзидан келиб чиқиб айтилган ва у барча халқларга хосдир. Хитойда ҳам бунга амин бўлдик. Меҳнат қилган, ҳаракатда бўлган одам тўқ ва фаровон яшаяпти. Тадбиркорга айланмоқда. Бизда ҳам бугун аҳолини камбағалликдан чиқариш учун давлат томонидан субсидия бериляти, бир неча дастурлар асосида имтиёзли кредитлар ажратилмоқда, меҳнат қиламан, деган оилаларга ер берилмоқда. Қўлида ҳунари йўқ кишиларга аввал касб-ҳунар ўргатилиб, иш билан таъминланяпти. Умуман, камбағалликдан чиқиш учун оилага “қармоқ” бериляпти, “балиқ” тутиш энди унинг маҳоратига, интилишига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Яқинда 9 ойлик фаолиятни сарҳисоб қилганимизда туманимизда 4700 нафар ишсиз фуқаро рўйхатга олингани маълум бўлди. Лекин уларни ҳам ишсиз дейиш нотўғри бўлади, аксарияти ишлаяпти, фақат норасмий тарзда меҳнат фаолияти билан банд. Уларни расман банд қилиш чоралари кўрилмоқда. Бугунги кунда туманимиздаги 230 дан ортиқ тадбикорлик субъектида 1,5 мингга яқин янги иш ўрни борлиги маълум бўлди. Бу иш ўринларининг ҳаммасида ҳам малака талаб қилинмайди, 2,5 миллиондан 4 миллион сўмгача ойлик иш ҳақи тўланади. Биргина Янгиобод маҳалласидаги 13 нафар тадбиркор қўшимча тарзда 17 кишини ишга олиш имконияти борлигини билдирди. Камбағал оилалар вакилларини ана шу тадбиркорлик субъектларида иш билан таъминлаш чораларини кўряпмиз.

Умуман, бугун камбағал оилага бириктирилган ҳар бир раҳбар индивидуал дастур асосида, “маҳалла еттилиги” билан биргаликда ишлаяпти. Белгиланган чора-тадбирларни сифатли амалга оширсак, албатта, йил якунигача 560 та оила камбағалликдан чиқади.

– Маҳалламизда 1620 хонадонда 6,5 минг аҳоли яшайди, – дейди Оқдарё тумани Янгиобод маҳалласи раиси Усмон Бошмонов. – Яқинда ўтказилган ўрганишларда 27 та камбағал оила аниқланди. Уларни камбағалликдан чиқариш учун яқинда Президентимиз томонидан ўтказилган йиғилишда айтилганидек, раҳбарлар бириктирилди, шунингдек, “маҳалла еттилиги” олдига вазифалар қўйилди. Шу пайтгача раҳбарлар ўзлари масъул бўлган хонадонларга бориб, оила вакиллари билан гаплашди, уларни иш билан таъминлаш, доимий даромад манбаи яратиш белгиланди. Уйда ўтирган аёлларни қўлидан келадиган ишларга йўналтириш, касб-ҳунарга ўқитиш белгиланди.

Масалан, туман ҳокимиги бириктирилган Шакарбой Қурбонов оиласининг даромади паст. Шакарбойнинг қўлида ҳунари бор, устачилик қилади, лекин хотини ишсиз. Оилада ёш болалар бор. Бу оилани камбағалликдан чиқариш учун мотокультиватор бердик, аёлга қўғирчоқ ишлаб чиқариш цехидан иш таклиф этилди, ҳозир бориб иш ўрганяпти. Тадбиркор оила бекаси ишни ўрганиб олгач, уйида туриб, касаначи сифатида ишлаши учун ҳам имконият яратиб беришини билдирди. Шунингдек, бу оила томорқадан ҳам самарали фойдаланиш, айни пайтда тўқсонбости экинлар экиш бўйича тавсиялар берилди.

Наби Қудратов оиласида фақат аёл киши мактабда фаррош бўлиб ишлайди. Лекин у тикиш-бичишга ҳам уқуви борлигини айтиб, субсидия асосида тикув машинаси олишда ёрдам сўради. Яқин орада бу масала ижобий ҳал этилади. Наби аканинг ўзини ҳам малака талаб қилмайдиган ишга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда.  

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, энди камбағалликни фақат пул тарқатиш, нафақа тўлаш билан ҳал қилиб бўлмайди. Бунинг учун камбағал оила аъзорларини ўқитиш, касбга ўргатиш ва иш билан таъминлаш муҳим. Айни пайтда хонадонларга масъул бўлган раҳбарлар, тадбиркорлар аҳолини камбағалликдан чиқаришда ана шу мезон асосида иш олиб бормоқда.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/IayXQRKQR4Q?si=7-nLNe-3Oc-wfBBt" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (видео), ЎзА мухбирлари